Куёвини ўлдиртирган қайнота 12 йилга озодликдан маҳрум этилди
Онаизор бир амаллаб Хайрулла (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўқишга киритиб қўйди. Бироқ йигитнинг кўзи очилмади. Бир йил ўқиб-ўқимай ўқишни ташлаб келди. Яна жўрабозлик, маишатдан бўшамай қолди. Бора-бора кўча боласига айланган Хайрулла гиёҳванд бўлиб қолди. Маҳалла-кўй, ошна-оғайнилар ўртага олишди. Бу йўлдан қайтаришга уринишди. Ҳа, у бу йўлдан қайтди. Аммо бошқа бир дарди бедавога йўлиқди. У энди ичкиликка берилди. Топганига ароқ олиб ичди. Топмаса, танишларидан пул олиб ичди. Ўзини, одамийлигини йўқотди. Қариндош-уруғ бунга жим қараб туролмади. Яна ўртага олишди. Бир неча бор даволатишди. Хайрулла бироз ўзгаргандек бўлди. Ишлаб пул топмаса-да, ичкиликни ташлади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.
Бундан хурсанд бўлган она уни қариндошининг қизи Зоҳидага уйлантириб қўйди. Ана энди у эркинроқ нафас олди. Бирин-кетин фарзандлар туғилди. “Бахтига кўз тегмасин, илойим боламнинг бахтини берсин”, дерди она ҳар куни дуога қўл очиб.
Ҳа, бу икки ёшдан бахтли одам йўқдек эди, гўё. Бу орада Хайрулла Хорижга кетиб, бир неча йил ўша ёқларда ишлади, оз-моз пул ҳам топиб келди. Аммо бу бахтли кунлар ўткинчи, Хайрулланинг қатъияти алдамчи экан. У яна ичкиликка берилди. Хонадондан тинчлик, рўзғордан файз-барака кўтарилди. Хайрулла ҳар куни ичиб келар, Зоҳида билан жанжал қилар, бир чеккада мунғайиб турган ўғли Машрабни ҳам калтаклаб қоларди. Зоҳида чидади. “Ёмон бўлса ҳам кўз очиб кўрганим, яхши бўлиб қолар”, деди. Ёмонини яшириб, яхшисини оширишга ҳаракат қилди. Умид қилди, фарзандларини, ор-номусни ўйлади. Аммо Хайрулла ўзгармади.
Кунларнинг бирида ичкиликдан ўзини йўқотган, шайтон измига бўйсунган Хайрулла Зоҳидани шунчалик саваладики, оқибатда ожиза аёлнинг қовурғалари синиб, юзлари моматалоқ бўлиб кетди. Уйга кириб келган Машраб бу ҳолга чидолмади. Отасига тик боқди, қаттиқ-қаттиқ гапирди. Натижада у ҳам калтакланди. Қирқ жонидан бир жони илиниб турган аёл бор кучини тўплади. Ўзини бола ва ота ўртасига отди. “Боламни урманг, мени уринг!”, деди.
Хайрулла ортига чекинди. Бир нималар деб ғўлдираганча чиқиб кетди. Машраб эса ҳушидан кетаётган онасини қўлтиқлаганча ташқарига чиқди. Йўловчи машинада бобоси - Бегалининг олдига олиб борди. Қизининг аҳволини кўриб, отанинг кўнгли ўртанди, уни дарҳол шифохонага ётқизишди.
“Хап сеними, шошмай тур, сен бола!”. Отанинг қони қайнади. Қизини шу кўйга солган куёвга бўлган нафрати аланга олди. Кўнглида ўч, интиқом туйғулари уйғонди. Зоҳида анча кун шифохонада ётди.
Ўтган бу кунларда Бегали шаштидан тушмади. “Қизим бу хонадонга келин бўлибдики, кун йўқ. Ҳар куни жанжал. Қизимни шу аҳволга солибдими, уни ўлдиришдан ҳам тоймайди”. Ўтирса ҳам, турса ҳам ана шу хаёл уни тарк этмади. Куёви билан эркакчасига гаплашиб қўймоқчи бўлди. Турли режалар тузди.
