Покистонда қор қоплонлари сони бир неча баробар камайди
Покистонда қор қоплонларининг популяцияси 200тагача пасайди. Бу ҳақида Покистон атроф-муҳит вазирлигида хабар беришди.
Бир неча йиллар илгари мамлакатда 400тадан 600тагача қор қоплонлари бўлган, улар ирбислар ёки қор леопардлари номи билан ҳам машҳур. Сўнгги ҳисоб-китоблар популяциянинг бир неча маротаба пасайганини кўрсатди. Қоплонлар сонини аниқлаш учун мушуклар нажасларининг ДНК-таҳлилидан фойдаланилган.
"Қор қоплонлари тоғнинг юқори қисмларида - 4-6 минг метр баландликда яшашади. Улар 12та мамлакатда қайд қилинган, шу жумладан Покистон, Афғонистон, Непал, Бутан, Хитой ва Россияда. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда бутун дунёда 6 минг қор қоплони мавжуд", - дейди вазирликнинг бош инспектори Сайёд Маҳмуд Носир.
У популяциянинг қисқариш сабабларига изоҳ бермади, аммо ирбислар Покистон ва Афғонистон ўртасида ҳаракатланиб, катта масофаларга тез-тез миграция қилишини таъкидлади. Бундан ташқари у қор қоплонларини ов қилиш ман этилган бўлса-да, уларнинг ҳануз ўлдирилаётганини маълум қилди. Бу ирбисларнинг хўжаликдаги молларга ҳужум қилиши билан боғлиқдир. Покистон ҳукумати фермерларни молларнинг ўлим даражасини камайтириш учун касалликларга қарши эмлашга чорламоқда.
Атроф-муҳит вазирлиги вакилининг маълумотига кўра, Глобал экология фонди Покистонга 4,6 миллион доллар грант ажратган, бу пуллар қор қоплонларининг яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилади.