Жаҳон | 12:29 / 15.06.2016
6392
2 дақиқада ўқилади

МРБ қўлга олиш ва сўроқ қилиш усулларига оид янги ҳисоботини эълон қилди

АҚШ марказий разведка бошқармаси Ахборот эркинлиги Қонунига асосланган ҳолда, махфийлик тоифасидан олинган 50 та ҳужжатлар тўпламини эълон қилди. Улар ҳибсга олиш ва сўроқ қилиш услубларига оид, деб ёзади Politico газетаси. 

Жумладан, улардан бирида ходимлар сўроқ қилиш усуллари хусусидаги хавотирларини ёзма равишда хабар қилиши мумкин эмаслиги таъкидланган. 

Ошкор қилинган саҳифаларнинг бошқасида, ходимлардан бири "ишларнинг ҳозирги ҳолати борасида жиддий шубҳаларга боргани сабабли" сўроқ қилиш дастурида бошқа қатнашиш нияти йўқлигини ва истеъфога чиқишни режалаштираётганини билдирган. 

Бундан ташқари, 2002 йил ноябрь ойида МРБнинг Афғонистондаги қамоқхонасида ҳалок бўлган Гуля Раҳмоннинг ўлимига оид ички текширувлар натижаси ҳам эълон қилинган. Унга кўра, маҳбус минус даражали ҳарорат бўлишига қарамай, битта футболкада камера деворига суяб қўйилганидан ҳаётдан кўз юмган. 

Нашрнинг таъкидлашича, ҳужжатларнинг катта қисми жиддий таҳрир қилингани аниқ. 

Шу билан бирга, МРБ тиббий ходимининг сўроқ қилиш дастури хусусидаги фикрларидан махфийлик тамғаси олинмаган. 

Аввалроқ, МРБ «тўсатдан» бошқарма қўллайдиган зўравонлик ва мажбурлашларга оид муҳим ҳужжатини йўқ қилиб юборган эди.