Жаҳон | 18:14 / 01.06.2016
15266
7 дақиқада ўқилади

Швейцариянинг Альп тоғида жаҳондаги энг узун темир йўл туннели очилди

Кўпчилик авиация тараққий этаётгани боис темирйўл транспортига эҳтиёж қолмаяпти деган хаёлга бориши мумкин. Аммо бундай эмас. Темир йўл ўз мавқеини осонликча топшириш ниятида эмас. Буни 1 июнь куни очилган дунёдаги энг узун темирйўл туннелининг ишга туширилишида яққол кўришимиз мумкин.

1 июнь куни темир йўл тарихида оламшумул воқеа юз берди. Жаҳонда энг узун бўлган темир йўл туннели очилди. Узунлиги 57 километрни ташкил қилувчи мазкур иншоот Швейцариянинг Альп тоғи ҳудудида фойдаланишга топширилди. Эндиликда Германиядан Швейцария орқали Италияга бориш вақти бир соатга қисқарадиган бўлди. Лойиҳа қиймати 12 миллиард еврога тенг экани айтилаётган ер ости йўлининг очилиш тадбирида Швейцария президенти Йоҳанн Шнайдер-Амманн, Франция президенти Франсуа Олланд, Германия канцлери Ангела Меркель ва Италия бош вазири Маттео Ренци хамда Европадаги бир қатор давлатларнинг транспорт вазирлари ҳам иштирок этди.

Альп тоғи остидан туннел қуриш ғояси илк бор 1947 йилда илгари сурилган эди. Бироқ лойиҳа бир қатор техник муаммолар билан тўқнаш келди. Орадан 50 йил ўтиб, Швейцария матбуоти ёзаётганидек “аср қурилиши” бошланди. 17 йил давом этган қурилиш бюджети 12,1 миллиард швейцария франкини ташкил қилади. Бу 12 миллиард евро демакдир. 

Лойиҳанинг биринчи варианти 1962 йилда яратилган бўлиб, дастлаб туннелнинг узунлиги 45 километрни ташкил қилиши белгиланган эди. Биринчи скважиналарни бурғилаш 1993 йилда, тайёргарлик ишлари 1996 йилда, асосий ишлар 2001 йилда, тупроқнинг олиниши 2003 йилда бошланган. Қурилиш ишларига бир вақтнинг ўзида 2,5 мингга яқин ишчи жалб қилинди. Ер ости йўлини қазиш ишлари икки томондан олиб борилди. Қазиш ишлари шимолда Эрстфельдадан, жанубда эса Бодиодан бошланган. Икки томон 2010 йилда учрашди.

Готард темир йўл туннели уч қисмдан иборат. Асосий иккита қисмидан поездлар ҳаракатланади. Учинчи туннел фавқулодда вазиятлар юз бергудек бўлса, йўловчиларни хавфсиз жойга олиб чиқиш учун мўлжалланган. Ғарбий туннелнинг узунлиги 56,9 километр, шарқий туннел — 57 километрдан иборат. Туннелнинг хизмат ва йўловчилар юриши учун мўлжалланган йўлаклари билан умумий узунлиги 153,4 километрни ташкил қилади. Трасса минимал даражадаги кўтарилишлар, тушишлар ва кескин бурилишларсиз лойиҳаланган. Бу поездларга соатига 250 километр тезлик билан юришга имкон беради. Швейцария темирйўлар компанияси Биаска ва Эрстфельд шаҳарларида фавқулодда вазиятлар юзага келганда ёрдам кўрсатадитган икита техник хизмат кўрсатиш марказини қурди. Туннел ичида иккита кўп вазифали темир йўл станцияси мавжуд бўлиб, улар авария, таркибларни алмаштириш вақтида ишлатилиши мумкин. Туннел орқали тез юрар йўловчи поездлари соатига 250 километр тезликда, юк поездлари эса 160 километр тезликда ҳаракатланади. Бу дегани йўловчилар Эрстфельдадан Бодиогача 20 дақиқада етиб олишларини англатади. Бу туннел чуқурлик бўйича ҳам рекорд кўрсаткичга эга. Унинг баъзи жойларини тоғ юзасидан 1,6 километрлик масофа ажратиб туради. Туннел тоғ дарёлари ва ҳаттоки гидроэлектростанциялар остидан ўтади. 1 июнь куни туннел орқали биринчи поездлар ўтган бўлса, 2017 йилнинг январидан йўл тўлиқ фойдаланишга туширилади.

