Light | 18:40 / 25.06.2016
45524
9 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг келажаги порлоқ 25 шаҳри

2050 йилга бориб, дунё аҳолисининг учдан икки қисми шаҳарларда яшайдиган бўлишади, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг ярми шаҳарларда яшайди. Бундай демографик силжиш шаҳар ҳаётини яхшилаш масаласида алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу мураккаб жараён инфратузилма ривожи, технологик инновациялар, ижтимоий сиёсат, атроф-муҳит муҳофазаси ва бошқа илғор чоралар кўришни ўз ичига олади. Глобал бизнес-консультацияга асосланган «AT Kearney» компанияси дунёнинг 125 шаҳрини ўрганиб чиқди. Шаҳарлар истиқболи тўрт мезонга кўра баҳоланди: шахсий фаровонлик, иқтисодиёт, инновациялар ва бошқарув. Шундай қилиб, дунёнинг энг келажаги порлоқ шаҳарлари билан танишинг!

25. Ванкувер, Канада

Тадбиркорликнинг ривожланиши Ванкуверга энг истиқболли шаҳарлар рўйхатида 27-ўриндан 25-ўринга кўтарилишга ёрдам берди. 5 июнь куни Канада бош вазири Жастин Трюдо шаҳар транзит инфратузилмасига 900 миллион доллар инвестиция қилиш битими имзоланиши ҳақида маълум қилди, бу келажакда унинг баҳосини янада кўтариши мумкин. 

24. Копенгаген, Дания

«AT Kearney» ўз маърузасида 14та шаҳарни "ақлли" деб атади, зеро уларнинг тараққиёт стратегияси технологияларга асосланган. Копенгаген ана шулар шумласидандир.  "Ақлли" шаҳарлар орасида Барселона, Брюссель, Лондон, Париж ва Вена шаҳарлари ҳам қайд этилган. 

23. Тайбэй, Тайвань

Ҳозирги пайтда у жорий унумдорлик индексида 43-ўринни эгалласа-да, экологик фаолият, тадбиркорлик ва жон бошига патентлар кўрсаткичларидаги ижобий ўзгаришлар Тайбейга келажакнинг энг яхши 25 шаҳри қаторига киришга имкон яратди. 

22. Брюссель, Бельгия

Жорий йилда Бельгия ҳукумати илк маротаба ўз фаолиятида тўлиқ ошкоралик сиёсатини йўлга қўйди. Рўйхатдаги бошқа шаҳарларга нисбатан Брюсселда сиёсий анжуманлар кўпроқ ўтказилди. Бу муддат ичида унинг инфратузилмаси ва экологик кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди. 

21. Лос-Анжелес, АҚШ

Сўнгги йилларда дунёнинг кўплаб шаҳарларида экологик кўрсаткичлар ёмонлашди, бироқ Лос-Анжелесда бу борада фақат ижобий ўзгаришлар юз берди. Бошқа томондан, шаҳарнинг барқарорлик ва хавфсизлик даражаси мунтазам камайиб бормоқда, бунга сабаб - зўравон гуруҳларнинг илғор фаолияти. 

20. Даллас, АҚШ

Ўтган йили мазкур шаҳар бу рўйхатга киритилмаган эди, бироқ унинг инновация соҳасидаги салоҳиятининг ўсиши бу йил унинг истиқболини оширди. Google ҳам унинг салоҳиятини қайд этди: 14 июнда компания шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорлиги ҳамда юқори тезликка эга оптик толали алоқа ўрнатиш масаласини кўриб чиқиши ҳақида эълон қилди.

19. Токио, Япония

Токио жорий унумдорлик индексида тўртинчи ўринни эгаллайди, унинг аҳолиси эса ҳозирги пайтда энг илғор баҳоларни қўлга киритмоқда. Бироқ 15 июнда Япония пойтахти губернатори талон-тарож билан боғлиқ можаро туфайли истеъфога чиқиш учун ариза ёзди. Ёити Масудзоэ – сўнгги бир неча йил ичида Токиодаги шаҳар бошқарувида молиявий жанжал боис ўз мавқеини тарк этган иккинчи раҳбар ҳисобланади. 

18. Торонто, Канада

Ўтган йил давомида Торонто шу даражада гуллаб-яшнадики, кўплаб экспертлар уни янги технологик марказ деб атай бошлашди. Шунингдек шаҳар экологик сиёсат етакчиси сифатида ҳам қайд этилади. 2010 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ, турар жойлардан ташқари ҳар бир қурилган янги бино томида яшил боғ барпо этилиши керак. 

17. Сингапур

Сингапур Осиё шаҳарлари "Глобал элита"сига кирувчи иккита шаҳардан бири бўлса-да, унинг экологик кўрсаткичлари охирги йил ичида ёмонлашди. Бу унинг 14-ўриндан 17-ўринга тушишига сабаб бўлди. Бироқ ҳозирги пайтда, «AT Kearney» ҳисоб-китобига кўра, Сингапур интернет мавжудлиги бўйича дунё етакчиси ҳисобланади.

16. Женева, Швейцария

Женева шаҳар бошқаруви туркумида Швейцариянинг яна бир шаҳри - Цюрих билан бир қаторда етакчилик қилади. Иккала шаҳар аҳолиси ҳам кенг диапазонли частоталарга асосланган юқори имкониятли узатиш усулидан фойдаланишади, шунингдек телевизион янгиликларга энг қулай чиқувчи имкониятларга эга, бу эса шаҳарни умумий баҳолашда ижобий аҳамият касб этди. 

