Жаҳон | 15:33 / 20.06.2016
12884
9 дақиқада ўқилади

Ҳарбийлар сиёсатдан “четлатилганидан” кейин Туркия ҳарбий қудрати ўзгариши тахмин қилинмоқда

2023 йил 29 октябрда Туркия Жумҳурияти ташкил этилганлигининг 100 йиллиги кенг нишонланади. Айни шу муносабат билан Анқара хукумати ўз олдига оламшумул вазифаларни қўйган. Бу вазифалар қаторига Миллий Ҳарбий-саноат комплексини ташкил этиш лойиҳаси ҳам бор. Ҳарбий-саноат комплексини ташкил этилиши билан кенг қамровли муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шу тариқа мамлакатнинг ўзида танк, самолёт, вертолёт, кема ва сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Мамлакат Мудофаа саноат бошқармаси ўз олдига Оқсарой ва Синоп минтақаларида ракета синовлари учун полигон қуришдек мақсадларни  қўйган.

Маълумки, Армия Туркия Жумҳурияти ташкил этилган даврдан бери мамлакат сиёсий ҳаётининг таркибий қисми бўлиб келган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Туркияда армия ҳамиша дунёвий давлат ҳимоячиси ва барқарорлик омили бўлган. Яъни, 1923 йилдан бери Қуролли кучлар Туркия хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда ташқи ва ички сиёсат юритишда, давлат бошқарувида дунёвий давлат принципларига содиқ қолиш кафолати сифатида кўриб келинди. Адолат ва Тараққиёт партияси ҳокимиятга келгунга қадар бирор бир исломий партия узоқ вақт ҳокимиятда турмади. Бу партиялар дунёвий давлат анъаналаридан бироз четга чиқиши биланоқ  ҳарбийлар томонидан ағдариб ташланган.

XXI аср бошларида Туркия ташқи ва ички сиёсатида бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Армия аста-секин сиёсатдан четлаштирила бошланди. Шу билан гўёки, армия ўз мавқеини бой бериб бораётгандек бўлди. Бироқ бундай эмас. Генераллар сиёсатдан узоқлаштирилгани билан бир қаторда, халқаро майдонда Туркия обрўсини мустаҳкамлаш мақсадида ҳукумат Армияни модернизациялаштириб, унинг жангавор қобилиятини юксалтириш йўлидан бормоқда. Бунинг учун Туркия нафақат ички ресурслардан фойдаланмоқда, балки иттифоқчиларнинг ёрдамига ҳам таянмоқда. Мамлакат ҳудудларига Американинг «Пэтриот» зенит-ракета мажмуаси жойлаштирилиши туфайли Туркиянинг Ракетага қарши мудофаа тизими мустаҳкамланиши билан унинг Яқин Шарқдаги мавқеи мустаҳкамланди. Шу муносабат билан кун тартибига турк армиясини ривожлантириш ва унинг жамиятдаги ролини ошириш масаласи қўйилди.

Айни дамда Туркия ҳарбийлари БМТ ва НАТО байроғи остида тинчликни сақловчи амалиётларда иштирок этади. Яъни, ўзининг сиёсий амбициялари ва жангавор қобилиятини намойиш қилиш ниятида бўлган Туркия БМТнинг Либерия, Кот-д’Ивуар, Гаитидаги, НАТОнинг Афғонистон ва Косоводаги амалиётларида иштирок этиб келади. Бугунги кунда Туркия тинчлик ва барқарорликни сақлаш мақсадларида ўтказиладиган амалиётларда иштрок этадиган энг фаол 15 та давлатдан бири ҳисобланади. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада “араб баҳори” бошланиши билан Туркия минтақада лидерлик мақомини олишга эришди. Бундан унумли фойдаланишга аҳд қилган Анқара ҳарбий имкониятларини яна бир бор намойиш қилишга интилмоқда. Бу борада Туркия НАТО билан ҳамкорлик доирасида ўз манфаатларини ҳаётга татбиқ этишга уринмоқда. 2012 йилги маълумотларга кўра, Туркия Қуролли кучлари сафларида 700 минг атрофида ҳарбий бор. Бу ҳарбийлар сони бўйича жаҳонда олтинчи ўринда, НАТОда эса АҚШдан кейин иккинчи ўринда турганини англатади.

