Light | 14:40 / 01.06.2016
21931
3 дақиқада ўқилади

Қандай қилиб ишчанлик фаолиятини ошириш мумкин?

Стресс, нотўғри овқатланиш, уйқусизлик - бу кун бўйи ишлайдиган одамлар тез-тез бошидан кечирадиган ҳолатлар. Бу каби ҳолатлар инсоннинг иш унумдорлигига таъсир ўтказмай қолмайди, албатта. Ўзини лоҳас ҳис қилиш ҳолатларига хотирадаги муаммолар, яъни хаёлпарастлик, эслаб қолиш қобилиятининг пасайиши ҳам қўшилади. 

Бизнинг миямиз худди танамиз каби доимий машқларга эҳтиёж сезади. Аксарият ҳолатларда хотирадаги муаммолар айнан мунтазам машқларнинг йўқлигидан келиб чиқади. Машқ қилиш жараёни давомида мияда ижобий ўзгаришлар содир бўлади. Шундай қилиб, биз ақлий машқларни қанча кўп бажарсак, хотирамиз шунча кўп ривожланади. Шуниси эътиборга лойиқки, миямизнинг асосий душмани - ҳамма ерда бизга ҳамроҳлик қилувчи ҳар қандай гаджетлар, чунки уларга бизнинг миямиз амалга ошириши керак бўлган вазифаларнинг катта қисми юклатилган.

Агар маълумотларни эслаб қолишингизда муаммолар пайдо бўлса, у ҳолда атрофингиздаги гаджетлар сонини қисқартириш керак. Салбий таъсир қилувчи фойдали қурилмаларга мисол тариқасида оддий калькуляторни олишимиз мумкин. Бу қурилмага ишониб карра жадвални эсдан чиқариб улгурганлар қанча, гўёки бу эскирган одатдек. Миямиздаги ёдда сақлаш ва маълумотни топиш каби функцияларни енгиллаштириб, биз ўзимизнинг ақлий салоҳиятимиз пасайишига сабабчи бўлиб қоламиз. Шу боис унча мураккаб бўлмаган математик мисолларни ечиш, яқин кишиларимиз, дўстларимиз ва ҳамкасбларимизнинг телефон рақамларини эслаб қолиш мияни машқ қилишда жуда муҳим аҳамият касб этади. 

Интеллектуал қобилиятларимизни янада яхшилаш учун турли бошқотирмалар, мия иштирокини талаб қилувчи ўйинлар ўйнаш тавсия этилади. Телевизор кўриш ўрнига китоб ўқинг, чунки айнан мутолаа диққатни бир жойга жамлаш каби муҳим хусусиятни ривожлантиради. Бирор бир чет тилини ўрганиш ҳам хотирани мустаҳкамлаш учун жуда фойдалидир. Мияни машқ қилдиришнинг асосий принципи керакли маълумотни таҳлил қилиш ва уни сақлаб қолишга асосланади. 

Бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни амалга оширишнинг зарарли томонлари ҳам борлигини инобатга олиш зарур. Ўз вақтида дам олиш - меҳнат фаолиятининг ажралмас ва муҳим қисми. Ҳар 4 соатда 15 дақиқача дам олиш мия учун жуда фойдалидир. Уйқусизликни бартараф қилиш учун эса ҳар куни бир вақтда ухлашга ётиб, бир хил вақтда туриш муҳим аҳамиятга эга. 

Ақлий машқлар ва кун тартибига риоя қилишдан ташқари соғлом турмуш тарзига амал қилиш керак. Нафақат мия фаолияти, балки бутун организм учун "А", "В", "Е" ва "D" гуруҳ витаминларини қабул қилиш, шу билан бирга мунтазам жисмоний машқлар бажариш инсонни тетиклаштиради ҳамда унинг иш фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.