Поездлар ҳаракати декабрь ойида бошланади. Унга қадар техник синовлар ўтказилади. 2020 йилга бориб бир кунда Цюрих ва Луганони боғловчи бу туннелдан 15 минг киши фойдаланади.

Туннел Альп тоғи ҳудудида ҳавонинг ифлосланиши даражасини камайтиришга ёрдам беради ва йўлларда тирбандлик келтириб чиқарувчи юк транспорти муаммосини ҳал қилади. 2020 йилга қадар туннел орқали 210 мингта юк машинаси ўтиши кутилмоқда. Кунига туннел бўйлаб 200-250та йўловчи ва юк поезди ўтади.

Туннелни қазишда иккита бурғилаш қурилмаси қўлланган. Умумий ҳисобда 28,2 миллион тонна тоғ жинси қазиб олинди. Қазиб олинган тоғ жинсларидан бешта Ҳеопс эҳроми қуриш мумкин бўлади. Готард туннели ер юзидаги энг узун ва шу билан бирга энг чуқур иншоот дея тан олинди.

“Аср туннели” очилиш тадбирига мингдан ортиқ меҳмон таклиф қилинди. Тадбирни ёритиш учун оммавий ахборот воситаларининг 300дан ортиқ вакили аккредитациядан ўтди. Янги туннелдан биринчи бўлиб 1000дан ортиқ швейцариялик фойдаланди. Поллежо шаҳридан Эрстфельда шаҳрига борувчи поездга чипталар миллий телевидение орқали ўйналган лотерея орқали берилди. Умумий ҳисобда 140 мингдан ортиқ киши туннелдан ўтувчи поезднинг биринчи йўловчилари бўлишга хоҳиш билдиришган.

Байрам тадбирлари июнь ойида Швейцариянинг Арау, Бёрн, Базель, Женева, Винтертура ва Цюрихдаги темир йўл бекатларида бўлиб ўтади. Барча хоҳловчилар 4-5 июнь кунлари махсус поездларда жаҳондаги энг узун туннел бўйлаб сайр қилишлари мумкин. 30 еврога баҳоланаётган чипталарни Швейцария темир йўллари сайтидан харид қилиш мумкин.

Оламшумул ҳодиса муносабати билан Швейцарияда Готард туннелига бағишланган икки хил танга зарб қилинди. Олтин тангалардан май ойида 4,5 мингтаси зарб қилинган. Кумуш тангалар эса аввалроқ, яъни январь ойида беш минг дона зарб қилинган эди.

Аҳолиси 8 милион 325 минг кишидан иборат Швейцария лойиҳани амалга ошириш учун катта ишларни амалга оширди.

Мустақил тараққиёт йўлини танлаган Ўзбекистонда ҳам бу каби лойиҳаларга катта аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, куни кеча, Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл участкасидан тажриба тартибида биринчи поезд ўтди. Темир йўлнинг "Қамчиқ" туннели ичидаги 11-километрида рельслар туташтирилган. Поездларнинг туннел орқали доимий ҳаракати июнь ойининг охирида бошланиши режалаштирилган. Ангрен-Поп темир йўли 123,1 километр узунликка эга бўлиб, бу масофанинг 19,1 километрлик қисми туннелдан иборат. Туннелдаги бурғилаш ишлари Хитойнинг China Railway Tunnel Group компанияси билан ҳамкорликда, пўлат полотнони ётқизиш ишлари эса «Ўзбекистон темир йўллари»нинг ўз кучи билан амалга оширилди. Айни пайтда лойиҳанинг якуний босқичи — муҳандислик ишларини йўлга қўйиш ва йўлни электрлаштириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Шарофиддин Тўлаганов