Жон Эш ҳақидаги кўланкага айлантирилган ҳақиқатлар
Жаҳон оммавий ахборот воситалари ва Интернет саҳифаларида БМТ Бош Ассамблеясининг собиқ раҳбари Жон Эшнинг 62 ёшида юрак ҳуружидан вафот этгани хақида хабарлар тарқатилди.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг собиқ раиси бўлиб ишлаган, Антигуа ва Барбуда давлатининг БМТдаги доимий вакили Жон Эш октябрь ойида ҳибсга олинган эди. Нью-Йорк прокуратураси 6 октябрь куни унга хитойлик тадбиркорлардан пора олиш айбини қўйди. Унинг умумий тарзда 1,3 миллион доллар пора олгани айтилган эди. 37 саҳифали айбномада айтилишича, 2001 йилдан бошлаб Жон Эш тадбиркорлардан пора талаб қилган ва пора олиб келган. Маълум бўлишича, у 500 минг доллар мукофот эвазига Макаода Матбуот маркази қуриш тўғрисидаги ҳужжатни БМТ Бош котиби учун тайёрлаган. БМТга мўлжалланган мазкур мажмуа миллиардер Нг Лап Сэнга тегишли компания томонидан бунёд этилган эди.
Антигуа ва Барбуда фуқароси бўлмиш, сўнгги вақтларда АҚШда доимий истиқомат қилаётган Жон Эш бир неча йиллар давомида хитойлик тадбирокорлардан пул олиб турган ва уларнинг хизматларидан фойдаланган. Бу маблағлардан ташқари унга Rolex русумидаги соатлар, BMW русумидаги автомобиль совға қилинган. Унинг уйига эса қиймати 30 минг долларга тенг хусусий баскетбол корти қурилган. Жон Эш ва унинг оила аъзоларига Янги Орлеандаги ҳашаматли меҳмонхонада дам олганлари учун кунига 850 доллардан тўланган. Терговда аниқ бўлишича, хитойлик миллиардернинг воситачилари орқали Жон Эшнинг рафиқаси бир ойда 2,5 минг долларлик маош берувчи иқлим ўзгаришлари билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотларидан бирига ишга жойлаштирилган. Аммо у бу ташкилотда ҳеч қачон ишламаган. Ҳозирча Жон Эшнинг рафиқаси судга тортилмади.
Жон Эшдан ташқари Доминикан Республикасининг БМТдаги вакилининг ўринбосари 48 ёшли Франсис Лорензо, хитойлик миллиардер 67 ёшли Нг Лап Сэн, унинг ёрдамчиси 27 ёшли Жеф Инь, 57 ёшли Шивэй Янь ва 52 ёшли Хейди Хун Пао ҳам хибсга олинган эди. Нг Лап Сэндан ташқари уларнинг барчаси АҚШ фуқароларидир. Нг бир вақтнинг ўзида Хитой, Португалия ва Доминикан Республикасининг фуқоросидир. Уларнинг барчаси пора беришда ва пора бериш мақсадида тил бириктирганликда айбланмоқда. Агар бу айблар исботланадиган бўлса, у ҳолда ҳар бири пора бериш мақсадида бирлашганлари учун беш йил, пора берганлари учун эса 10 йил озодликдан маҳрум қилинишлари айтилган эди. Янь ва Паолар, шунингдек, ноқонуний пулларни қонунийлаштиришда тил бириктирганликда айбланади. Бу жиноят учун АҚШда 20 йил қамоқ жазоси берилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Нгнинг даромади 1,8 миллиард доллар деб баҳоланади. Нг ва Инь 19 сентябрда ҳибсга олинган бўлиб, божхонада ёлғон маълумот берганликда айбланмоқда ва уларнинг гаров пули эвазига озод қилишнинг имкони йўқлиги айтилади. Расмийларнинг маълум қилишича, улар сўнгги икки йил давомида АҚШга 4 ярим миллион доллар нақд пул олиб киришган, аммо божхоначиларга ёлғон гапиришган. Солиқлардан бўйин товлаганликда айбланган Жон Эш дипломат сифатида дахлсизлик мақомидан фойдаланиб келган.
Маълум бўлишича, 2013 йилда Жон Эш ва рафиқаси ўз даромадларини 462 минг 350 долларга камайтириб кўрсатишган бўлса, 2014 йилда даромадларини 796 минг 329 доллар деб кўрсатишган. Агар Жон Эшга қўйилаётган айблар исботланган тақдирда, 6 йил озодликдан махрум қилиниши мумкин. АҚШ Федераль прокурори Прит Бхарара берган баёнотга кўра, олган пораси туфайли Жон Эш ўзини ва ўзи бошқарган нуфузли ташкилотни сотган. Айбланувчилар БМТ майдонини ўз даромадлари майдонига айлантиришган.
Жон Эш Антигуа ва Барбуданинг БМТдаги доимий вакили бўлиб, 2013 йилнинг сентябридан 2014 йилнинг сентябига қадар БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессияси раиси сифатида фаолият юритган эди.
Шарофиддин Тўлаганов