Ар-Риёд қурол-аслаҳа бозорида охирги 10 йил ичидаги максимал ўсишни келтириб чиқарди
2015 йилда қурол-аслаҳа жаҳон бозори охирги 10 йил ичида максимал кўрсаткичга эришди, деб хабар бермоқда IHS Global Defence Trade Report ҳисоботига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, қурол-аслаҳа бозорининг асосий ўсиши Саудия Арабистони томонидан харидларнинг кескин ошиши сабабли юз берди. Шу билан бирга Яқин Шарқ ва Жануби-шарқий Осиё давлатларининг кўпчилигида қурол-аслаҳага талаб ошди.
IHS тадқиқотларига кўра, 2015 йилда қурол-аслаҳа жаҳон бозори ҳажми 2014 йилдагидан 10 фоизга кўпроққа ўсди ва 65 млрд долларни ташкил қилди. Саудия Арабистони ўтган йили F-15 қирувчи самолётлари, Apache вертолётлари сотиб олди. Бундан ташқари, қироллик армияси учувчисиз парвоз қурилмалари, юқори аниқликдаги қурол ҳамда кузатиш ускуналари билан тўлдирилди.
2015 йил натижаларига кўра, Саудия Арабистони қурол-аслаҳа импорти ҳажми бўйича дунёда 1-ўринни эгаллади. Шу билан бирга Ар-Риёднинг умумий қурол-аслаҳа импорти ўтган йили 50 фоизга, яъни 9,3 млрд долларгача ошди. 2015 йилда қурол-аслаҳа харид қилиш бўйича 2-ўринни Ҳиндистон, 3-ўринни Австралия эгаллади.
2015 йил мартида Россия қурол-аслаҳа экспорти бўйича АҚШдан кейин 2-ўринни эгаллади.