Тошкентда қайта тикланувчи энергия масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Тошкентда “Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш қонунчилиги ва амалиёти: миллий ва хорижий тажриба” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Тадбир Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи, Ташқи ишлар, Иқтисодиёт вазирликлари, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Фанлар академияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари аъзолари, вазирлик ва идоралар, дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Латвия, Россия, Чехия каби мамлакатлардан олимлар, мутахассислар иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили С.Приснер, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг катта маслаҳатчиси Ханс Ульрих Им ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда энергия мустақиллигини мустаҳкамлаш, экологик соф технологияларни ҳаётга жорий этиш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш ва бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистонда қайта тикланувчи, яъни қуёш, шамол, биогаз энергиясидан фойдаланиш кўлами тобора кенгайиб бораётир. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан, аввало, қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича кўплаб илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб борилаётир. Бу жараёнда Ўзбекистон Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг алоҳида ўрни бор. Мазкур бирлашма негизида муқобил энергия соҳаси равнақи йўлида муҳим аҳамиятга эга илмий салоҳиятни янада юксалтириш мақсадида Халқаро қуёш энергияси институти ташкил қилинди. Қатор олий ўқув юртларида ушбу соҳа учун малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Халқаро давра суҳбати иштирокчилари гелиоэнергетика мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналиши эканини қайд этди. Бинобарин, серқуёш юртимизда йилнинг қарийб 300 кунида қуёш чарақлаб туради. Ўзбекистон ялпи қуёш энергиясининг йиллик салоҳияти 51 миллиард тоннадан ортиқ нефть эквивалентига тенг. Ўзбекистонда кичик қувватли қуёш фотоэлектрик станциялари, шамол-қуёш электр станциялари, қуёш нуридан фойдаланган ҳолда иссиқ сув таъминоти тизимлари ишга туширилгани халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Тадбирда шамол энергияси, геотермал ресурслар, кичик гидроэлектростанцияларни ривожлантириш бу борада муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Анжуманда Ўзбекистонда муқобил энергетика соҳасидаги ишларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш, соҳада замонавий ускуна ва қурилмаларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бу борада хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашиш, муқобил энергия олишнинг янги технологияларини татбиқ этиш жараёнига фуқаролик жамияти институтларини янада кенг жалб қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.