Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Сенга инсоф берсин учинчи одам” деган сатрлари эсингиздами? Шоир гоҳида одамларни бир-бирига қарши қайровчи, гоҳида уларни яраштирувчи учинчи одамга инсоф тилайди. Бугунги кунда жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни кузатар экансиз, шоирнинг юқоридаги сатрлари яна бир бор беихтиёр ёдга тушади.

Кеча ким ўйлаган эди Россия-Туркия орасидан ола мушук ўтади, деб. Кеча ким ўйлаган эди НАТО аъзоси бўлмиш Туркиянинг Европа мамлакатлари билан алоқасига дарз кетиш юз беради деб.

Туркия атрофида саволлар кун сайин кўпайиб бормоқда.

Балки Туркия атрофидаги барча муаммоларнинг ортида "учинчи одам" турмаганмикан?

2001 йил 11 сентябрда даҳшатли террор ҳодисаси юз берди. Шундан сўнг Афғонистонда “Толибон”га қарши уруш бошланди. Орадан икки йил ўтиб Ироқда Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилди. Кейинчалик Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқлиги аниқ бўлди. 2011 йилда эса “Араб баҳори” бошланди. Бунинг оқибатида минтақада энг кучли бўлган араб мамлакатлари пароканда бўлди. Ливия бўлакларга бўлинди, Миср нисбатан кучсизланди. “Эҳромлар мамлакати”га сайёҳларнинг келиши кескин камайиб кетди. Куни-кеча АҚШ раҳбари Ливиядаги уруш нотўғри бўлганини тан олди. 1998 йилги молиявий инқироз Индонезия ва Малайзияни кучсизлантирди. Шу тариқа мусулмон дунёсида кучли давлат сифатида фақат Туркия қолди.

Аммо ўтган йилнинг ноябрида Туркия томонидан Россия ҳарбий самолёти уриб туширилгач, бу мамлакат иқтисоди ортга кета бошлади. Чунки Россия ўз сайёҳларини Туркияга юбормай қўйди. Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ деярли тўхтатилди. Бу, ўз навбатида, ҳар икки мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Мана энди Туркиянинг энг ишонган ҳамкорларидан бири бўлмиш Германия парламенти турклар томонидан арманилар геноцид қилинган, деган қарор қабул қилди.

Германия парламентининг 630 нафар аъзосидан бир депутат қарши чиқиб, бир нафари бетараф қолган ҳолда қабул қилган қарорини Туркия расмийлари “асоссиз ва масъулиятсиз” деб атади. Германиянинг Анқарадаги элчиси Мартин Эрдманн ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилди. Берлиндаги Туркия элчиси Ҳусайн Авни Карслиўғли маслаҳатлашув учун Анқарага чақириб олинди.

Бугунги кунда Германия билан қўшиб ҳисоблаганда 29та давлат, жумладан, Россия, Франция, Австрия, Бельгия, Греция, Италия, Люксембург, Ватикан, Нидерландия, шунингдек, Европарламент, Европа Кенгаши ва Жаҳон Черковлар Кенгаши арманилар геноцид қилинганини тан олади. Бундестаг қабул қилган резолюция “1915-16 йилларда арман ва бошқа христиан озчилигини геноциди тўғрисидаги хотира” деб номланади.