Ўз фарзандининг ҳофизи Қуръон бўлишини, Аллоҳнинг каломини қалбига жойлаб, ундаги кўрсатмаларни ҳаётининг олтин қоидаларига айлантиришини ният қилган ота-оналар бор. Умумий олганда қўлига каломуллоҳни олиб, ундаги бир дона оятни тиловат қилган кишига битмас-туганмас ажр, ўша оят янграган хонадонда эса битмас-туганмас яхшилик, барака ва файз бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бу каби савобли ишлар ойлар султони Рамазонда бўлса...

Шу муносабат билан Qadriyat.uz сайтида ҳофизи Қуръонлардан бири Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат уюштирилди. 

— Қори ака, Рамазон шариф кечаларидаги хатми Қуръонда қироатингиздан баҳраманд бўлмоқдамиз. Аллоҳ рози бўлсин. Албатта, бунга эришишда устозларнинг ўрни беқиёс. Сизга Қуръони каримдан таълим берган устозларингиз ҳақида эслаб ўтсангиз.

— Илк устозимиз падари бузрикворимиз Яҳёхон қори бўладилар. У киши оталари Боқибиллоҳ қорида Қуръони каримни ҳифз қилганлар. Ҳаётларининг сўнгги ўн йилида масжидда хизмат қилганлар. Аввал “Девонабой” масжидида ноиби имом, 1983 йилдан “Уйғур” масжидда имом хатиблик қилганлар. 1989 йил оламдан ўтганлар.

Онамнинг саъй-ҳаракатлари билан бобомиз Ҳабибуллоҳ ҳожи дада бизни ўз устозлари Қобил Охун домланинг набиралари, марҳум устозимиз Бадриддин қори акага олиб бориб топширганлар. У кишидан ҳамда икки укалари Зиёуддин ва Сирожиддин қори акалардан таълим олганмиз. Бир қатор ёдлаб етказгач, такрор ва хатмга тайёргарликда асосан Бадриддин қори акамга ўқиб берганмиз.

— Ўзлари қори бўлмаган мухлислар фарзандларини ёшликдан Қуръони каримга муҳаббатли қилиб тарбиялашда нималарга эътибор беришлари керак? Шунингдек, фарзандини қори қилмоқчи бўлганларга қандай тавсиялар бера оласиз?

—  Бу жуда ҳам муҳим ва тафсилот талаб қиладиган савол. Қисқача бўлса-да, асосий эътибор бериш керак бўлган нуқталарга тўхталиб ўтсак. Уламоларимиз ва улуғларимизнинг бу борадаги тавсиялари ва тажрибаларини ўрганар эканмиз, фарзанд тарбияси ҳақида ҳали оила қурмай турибоқ ғам қилиш керак. Фарзандини қори қилмоқчи бўлган киши ҳали оила қурмаган бўлса, ушбу ниятига кўмак берадиган жуфт топишга ҳаракат қилиши матлубдир. Оиланинг луқмасига эътибор бериш ҳам муҳим. Солиҳ, қори бўладиган фарзанд тилаб дуода бўлиш керак. Фарзанд ҳомила чоғида онаси кўпроқ Қуръон ўқиши ва эшитиши ҳам яхши натижа беради.

Болага кўпроқ Қуръон эшиттириш, ёш қориларнинг тиловатларини кўрсатиш, қориларнинг ҳаётларидан сўзлаб бериш мурғак қалбда Қуръон муҳаббатини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.