Қишлоғимизда отарчилар кўп эди. Уларнинг деярли ҳаммаси қачонлардир қўлига китоб олиб, куйлаётган қўшиқларининг шеърларини ўқиганига аввал ҳам, ҳозир ҳам ишонмайман. Улар нимани эшитсалар, шуни куйлашарди. Масалан, “Сўранг” деган қўшиқдаги “Майсаларга зар сочиб тошган Зарафшондан сўранг” деган сатрлар “Тошкент, Зарафшондан сўранг” деб куйланарди. Ёки дарёлар хақидаги қўшиқнинг “Ўз тилида нималардир гапиради” деган сатрлари “Рус тилида нималардир гапиради”, деб куйланишига бир неча бор эътироз билдирганман. Аммо кейинги гал яна эски ҳаммом эски тос бўлиб, ўз билганича куйлашарди. Мен, “ишқилиб Эркин Воҳидов ва Шерали Жўраев қишлоғимиздаги тўйга келиб қолмасин-да”, дер эдим. Чунки отарчиларимиз “Ўзбегим”ни радди бало қилиб куйлашардики, бу қасида сатрлари билан таниш бўлганларнинг эътирозига сабаб бўлиши аниқ эди. Отарчиларнинг хонишларини эшитиб, Эркин Воҳидов қаламини, Шерали Жўраев эса торини синдириши аниқ эди. Отарчилар ўз номи билан отарчи, аммо профессионал хонандаларимизнинг ҳам қўшиқлар матнларини бузиб куйлаётганига нима дейиш мумкин?! Хушовоз хонандамиз “Қаноатда Саида шунча бўлурми, ҳай-ҳай” сатрларига ўз номини қўйиб куйланганида анча эътирозлар билдирилган эди. Садоқат ва қаноатда Саида Зуннунова ва Зулфия опалар ўзларига ҳайкал қўйиб кетишган.

Бугунги айрим қўшиқчиларнинг хатти-ҳаракатларини кўрар эканмиз, шербачча ва тошбақа ҳақидаги мультфильм ёдга тушади.

Мультфильм мазмуни қуйидагича: Африкада Ррр-Мяу лақабли шербачча бўлади. Бир куни у саҳрода сайр қилиб юрар экан, Катта тошбақани учратиб қолади. Тошбақа офтобда тобланиб ётар, “Я на солнышке лежу” (“Мен қуёшда тобланиб ётибман”) дея қўшиқ куйларди. “Қандай ажойиб, шўх қўшиқ” дея шербачча тошбақага яқинлашади. Икковлон яқиндан танишиб олишгач, шербачча қўшиққа жўр бўлиб, “Я на солнышке сижу” (“Мен қуёшда тобланиб ўтирибман”) деб куйлайди. Бу ўз навбатида тошбақанинг эътирозига сабаб бўлади. “Ўтирибман эмас, ётибман”, дейди тошбақа. “Ахир мен ўтирибман-ку”, дейди шербачча. “Унда ётиб қўшиқ куйла. Аммо сўзни ўзгартирма. Ана ўшанда ҳаммаси ўз ўрнида бўлади”, дейди тошбақа атиги битта сўз ўзгартирилганидан ранжиб. “Нима бўлганда ҳам бу қўшиқни ётиб куйлаш керак!, - дейди тошбақа.- Ахир қўшиқ сатрлари меники-ку!” (- И всё-таки надо петь лежу! — сказала черепаха. — Это же я придумала!)

Майна деган қушни ҳамма билади. Бу қуш бошқа қушларнинг инига кириб олиб, уни ўзиники қилиб олар экан. Индаги тухумларни ташқарига чиқариб ташлаб, ўзининг тухумини қўяр экан. Айрим хонандалар бировларнинг қўшиқларни куйлар экан, мана шу майнанинг ишини қилаётгандек, гўё. Радиоканаллар ҳам асл хонанданинг қўшиғини эмас, кейингисини қайта-қайта эфирга узатмоқда. Айни шу қўшиқ эфирга узатилиши керак бўлса, аслини бериш яхши эмасми?! Катта ёшдагилар қўшиқ кимга тегишли эканини яхши билади. Аммо ўсиб келаётган ёшлар бундан бехабар бўлиб, кейин ижро этган хонандани тан олишлари кузатилмоқда.