Жамият | 15:06 / 11.06.2016
8998
2 дақиқада ўқилади

ЎзДЖТУда АКТ соҳасининг чет тилларни ўқитиш жараёни келажаги кўриб чиқилди

Қачон маҳаллий университетларимиз жаҳон даражасидаги масофавий ўқитиш тизимига эга бўлади? Мультимедиялашган синфхоналарни ривожлантиришда мутахассислар қандай ютуқларга эришди? Яна қандай масалалар режада турибди? Ниҳоят таълимни ахборотлаштириш бўйича барча ҳаракатлар ва лойиҳалар қандай амалга оширилади? 

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган конференция хоржий тилларни ўқитиш соҳаси мутахассислари, олий таълим муассасаларининг кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар ва барча қизиқувчилар учун юқоридаги саволларга жавоб олишларида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Республика инновацион илмий-амалий маркази томонидан ташкил этилган анжуман давомида хорижий тиллар йўналишининг кўзга кўринган мутахассислари натижаларнинг чуқур таҳлилига бағишланган тақдимот ва тил ўрганиш жараёнини компьютерлаштириш масаласидаги маърузалари билан иштирок этишди.

Инновацион илмий-амалий маркази эксперти Алишер Абиджанов Ўзбекистонда масофавий таълимни кенгайтиришнинг муҳим аспектларига тўхталиб ўтган бўлса, марказнинг мультимедия бўлими раҳбари Муқаддас Огай таълимнинг барча босқичларида АКТ ва мултимедия воситаларининг ролини ошириш бўйича қилинган ишлар ҳақида маъруза қилди.

Унинг сўзларига кўра, онлайн дарслар тенглик ҳуқуқини таъминлаган ҳолда узоқ-узоқ ҳудудлардаги ўқувчиларга ҳам зарур билим ва кўникмаларни эгаллашга имконият ҳозирлайди.

Шунингдек, бу каби дарслар ўқитувчиларнинг ногирон талабаларни масофадан ўқитишларида ҳам қўл келади.

Фотолар муаллифи: Madina Nurman