Денгиз чўчқаси ҳайвонлар орасида энг самарали овчи деб аталди
Дельфинларнинг қариндошларидан бири бўлган денгиз чўчқаси (Phocoena phocoena) ҳайвонлар орасида энг самарали овчи эканлиги аниқланди, деб хабар бермоқда Current Biology журнали. Бу денгиз сут эмизувчилари бир дақиқада 9 та балиқ тутишга қодир экан.
Даниянинг Орхусс университети олимаси Данута Висневска ва унинг ҳамкасблари бешта ёввойи денгиз чўчқаси танасига кичик компьютерлар ўрнатишди.
Эхолокация (денгиз чўчқалари ўз ўлжасини топиб, уни танийдиган шиқилдоқ овоз) товушларининг таҳлили денгиз чўчқалари балиқни қандай кўп тутиши ва ўлжаси ортидан сакрашлари қанчалик муваффақиятли бўлишини аниқлашга имкон берди.
Аниқланишича, денгиз чўчқалари балиқни кундузи ва кечаси соатига 550 тагача ва кўпинча минутига 10 тадан тутар экан. Овнинг муваффақияти 95 фоизгача етган, бу эса денгиз чўчқаларини жонзотлар орасида энг самарали овчилардан бири қилади. Ўлжани бунчалик жадаллик билан қидириш сут эмизувчилар совуқ сувда яшаши ва шунинг учун ўз ҳаёт тарзларини қўллаб-қувватлаб туриш учун деярли тўхтовсиз ейишларига тўғри келиши билан боғлиқ.
Олимлар денгиз чўчқаларини "сув ерқазарлари" деб аташди, чунки ерқазарлар ўзларидан икки баробар оғирроқ озиқа ейдилар ва эхолокациядан фойдаланадилар. Денгиз чўчқалари ов қиладиган балиқлар балиқчилик саноатини жалб этиш учун жуда кичик ўлчамга эга (5 см гача). Бироқ одамлар бу жонзотларнинг ҳаётига хавф солмоқдалар: кема двигателлари, сув ости кемалари сонарлари шовқини ва шунга ўхшаш товушлар эхолокацияни мураккаблаштиради.