Ниҳоят кунларнинг бирида у таниши, бир неча бор судланиб, умрининг анчагина қисмини панжара ортида ўтказган Ботир Суяровни қидириб топди. У билан узоқ гаплашиб, танобини тортиб қўйса рози қилишни айтди. Ботир Бегалига “куёвини яхши таниши, бир вақтлар унга панд бергани, ўзаро ҳисоб-китоби борлиги, бир оғиз айтса ковушини тўғрилаб қўйиши”ни айтди.
Кунларнинг бирида Хайрулла қайнотасиникига борди. Хотинини, болаларини уйга олиб кетишини айтди.
- Сен қизимга кўп азоб беряпсан, - деди юзига жиддий тус берган Бегали. –Бунинг ҳеч кими йўқ экан, билганимни қиламан, деб ўйлама. Агар яна бир бор қизимга қўл кўтарсанг, қизимнинг кўзида бир томчи ёш кўрсам, мендан хафа бўлма.
Бегали бу орада Ботирга хабар бериб, етиб келишини тайинлаган эди. Ана шу фурсатни кутиб турган Ботир қишлоқнинг бир-икки нафар безори йигитлари билан келиб хизматга шай бўлиб турганди. Бегали Ботирга ишора қилди. Бу имо Ботирга етарли эди. Хайруллани четга тортди: “Гаплашиб олишимиз керак!”.
Улар Хайруллани қишлоқ четига олиб боришди. “Сен ҳали бизнинг синглимизни урадиган бўлдингми?”, деб роса савалашди. “Агар яна бир бор унга қўл кўтарадиган бўлсанг, кейинги сафар сени ўлдириб юборамиз”, дейишди.
Орадан кунлар ўтди. Қайнота томонидан уюштирилган зўравонликдан сўнг Хайрулла бироз ақлини йиғиб олгандек бўлди. Афсуски, бу ҳолат кўпга чўзилмади. Хайрулла яна ичкиликни бошлаб юборди. Табиийки, меъёридан ошган ичкилик Хайруллани ҳар кўйга сола бошлади. У яна уруш жанжални давом эттираверди. Бу орада калтаклашу жанжаллардан безор бўлган Зоҳида бир неча бор ота уйига кетиб қолди. У гоҳида ор-номус, оиласини ўйлаб ўз уйига қайтган бўлса, гоҳида қариндош уруғлар ялиниб-ёлвориб олиб кетишди.
- Қачонгача шундай яшаймиз, қачон шу ароқ ўлгурни ташлайсиз? - дея зорланди Зоҳида Хайрулланинг кейинги гал ичиб келганида. – Ахир мен ҳам одамман, бошқалардек тинчгина яшашга ҳаққим бор-ку?!
Бу гаплар, зорланишлар афсуски Хайруллага акс таъсир қилди:
- Менга бақирма, - деди оёғида зўрға турган Хайрулла. – Ичсам, ўзим учун ичаман, сен аралашма.
Хуллас униси у деди, буниси бу. Ўртада яна жанжал. Хайрулла Зоҳидани уриб-тепиб уйдан қувиб юборди.
- Сабрнинг ҳам чек-чегараси бор, дея пичирлади қизининг қайтиб келганини эшитган Бегали. – Бу бола эмас, бало экан. Уни ўлдириб қутулмасам, қутулмас эканман. Бир тўхтамга келган Бегали кеч тушиб, атрофни зулмат қоплаган бир пайтда Ботирни, набиралари Машраб ва Фаёзни уйига чақирди.
- Энди гап бундай, - дея салмоқ билан гап бошлади Бегали. – Сенларни чақиришимдан мақсад, қизим Зоҳиданинг аҳволи-ю куёвим Хайрулланинг хурмача қилиқларидан хабарларинг бор. Бу бола ҳаддидан ошиб кетди. Агар шу кетишда кетса, бир кун келиб у Зоҳидани ўлдириб қўяди. Шунинг учун биз уни ўлдирамиз!
Бу гапдан кейин Машраб бобосига ялт этиб қаради. Ахир Хайрулла яхшими, ёмонми унинг отаси-да.
Унинг қарашидан таскин маъно излаган Бегали таскин оҳангида уни аврашга тушди.
- Биз шунга мажбурмиз, ўғлим. Шундай қилмасак, отанг эрта бир кун онангни уриб ўлдиради. Кейин сенларни бошингга ит кунини солади...
Бегали узоқ гапирди. Хуллас, ёлланган бу уч кишининг розилигини олгач, режага ўтди.
