Жамият | 15:38 / 24.06.2016
6442
2 дақиқада ўқилади

Америкалик аёл жарроҳлик амалиётидан сўнг, Британия акцентида сўзлайдиган бўлди

Техас штатида яшовчи Лиза Аламия жағ соҳасидаги жарроҳлик операциясидан сўнг, Британия акцентида гапираётганини сезиб қолди. У амалиётдан  кейин илк марта фарзандлари билан сўзлашганида, улар онаси ҳазиллашяпти, деб ўйлашган.  Гарчи жарроҳлик ўтказилганидан ярим йилча ўтган бўлса-да, аёлнинг баъзи танишлари ҳам шундай фикрда. 

Шифокорлар аёлга хорижий акцент синдроми сифатида танилган, ноёб нутқ касаллиги ташхисини қўйишди. Экспертларнинг сўзларига кўра, бу нутқ аппарати аввалгидан бироз бошқачароқ ҳаракатлана бошлаши билан боғлиқ - масалан, унли ҳарфлар бошқача талаффуз қилинади. Тингловчилар буни хорижий акцент сифатида қабул қилишлари мумкин. 

ХХ асрда бу синдром билан боғлиқ юзлаб ҳолатлар қайд этилган, улар асосан мия жароҳатлари билан боғлиқ бўлган. 

Мазкур синдром бир қанча вақт ўтиб, ўз-ўзидан йўқолиб кетиши мумкин, баъзан эса бутун умрга қолиб кетади. Аламия Британия акцентидан қутулиб, аввалги нутқини қайтариш учун логопед билан шуғулланишни режалаштирмоқда.