Семиз кишиларнинг мия фаолиятида бузилишлар аниқланди
Вашингтон университети тадқиқотчилари семиз кишиларнинг мияси ширин маҳсулотлардан роҳатланиш ҳиссини кучайтириб, соғлом кишиларникига нисбатан бошқача ишлашини аниқлашди. Бунга моддалар алмашинувидаги бузилишлар сабаб бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Мазкур тадқиқот натижалари Diabetes журналида нашр қилинган.
Одамлар ёши ўтган сайин ширинликларни камроқ истеъмол қила бошлашади. Бундан ташқари мия соҳасида дофамин рецепторлари камаяди. Бу эса ёқимли ҳис-туйғулар учун жавобгар мукофотлаш тизимига катта таъсир ўтказади. Бироқ олимлар семизликдан азият чекувчи кишиларда вазият бошқача эканлигини аниқлашди.
Тадқиқотчилар 20 нафар соғлом вазнли кишиларни ўрганиб чиқиб, уларни тана массаси индекси 30дан юқори бўлган 24 нафар кўнгилли билан таққослашди. Иштирокчилар шакар концентрацияси турлича бўлган ичимликларни олишган, шунингдек дофамин рецепторлари фаоллигини аниқлаш учун позитрон эмиссия томографиясидан ўтишган. Натижалар шуни кўрсатдики, соғлом иштрокчиларда дофамин рецепторлари сони ва ширинлик истеъмоли ўзаро боғлиқ бўлса, семизликдан азият чекувчи кишиларда бундай боғлиқлик кузатилмаган.
Олимлар бу ҳолатни семиз кишиларда инсулинга резистентлик бўлиши мумкинлиги ҳамда ёш, дофамин рецепторлари фаоллиги ва шакарни хуш кўриш ўртасидаги боғлиқликка таъсир кўрсатиши эҳтимоли бўлган бошқа метаболик ўзгаришлар билан изоҳлашди. Тадқиқотда қатнашган ортиқча вазнли иштирокчилар орасида диабетга чалинганлар бўлмаган бўлса-да, уларнинг баъзиларининг қонида глюкоза ва инсулин юқори концентрацияда эканлиги аниқланган. Тадқиқотчиларнинг тахминига кўра, бу омиллар миядаги мукофотлаш тизимга қандайдир таъсир кўрсатиши мумкин.