— Отажон, илтимос, йиғламанг. Манави пулларни олиб қўйинг, — дея ҳамёнимдан бир даста пул олиб, отамга узатдим.

— Болам, мен ноинсоф отангни кечир. Кечир қизим, — дея отам елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди.

Ота-бола зўрға хайрлашиб, ортимга қайтдим.  Шу пайт амакимнинг турмуш ўртоғи аёлнинг шанғиллагани қулоғимга чалинди:

— Ҳа, нимага келибди? Пул сўраб келгандир-да гадойваччаларингиз!

Ортимга қайрилдим.

— Ундай деманг. Мана, қизим менга шунча пул ташлаб кетди. У пулга муҳтож эмас. Манг, олақолинг! — дея отам бечора қўлларидаги пулларни унга узатди. У бўлса пулларни олди-да отамни масхара қилгандек бошидан сочиб, ҳовлига кириб кетди.

Отам бўлса ерга чўк тушганича қўлини мушт қилиб ерга уриб йиғларди.

 Отам яхшигина бир идорада ишларди. Бундан ташқари қўли гул уста эди. Одамларга эшик-ром, дарвозалар ясаб берарди. “Илоё ичкиликни чиқарганни уйи куйсин”, деб қарғанарди аям. Чунки отам ичкиликка берилдию уйимиздан файз-барака ариди. Ана шу ичкиликнинг ортидан отам ишхонасидан ҳам бир неча бор танбеҳ эшитди. Аммо бундан тўғри хулоса чиқармади. Уйга келиб аям билан жанжаллашадиган одат чиқарди:

— Ишхонадаги ғаламислар мени кўролмаяпти. Ичсам ўзимнинг пулимга ичаманда. Биронтаси олиб бермаса? Нимага ҳадеб гапиришаверади!

— Илтимос отаси, ичманг! Афту-ангорингизга бир қаранг! Кимларга ўхшаб қолдингиз!

— Сен жим бўл! Мен ҳали уларга кўрсатиб қўяман, кимлигимни!

Афсуски аямнинг барча саъй-ҳаракатлари бекор кетарди. Отам ишдан ҳайдалди. Анча вақтгача уйдан кўчага чиқолмай ўтирди.  Гоҳида аямга бақирадиган одат чиқарди:

— Пул топиб бер! Бекитиб қўйганларингдан чиқар! Ичгим келяпти!

— Ҳой, отаси, бақирманг! Уят бўлади-я. Биров эшитмасин, — дерди аям бечора атрофга олазарак қараб.

Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди, деганларидек, аям қора кунга деб олиб қўйган пуллар ҳам тугади. Отам эса бирор жойга бориб ишлашни хаёлига ҳам келтирмасди. Ҳатто дурадгорчилик ҳам қилмай қўйди. Шунинг учун қўлига илинган буюмни олиб, сотиб ичадиган, жанжал чиқарадиган одат чиқарди. Гоҳида отам аямни роса калтаклардилар. Биз аямга ёрдам беролмасдан ҳўнг-ҳўнг йиғлардик. Аям бечоранинг кўкармаган жойи қолмади.