Жамият | 17:13 / 14.06.2016
5044
2 дақиқада ўқилади

Илм - тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч

Илмий изланишлар давлатимиз томонидан доим қўллаб-қувватланиб келинади. Олимларнинг қўлга киритган ютуқларини ишлаб чиқаришга жалб қилишда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технология тараққиёти қўмитаси фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан дастурлар ишлаб чиқилади, янгиликларнинг устувор йўналишлари белгиланади. Қўмита томонидан танлаб олинган 465та лойиҳага деярли 27 миллиард сўм давлат гранти ажратилди. Тадқиқотчилар 116та патентга эга бўлишди, компьютер дастурий таъминоти бўйича 44та гувоҳнома қўлга киритилди. 

"Бу йил маҳаллий табиий ресурслар асосида дори ва косметика воситаларини ишлаб чиқаришнинг юқори самарали технологиясини таклиф қилиб, грантга сазовор бўлдик. Алоэдан тайёрланадиган "Сабур" биологик фаол қўшимчаси ҳозирда ишлаб чиқариш жараёнида, бу маҳсулот организмдаги моддалар алмашинувини яхшилаш, ошқозон-ичак касалликларида иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бугунги кунда шу ўсимлик асосида 30дан ортиқ дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда", - дейди А. Султанов номли Кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти ходимаси Шаҳноза Ҳожиакбарова. 

Ўзбекистоннинг энергия соҳасини ривожлантириш тадқиқотчиларнинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети энергетика йўналишидаги юқори тоифали мутахассисларни тайёрлайди. 

"Университетимиз қошида "Энергияни тежаш ва унинг қайта тикланувчи манбалари" номли замонавий илмий-тадқиқот лабараторияси яратилган. Бу ерда назарий ва амалий тадқиқотлар амалга оширилади ҳамда уларнинг натижалари энергетика соҳасида қўлланилади. Бугунги кунга келиб энергиянинг самарадорлигини оширишга бағишланган илмий изланишлар кўпаймоқда. Биз таклиф қилган технологиямиз бўйича бир неча патентларни қўлга киритдик", - дейди ТДТУ профессори Муродилла Муҳаммадиев.

Кўриб турганингиздек, олий ўқув муассасалари иқтисодиётдаги долзарб муаммоларнинг ечимига йўналтирилган илмий тадқиқотлар ўтказилувчи платформага айланмоқда. Бунинг натижасида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси амалга оширилмоқда.