АҚШда инсон устида генетик тажриба ўтказишга рухсат берилди
АҚШ Соғлиқни сақлаш бошқармаси қошидаги Рекомбинат ДНК бўйича маслаҳат кенгаши инсон генетик модификациясининг кенг истиқболли технологиясини қўллаш ғоясини тасдиқлади. Гап CRISPR/CAS-9 ҳақида бориб, тадқиқотчилар унинг ёрдамида иммун тизими фаолияти самарадорлигини яхшилашни режалаштиришмоқда.
Организмга юборилган иммун тизимининг таҳрирланган ҳужайралари миелома, меланома, саркома ва бошқа саратон турлари ривожланишига масъул ҳужайраларни қидириб топиб, уларга ҳужум қилади. Пенсильвания университети олимлари томонидан таклиф қилинган ва икки йил мобайнида давом этадиган тажриба соматик характерга эга эканлигини инобатга олиш зарур.
Шунга қарамай бундай технологиянинг тасдиқланиши CRISPR технологиясининг этик жиҳатдан қўлланилишига доир баҳс-мунозаралар ечимини топишда қўйилган катта қадам ҳисобланади ҳамда кенг салоҳиятли имкониятларни очиб беради.
Тажрибада 18 нафар кўнгилли иштирокчи қатнашади. Лойиҳа амалиёти учта илмий-тадқиқот марказида ўтказилади: Пенсильвания университети, Хьюстон университети ва Калифорния университети.
Шуни таъкидлаш жоизки, генетик модификацияларга доир тажриба фақат АҚШдагина эмас, балки Хитойда ҳам йўлга қўйилган. Хитой бу борада бир қатор натижаларга эришишга ҳам улгурган.