Кўнгил қўйган кишисига шантаж йўли билан эришмоқчи бўлган “ошиқ” жиноий жавобгарликка тортилди
Сарвар телефонда адашиб, бу Қодир аканинг рақами эмаслигини билганидан сўнг ёқимли овоз соҳибаси уни ром этиб қўйди. У ҳозир тахминий рақамга қўнғироқ қилган, агар кимдир кўтарса, қитмирона сўзлар билан жиғига тегишни режалаштирган ва шу йўл орқали зерикишдан қутулмоқчи эди. Лекин қулоғига соҳир куйдек эшитилган овоз ўйларини тонгги тумандек тўзғитиб юборди. Сўнг қиз билан қандай қилиб бўлмасин, яқиндан танишишни мақсад қилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.
– Телефон қилиб турсам майлими, – деган саволига қизнинг қатъийлик билан – Йўқ!-дея жавоб берган бўлсада, Сарвар бундан чиройли ширали овоз соҳибини қўлдан чиқаришни истамади. “Ким билсин, ўзи ҳам овозидек чиройлидир”...
Шу кундан бошлаб Сарварнинг кўнглига ўт тушди. “Овозининг нозиклигига қараганда, ҳали анча ёш кўринади, демак илинтириб олиш қийин кечмайди”.
Сарвар қизлар борасида анчайин тажрибали бўлгани боис (бундан олдин ҳам бир нечта қизларни ўзининг таъбири билан айтганда, “қўлдан ўтказган” эди-да), ўйланиб ўтирмасдан ишқий СМСлар юборишдан бошлади. Жавоб келмаса ҳам режа ўз самарасини беришига ишончи комил йигит ортга чекинишни хаёлига ҳам келтирмас, ора-орада қўнғироқ қилиб турар, қиз (ўйлаганидек) ёш, содда, шу пайтгача севги изҳорларига бой мактуб олмагани, акаси ва синфдошларидан бошқа йигит билан яқин муносабатда бўлмагани учун бу ҳолат унда нотаниш йигитга нисбатан қизиқиш уйғотган, шунданми, қўнғироқларга қўрслик билан бўлса-да жавоб бериб турар, келган СМСларни дугоналарига кўрсатиб, мақтаниб ҳам қўярди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Сарвар қармоғига илиниб улгурган қизни учрашишга кўндирди. Қиз кучли ҳаяжон ва бир оз қўрқув оғушида келишилган жойга етиб борди. Кўринишидан учрашувга обдон тайёрлангани шундоққина сезилиб турар, бу ҳаётидаги илк учрашуви эди унинг.
- Салом бердик.
Ёнгинасидаги дарахт панасидан тўсатдан чиқиб келган, қошлари қуюқ, баланд бўйли, истарали (ҳар ҳолда қизга шундай туюлди), кўзларига тушиб турган сочи замонавий турмакланган, сийрак соқоли янги майсадек униб қолган, чиройли кийинган, тасаввуридаги шаҳзодасини эслатувчи ўша, бошида бир неча бор жеркиб беришига қарамай, қайта-қайта кўнглини очаверган, охир-оқибат кўнглига йўл топган ва овозини эшитганда юраги бир ҳаприқиб тушадиган бўлиб қолган йигитнинг телефондагига қараганда бир оз дағал овозда берган саломига секингина “яхшимисиз” деб қўя қолди.
- Сизни кўрадиган кун ҳам бор экан-ку, қайсархон.
Хушомаддан анордек қизарганча бежирим туфлисига тикилиб қолган, белини қучиб турган узун сочлари тим қора, қайрилма киприклари ярим ой шаклидаги ингичка қошларига тегай-тегай деб турган, юзи сутга чайилгандек оппоқ, келинларга ҳавас қилиб, нозик бармоқларига узук тақиб олган, қисиқ кўзлари жодуваш қизга қараб Сарвар қаршисида пари турганига ишонч ҳосил қилди. Тасаввур қилганиданда гўзал!
Сарвар қизнинг исми Шамсия эканлигини сўраб билгач, йўл-йўлакай исмининг маъноси билан боғлиқ турли тахминларни айтиб, қизга кулги улаша кетди.
Учрашув учрашувларга, суҳбат суҳбатларга уланиб, ўртада шунчаки қизиқиш туфайли юзага келган муносабат муҳаббатга айланиб қолганлигини сезмай ҳам қолишди. Сарвар қизни ҳақиқатан ҳам яхши кўриб қолган, Шамсия ҳам тенгдошларига хос орзуманд қизлар қатори йигитга бокира туйғуларини ишониб топширганди. Йигит орзусидаги қизни учратганидан терисига сиғмас, бир кун келиб унга уйланаман, дея ўзига ўзи ваъда ҳам бериб қўйганди.
Муносабатлари чуқурлашиб, севишганлар учрашувлардан бирида боғнинг ҳилват гўшасига ўтишди...
Худди “кинолардагидек” содир бўлган бу ҳолатни телефонига суратга олган Сарвар “дўппи тор келганда” ушбу суратлардан фойдаланди, аммо...
Роппа-роса тўрт йил ўтганидан сўнг Сарвар қизнинг уйига совчи юбормоқчи эканлигини айтди. Қизнинг розилигини фаҳмлаганидан сўнг йигит вақтни ўтказмай совчи қўйди. Шамсиянинг ота-онаси рад жавобини бергач, тутоқиб кетган йигит қандай бўлмасин қизни қўлдан чиқармаслик йўлларини қидира бошлади.
- Отангга айтмадингми мени севишингни?
- Йўқ, айтолмадим, - қисқа жавоб қайтарди қиз. – Сиздан илтимос, менга бошқа қўнғироқ қилманг, ота-онамга қарши чиқолмайман.
Қизнинг охирги гапи мана шу бўлди. Аммо Сарвар бу билан тинчимади. Қизга турли рақамлардан қўнғироқ қилар, акасининг қўл телефонига эса унинг шаънига тегадиган, куракда турмас СМСлар юборар, аламдан ўзини қўярга жой тополмасди. Ҳатто бир сафар Шамсияни кўчада учратиб қолганида “Билиб қўй, сени мендан бошқа ҳеч ким олмайди, негаки номингни фоҳишага чиқараман”, дейишгача борди. Ана шундай кунларда унинг жонига яқин дўсти Анвар оро кирди. Сарвар дўсти Анварнинг “маслаҳат” и билан ҳалиги суратларни Қарши шаҳридаги суратхоналарнинг бирида етарлича кўпайтириб, Шамсия ва унинг қўшниларининг эшиги остига ташлаб кетди. Телефон қўнғироғидан сўнг Шамсиянинг туғилган кунида уюштирилган бу “совға”ни олиш учун қизнинг отаси ва акаси дарвозадан чиқди. Улар дарвоза остига ташлаб кетилган, Сарвар ва Шамсиянинг ўша ҳолатлари акс этган суратларни кўришди. Отасининг қўлидаги бу суратларни кўрган Шамсия йиғлаганича югуриб, хонасига кириб кетди.
Қизи билан гаплашиб олган ота Қарши шаҳар ИИБ бошлиғи номига шаъни таҳқирланган қизи номидан ариза ёзди. Афсуски, ўз ниятига етишишнинг “ўзгача” йўлини топган ошиқ бу қилмишининг нафақат инсонийлик фазилатларига, балки қонунга ҳам тўғри келмаслигини англаб етмаганди. Ҳолбуки, бировнинг шаънига тегиш, ёмонотлиқ қилиш, таҳқирлаш жиноят ҳисобланади. Суднинг ҳукми билан “ошиқ” ва унинг “маслаҳатгўй” ошнасига қонуний чора кўрилиб, улар тегишли жазога тортилдилар.
Қиссадан ҳисса шуки, муҳаббат - улуғ туйғу. Кўнгил қўйган кишисига инсон бундай йўл билан етишишга уринмайди. Чиройли хулқ, мардлик билан эришади.