Саудия Арабистони иқтисодиётида ўзгаришлар бошланди
Саудия Арабистони 2020 йилга бориб давлат секторидаги меҳнатга хақ тўлаш жамғармаси ва субсидияларни қисқартириш лойиҳасини маъқуллади.
Душанба куни Подшоҳлик Вазирлар Маҳкамаси “Истиқбол-2030” (Vision 2030) деб номланган миллий дастурни қабул қилди. Маълумки, апрель ойидаёқ тахт вориси, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон давлат тармоғидаги ойлик маошларга ажратиладиган ҳаражатларни 2020 йилга бориб 40 фоизга қисқартириш таклифини илгари сурган эди. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон отаси подшоҳ этиб тайинланиши биланоқ, Иқтисод ва Тараққиёт Кенгашига раҳбарлик қила бошлади. Бу Кенгаш ўтказилаётган ислоҳатларни назорат қилиб боради.
Кузатувчиларнинг фикрича, нефтдан келадиган даромадларнинг қисқариб кетиши туфайли шаҳзода Муҳаммад бин Салмон зарур чора-тадбирлар кўришга мажбур бўлди. У давлат секторида янги иш ўринлари яратиш йўлида нефтдан тушадиган даромадлардан фойдаланган аввалги раҳбарларнинг йўлидан бормасликка қарор қилди. Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Saudi Aramco компаниясининг ҳиссаларни сотишга ва жаҳонда энг йирик бўлган Суверен жамғарма тузиш режасини эълон қилди. Шу тариқа хукуматнинг саҳийлигига нуқта қўйилади.
Эндиликда Саудия Арабистони фуқоролари хусусий сектордан иш қидиришга мажбур бўлади. Айни дамда давлат тармоғида аҳолининг учдан бир қисми меҳнат қилади. Бу ҳақда Миллий дастурни тақдим қилган Давлат хизмати масалалари бўйича вазир Холид бин Абдуллоҳ ал-Арай маълум қилди. Унинг фикрича, аҳоли ҳамон ишончли иш ўрни ва узоқ муддатли таътил берувчи давлат секторида ишлашни афзал кўради.
“Истиқбол-2030” лойиҳасига кўра, 2020 йилга бориб Саудия Арабистони хусусий секторида 450 мингта иш ўрни яратилиши керак. Шунингдек, бир қатор тармоқлар, жумладан, соғлиқни сақлаш тизими модернизация қилинади. Табиий газ қазиб олиш икки баробар кўпайтирилиши кўзда тутилган. Подшоҳлик хотин-қизлар меҳнатидан фойдаланишни 23 фоиздан 28 фоизгача кўпайтиришни режалаштирмоқда. Давлат секторида ишловчи аёллар сони ҳам 39,8 фоиздан 42 фоизгача кўпайтирилади. Кузатувчиларнинг фикрича, сўнгги 10 йилликда Саудия Арабистонида хотин-қизлар мақоми анча юқорига кўтарилди. Хусусий секторда янги иш ўринларини яратиш учун Саудия Арабистонининг иқтисодиёти қайта қурилиши керак. Айни шу иш амалга оширилмоқда. Бу беш йил давом этадиган жараён эмас. Бунинг учун йиллар керак бўлади. Бироқ жараён бошланди.
Бу дастур халқаро ҳамжамиятнинг эътиборига тушди. Дастурга кўра подшоҳлик иқтисодиёти тубдан қайта қурилади. Нефтга қарамликка барҳам берилади. Айни дамда дастурнинг айрим бандлари ҳаётга татбиқ этила бошланди. Шарҳловчилар “бу каби ислоҳатлар нефть нархининг пасайиб кетишини кутиб турмай, аллақачон бошланиши керак эди”, деган фикрларни айтишмоқда. Маълумки, сўнгги 18 ой давомида “қора олтин” нархининг икки баробар пасайиб кетиши нефть бозорида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлди. Шу сабабли ҳам подшоҳлик 2030 йилгача бўлган муддатга мўлжалланган истиқболли лойиҳани қабул қилар экан, мамлакат иқтисодий ва молиявий тақдирини ўз қўлига олди.
Лойиҳага кўра, нефтга боғлиқ бўлмаган даромадлар кўпайтирилади. Яъни, коммунал ва бошқа хизматлар учун солиқлар оширилади. Подшоҳликка келувчи меҳмонлардан тушадиган даромадларнинг ҳам кўпайтирилиши кўзда тутилмоқда.
Иккинчидан давлат томонидан молиялаштириладиган инвестиция дастурлари қайта кўриб чиқилади, ҳаражатлар камайтирилади, субсидиялар қисқартирилади. Хориждан қурол-аслаҳа сотиб олиш ҳам камайтирилади. Саудия Арабистонининг валюта заҳираси жаҳонда энг кўп бўлишига қарамай нефть нархининг тушиб кетиши подшоҳлик иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани аниқ.
Шарҳловчиларнинг айтишича, Vision 2030 дастурини ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида подшоҳликда кўп иш қилишга тўғри келади. Бунинг учун амалга ошириладиган ишлар тўлалигича мувоффиқлаштирилиб турилиши керак.
Саудия Арабистони иқтисодиётини қайта тузиш борасидаги оламшумул лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилишини нафақат Форс кўрфазидаги араб давлатлари Ҳамкорлик Кенгашига аъзо беш мамлакат, балки кўплаб мамлакатлар кузатиб бораётгани аниқ. Чунки Подшоҳлик иқтисодиётини қайта қуришга муваффақ бўлгудек бўлса, шу каби муаммолар билан тўқнаш келаётган бошқа мамлакатлар ҳам ундан ўрнак олиши аниқ.
Шарофиддин Тўлаганов