Тузилган жиноий режага биноан Машраб отаси Хайрулланинг ичиб келиб, ухлаб қолгани ҳақида Фаёзга хабар бериши, Фаёз эса, ўз навбатида, бу хабарни Ботирга етказиши керак эди. Чақирувга биноан етиб келган Ботир ва Фаёз Хайруллани ўлдириб, мурдани йўқотиши лозим эди. Бу қотилликда бош ролни ижро этадиган Ботир хизмат ҳақига Бегалидан уч миллион сўм оладиган бўлди.
Ўша кунлари Зоҳида табиийки ота уйида эди. Уйда ёлғиз қолган қолган Машраб отасининг келишини пойлаб турди. Ниҳоят, маст ҳолда ҳовлига кириб келган Хайрулла уйга кирди-ю ухлаб қолди. Машраб бу ҳақда дарҳол Фаёзга хабар берди.
- Биз кутган пайт келибди, - деди ўз навбатида хабарни телефон орқали Ботирга етказган Фаёз.
- Яхши, ўзинг қаердасан? - деди Ботир.
- Қишлоқ марказида, деган жавобни эшитган Ботир, Фаёзга “ўша ерда кутиб туришини тайинлаб, ҳозир етиб бориши”ни айтди.
Ўзи билан таёқ, болтани олган Ботир мотороллерда Фаёзнинг олдига келди.
- Тезроқ ўтир, шошилмасак бўлмайди, - деди у. Ботир ва Фаёз Хайрулланинг уйига етиб борганида Машраб дарвоза олдида кутиб турган экан.
- Юринглар, фурсатни бой бермайлик. Машраб, отанг ухлаб ётган хонага бошла, - деди Ботир қўлига болтани олиб, таёқни Фаёзнинг қўлига тутқазаркан. Учаласи уйга киришди.
Фаёз ва Машраб қаттиқ ухлаб ётган Хайрулланинг бошига ёстиқ қўйиб, таёқ билан тўсиб турди. Ботир эса қўлида болта билан Хайрулланинг дуч келган жойига урди. Жони узилган Хайрулланинг жасадини ўзи ётган кўрпасига солиб, уйдан судраб чиқишди. Бир амаллаб мотороллерга ортишди. Ботир ва Фаёз жасадни олиб жўнаб кетишди. Бу ҳолдан қаттиқ қўрққан, нима қилиб қўйганини англаб етаётган Машраб эса эрталабгача қишлоқ оралаб тентираб юрди.
- Ота, дарвозада сизни кимдир чақираяпти, - деди Бегалининг келини.
- Нима, ярим кечаси ким бўлдийкин? - деди гўё ҳеч нарсадан хабари йўқдек дарвозага йўл олган Бегали. Қараса, Ботир ва Фаёз.
- Иш пишди, - деди Ботир. – Ана, кўринг.
Бегали мотороллернинг устида ётган жасадга разм солгач, бир нималар деб юзига фотиҳа тортиб қўйди, сўнг:
- Жасадни йўқотинглар, иси чиқмасин, - деди шивирлаб.
- Чуқур қазишга лопатка керак, - деди Ботир.
- Ана, дарвоза ёнида турибди, ўзинг олиб чиқ.
Лопаткани олиб, мотороллерга ўтирган Ботир Фаёзга юзланди.
- Сен бормайсанми?
- Боролмайман, мазам бўмаяпти, - деди юзи докадек оқариб кетган Фаёз.
Ишни охиригача етказиб қўйишга уринган Ботир Хайрулланинг жасадини қишлоқ четидаги овлоқ бир жойга кўчиб келди.
Эрталабгача нима қилаётганни билмай, қишлоқ оралаб юриб чиққан Машраб эрталаб қўни-қўшниларга уйнинг ҳаммаёғи қон бўлиб ётгани, отаси ғойиб бўлгани ҳақида хабар берди. Бир зумда қишлоқ аҳли тўпланди. Ички ишлар ходимлари етиб келди... Қотиллик тезда фош этилди.
Суд ваҳшийларча бир кишининг умрига зоми бўлган судланувчиларга нисбатан ўз ҳукмини ўқиди. Унга кўра Ботир Суяров 18 йил, Машраб Эркинов 17 йил, Фаёз Мамарайимов 16 йил, Бегали Отақулов эса 12 йил мудатга озодликдан маҳрум этилди.