Туркия армияси олдида турган муаммолардан бири модернизацияланган қуролларнинг етишмаслигидир. Туркия қурол-аслаҳа, ҳарбий техникаларни хориждан, асосан, АҚШ, Исроилдан сотиб олади. Бироқ хукумат ўз армиясини модернизациялашда ва қайта қуроллантиришда фақат импорт билан чекланиб қолишни истамаяпти. Бунинг учун ўзининг Ҳарбий-саноат комплексини ривожлантиришни кўзламоқда. Ҳарбий саноат комплекси деганда турли компания ва корхоналарнинг ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этиши  тушинилади. 2012 йилда Мудофаа вазирлиги қошидаги Мудофаа саноати департаменти Ҳарбий саноат комплексини ривожлантириш режасини тақдим қилди. Унга кўра, 2016 йилда Туркия  миллий мудофаа саноати ривожланган ўнта давлат сафидан ўрин олиши белгиланган. Режада Туркияда «АНКА» учувчисиз аппаратлар ишлаб чиқариш белгиланган. Сўнгги вақтларда турк мутахассислари ҳарбий саноат соҳасида, жумладан, кемасозлик,  радиоэлектроника, зирҳли танклар яратиш борасида бир қатор ютуқларни қўлга киритди. 2012 йил декабрида Хитой  ёрдамида Туркиянинг «Гёктюрк-2» суньий йўлдоши фазога учирилди. Ўша йилнинг октябрида эса Вашингтонда бўлиб ўтган қурол-яроғ кўргазмасида Туркия ўзининг «Жирит» ракетасини намойиш қилди. 2012 йилнинг 15 ноябрида “Коч” холдинги таркибида бўлган «Отокар» компанияси мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган жанговар танкни тақдим қилди. Қуролли кучларни модернизациялаш дастури доирасида «Мехметчик-2» милтиғи ишлаб чиқарилди. 2012 йилда Туркия 2 ярим минг километрдаги нишонни мўлжалга олишга қодир баллистик ракета яратиш устида иш олиб бораётгани маълум бўлди. Бундан ташқари, ҳарбий кемалар, сув ости кемалари, авианосец ва қирувчи самолётлар яратиш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, Туркия миллий Ҳарбий саноат комплексини ривожлантира бориб, ўн йиллардан кейин бир қатор қурол-яроғ, ҳарбий техникалар бўйича Ғарб билан рақобатлаша олади.

Туркия НАТО стандартларига мос равишда ўзининг замонавий Ҳарбий саноат комплексини яратишга муваффақ бўлди. Айни дамда мамлакатда бир қатор тузилмалар тузилди:

1. Олий Муваффиқлаштирувчи Саноат Кенгаши. Унинг таркибига Жумҳуриятнинг Ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг 13 нафар аъзоси кирган. Кенгаш йиғилишлари бош вазир раҳбарлигида бир йилда камида икки марта ўтказилади. Йиғилишда стратегик режага кўра Ҳарбий саноат комплексини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинади.

2. Олий Саноат Ижроия қўмитаси. Унинг таркибига бош вазир, Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи, мудофаа вазири аъзо бўлиб кирган. Бу орган ҳарбий саноатни ривожлантириш бўйича аниқ тадбирларни ишлаб чиқади.

3. Саноатни ривожлантириш Фонди. Бу фонд Ҳарбий саноат комплексини зарур маблағлар билан таъминлайди.

4. Саноат Котибияти. Бу идора Олий Саноат Ижроия қўмитаси  қабул қилган вазифаларни бажариш билан шуғулланади.

Ҳарбий саноат комплексини ривожлантириш стратегиясига кўра, мамлакатда ишлаб чиқариладиган ҳарбий техника ва қуроллар экспоротини бир йилда 1,8 миллиард долларга етказиш белгиланган. Қўйилган вазифаларни бажариш йўлида хорижлик иттифоқчилар, жумладан, АҚШ, Исроил ва НАТО мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Айни дамда мамлакатда 230 дан ортиқ ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқарадиган хусусий, қўшма ва давлатга тегишли корхоналар мавжуд. Бу корхоналарда 80 мингга яқин киши меҳнат қилади.

Ҳукумат авиация саноати ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда. F-16 самолётларини ишлаб чиқариш ва шу турдаги самолётларни модернизациялаш, C-130J ҳарбий юк самолётларини, CN-235 ("Мелтем-2") ва ATR 72-600ТМРА ("Мелтем-3") патрул самолётларини, Т-38 "Талон" ўқув машқ самолётларини ва S-70 "Блэк Хок" вертолётларини такомиллаштириш имкониятлари пайдо бўлди., "Кале" компанияси Американинг "Боинг" корпорацияси билан ҳамкорликда авиация техникалари учун деталл ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқармоқда. Артиллерия-ўқчи ва қурол-яроғ саноати миллий қуролли кучлар талабларини тўлалигича қондирмоқда. Ракета саноати эса замонавий технологиялар асосида ракета двигателларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Радиоэлектрон саноати юқори технологияли телекоммуникация маҳсулотлари ишлаб чиқишга ихтисослашган.

2023 йилга бориб Туркия ҳарбий  маҳсулотлар сотиш  борасида олтита давлатдан бири бўлишни ният қилган. Ўша даврга бориб Туркия ҳарбий саноат комплексининг экспорти 25 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Айни дамда Туркия экспортининг учдан бир қисмини қурол-яроғ ва ҳарбий техника ташкил қилади. Туркия маҳсулотларини, асосан, АҚШ харид қилади. Иккинчи ўринда Бирлашган Араб амирликлари, учинчи ўринда Италия, тўртинчи ўринда эса Испания, бешинчи ўринда Саудия Арабистони туради. Умумий ҳисобда Туркия 130та мамлакатга ҳарбий маҳсулотларини сотади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда Туркия Ҳарбий саноат комплекси ривожланиб бораётганини яққол намойиш этмоқда. 

 

Шарофиддин Тўлаганов