Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”га киритиш масаласи фракциялараро қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (интернетдаги манзили www.lex.uz) га норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этишнинг расмий манбаи мақомини беришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди. Қонун лойиҳаси фракциялараро қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасининг ахборот соҳасида ахборот тизимларини бирлаштирувчи миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш вазифаси белгиланган.
Ушбу йўналиш ҳар доим партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси эътибор марказида туради. Миллий ахборот маконини ривожлантириш масаласи партия томонидан ташкил этилаётган ва экспертлар, ахборот соҳаси мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилаётган кўплаб тадбирлар давомида муҳокама этилаётган устувор мавзу ҳисобланади.
Партия аъзолари ахборот соҳасига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича турли ишчи гуруҳлар таркибида фаол иштирок этиб келмоқда.
Миллий ахборот тизимларини ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган қонун лойиҳасининг навбатдаги қизғин муҳокамаси Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси мажлисида бўлиб ўтди. Ушбу мажлис доирасида ЎзХДП ва “Адолат” СДП фракциялари депутатлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси чуқур таҳлил қилинди. Тақдим этилган қонун лойиҳаси концепцияси “Қонунчилик ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”га меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этишнинг расмий манбаи мавқеини бериш ғоясига асосланган. Бу эса қонун лойиҳаси ташаббускорлари фикрича, ҳуқуқни қўллаш самарадорлигини ошириш ҳамда фойдаланувчиларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан тезкор фойдаланишига хизмат қилади.
Йиғилишда сўзга чиққан депутатлар қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни барча аҳоли қатламларига кенг етказиш тизимини жорий этиш, унинг фаолият юритишининг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш долзарб вазифа эканлигини таъкидладилар.
Қонун лойиҳасининг ижобий жиҳатларини алоҳида таъкидлаш билан бир қаторда мазкур қонун лойиҳаси айнан ҳозирги ҳолатда қабул қилинса, қонун лойиҳасидан кўзланган мақсадларга эришилмайди.
Қонун лойиҳаси, авваламбор, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган тартибда эълон қилинмасдан туриб амалда қўлланилишига йўл қўйилмаслигига оид конституциявий кафолатларни амалга оширишга қаратилган бўлиши керак, деб ЎзХДП ва “Адолат” СДП фракцияси депутатлари қайд этишди.
Ҳақиқатан ҳам, ЎзХДП ва “Адолат” СДП Платформаларида аҳолини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари билан таништириш учун тегишли тармоқ ресурсларидан фойдаланишини таъминлаш (ЎзХДП), ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш юқори даражаси, фуқароларга интерфаол давлат хизматларини кўрсатиш (“Адолат”) масалалари кўзда тутилган.
Аммо, улар томонидан таклиф этилган қонун лойиҳаси таҳрири мазкур партияларнинг эълон қилинган дастурий мақсадларига тўлиқ мос келмайди. Жумладан, қонун лойиҳаси ташаббускорлари томонидан қонуннинг кучга кириш муддати асоссиз равишда давомли, яъни 12 ой этиб белгиланган. Экспертлар фикрича, Қонунчилик ҳужжатлари маълумотлар миллий базасини яратиш ва юритиш лойиҳасининг 10 йилдан ортиқ амалиёт тажрибаси мазкур қонуннинг кучга кириши учун қисқароқ вақтни белгилаш имконини беради.
Бундан ташқари, тақдим этилаётган қонун лойиҳаси электрон манба — “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”да ҳужжатлар матнларини уларни ҳатто босма нашрларда чоп этмасдан ҳам эълон қилишга йўл қўяди. Шундай қилиб, қонунчилик ҳужжатлари электрон шаклларидан судларда ишларни кўриб чиқишда фойдаланиш истиқболлари, томонлар “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”да жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар электрон версияларидан фойдаланганлигини исбот қилиш имкониятлари ноаниқ қолмоқда.
Жумладан, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”га киритилишида инсон омили тўлиқ эътиборга олинмаяпти. Ҳужжатни электрон базага киритишда хато юзага келиши эҳтимоли мавжуд.
Масалан, мазкур хато кейинчалик “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси” оператори томонидан илгари йўл қўйилган хатони тузатиш орқали бартараф этилади. Аммо, шубҳасиз, “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси” фойдаланувчиларидан кимдир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тузатиш киритишдан олдинги версиясини ўқиши ва айнан ушбу кўрган нусхасидан келиб чиқиб иш юритиши мумкин бўлган ҳолатни рад этиб бўлмайди-ку?! “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”да хатони оператор бартараф этганидан сўнг ушбу фойдаланувчи кейинги тузатиш ҳақида билмаслиги ҳам мумкин. Унда, ўзининг юқоридаги ҳаракати бўйича фойдаланувчи судда тараф сифатида иштирок этаётганида, суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тузатилган таҳририга таянади.
Савол юзага келади: ҳужжат тузатилганида олдинги версияси асосида ҳаракат қилган виждонли фойдаланувчи ўз ҳаракатлари тўғри эканлигини қандай қилиб исботлайди? Ахир иш судда кўрилаётган пайтда “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”да ҳужжатнинг хатоли версияси бўлмайдику? Уни ноҳақ деб ҳисоблаш адолатсизлик эмасми? Чунки ўз вақтида фойдаланувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий манбасига асосланган. Қонун ҳужжатлари босма нашрларда эълон қилинганда ушбу муаммога ўрин қолмайди. Чунки, шахс исбот сифатида унинг қўлида бўлган аниқ нашрни тақдим этиши мумкин.
Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олиб “Миллий тикланиш” ДП фракцияси депутатлари қонун лойиҳасининг “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”га норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этишнинг расмий манбаи мақомини бериш тўғрисидаги ғояни қўллаб-қувватлаб, шу билан бирга, қуйидагиларни таклиф этади:
— расмий босма нашрларда эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий электрон эълон қилиш манбаси — “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси”га жойлаштириш мумкин, деб белгиловчи нормани “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги матнига киритиш;
— қонунни юридик кучга кириши муддатини 12 ойдан 6 ойгача қисқартириш.
Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси муҳимлиги ва долзарблигини ҳисобга олиб, фракция қарори билан уни биринчи ўқишда қабул қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди, аммо якуний баённомада акс этганидек, ЎзМТДП фракцияси билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифларни эътиборга олган ҳолда тақдим этилган қонун лойиҳаси матнини такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди.
И.Абдуллаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва
коммуникация технологиялари
масалалари қўмитаси раиси,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси.
Манба: parliament.gov.uz