15. Мельбурн, Австралия

Бу йил Мельбурн тўртта категориядан бирида, аниқроқ айтадиган бўлсак - шахсий фаровонлик бўйича етакчилик қилмоқда. Мельбурнда сайёранинг бошқа шаҳарларига нисбатан инфратузилма, жон бошига ЯИМ, шунингдек тўғридан-тўғри хорижий инвестиция яхши томонга тезроқ ўзгармоқда. 

 14. Берлин, Германия

Амстердам, Лондон ва Париж билан бир қаторда Берлин шаҳри Европанинг "Глобал элита"си таркибига киради. Берлин ўзининг муваффақиятли экологик сиёсати билан машҳур, бироқ ўтган йил ичида унинг бу борадаги кўрсаткичи бироз ёмонлашди. Ҳукумат иссиқхона газлари чиқиндиларини 80-95 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқда. Шу боис у барқарор ривожланувчи дунё етакчиларидан бири бўлиб қолаверади.

13. Париж, Франция

Париж - маълумот алмашинуви туркумида дунё етакчиси, у фикрни эркин ифодалаш, ахборот агентликлари сони ва Интернетдаги фаолиятни ўз ичига  олади. Париж жорий фаолият ҳисоботи индекси бўйича 3-ўринни эгаллайди, шунингдек у тадбиркорлик ва тўғридан-тўғри инвестиция соҳаларидаги ижобий ўзгаришлар сабабли келажакдаги энг порлоқ шаҳарлар рўйхатида 19-ўриндан 13-ўринга кўтарилди. 

12. Сидней, Австралия

Барча тадқиқ қилинган шаҳарлар орасидан Сидней охирги беш йил ичида экологик кўрсаткичларни яхшилаш бўйича энг юқори суратларни кўрсатди. Бу борада унга фақат Мельбурн шаҳригина тенг келиши мумкин. Бундай ҳаракатлар шаҳарни экология соҳасидаги дунё етакчисига айлантирди. 

11. Чикаго, АҚШ

Сўнгги йиллар ичида Чикагодаги хусусий инвестициялар ва тадбиркорлик шу қадар яхши йўлга қўйилдики, бу шаҳарга энг истиқболли шаҳарлар рейтингининг 17-ўрнидан 11-ўрнига кўтарилишига ёрдам берди. Бостон, Сан-Франциско ва Нью-Йорк билан бир қаторда Чикаго Американинг "Глобал элита" шаҳарлари таркибидан жой олди. 

10. Цюрих, Швейцария

Ҳисоботга кўра, Цюрих шаҳар бошқаруви туркумида ишонч билан етакчилик сари қадам ташламоқда. Маҳаллий қонунлар бизнес ва инвестициялар ривожига қулай шароит яратмоқда, ҳукумат ошкоралик сиёсатини қўлламоқда, шаҳарнинг бюрократик органлари эса бошқа шаҳарларга қараганда яхши фаолият кўрсатмоқда. 

9. Мюнхен, Германия

Мюнхен шаҳри Хьюстон (АҚШ) ва Шэнчжэнем (Хитой) билан бир қаторда жон бошига энг кўп патент сонига эга бўлган шаҳар ҳисобланади, аммо экологик муҳитнинг ёмонлашуви боис у  истиқболли шаҳарлар рейтингида 7-ўриндан 9-ўринга пасайди. 

8.  Амстердам, Нидерландия

Ҳисоботга кўра, сайёрамиздаги 15та шаҳар "Глобал элита" сифатида эътироф этилди, бунинг боиси - улар энг муваффақиятли 25 шаҳар ва энг истиқболли 25 шаҳар рўйхатида қайд этилган. Амстердам - ана шундай шаҳарлардан бири. Хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши ҳамда хорижий инвестициялар шаҳарга юқори ўринларни забт этиш имконини беради ва порлоқ келажакни кафолатлайди. 

7. Стокгольм, Швеция

Швеция пойтахти баҳолашнинг тўрт мезони бўйича ўз кўрсаткичларини яхшилади. Бундан ташқари, айнан Стокгольм ҳозирги вақтда эркин  фикр билдириш бўйича дунёда етакчилик қилади. 

6. Атланта, АҚШ

Атлантада уч йўналиш бўйича ижобий силжишлар рўй берди: жон бошига патентлар сони, хусусий инвестициялар ва ёш олимлар учун ҳомийлик дастурлари кўпайди. Буларнинг барчаси шаҳарнинг ўтган йилга нисбатан 10 поғонага кўтарилишига имкон яратди. 

5. Хьюстон, АҚШ

Хьюстон жон бошига ЯИМ сони бўйича етакчилик қилмоқда, бу шаҳарнинг шахсий фаровонлигида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Шунингдек ўтган йил ичида Хьюстонда патент иловалар сони кўпайиши кузатилди. 

4. Лондон, Англия

«AT Kearney»нинг жорий кўрсаткичларга доир ҳисоботида Лондон 2008 йилдан бери биринчи марта Нью-Йоркдан ўзиб кетди. Бироқ бу ердаги экологик вазиятнинг ёмонлашуви уни истиқболли шаҳарлар рейтингида Нью-Йорк ва Бостондан кейинги ўринларга муносиб деб топди. 

3. Бостон, АҚШ

Бостонда ўтган йил давомида тадбиркорликнинг ривожланиши қайд этилган бўлса-да, у истиқболли шаҳарлар рейтингида худди ўтган йилдаги каби 3-ўринни эгаллади. Шунга қарамай, тадқиқотчилар шаҳарнинг тўрт мезон бўйича умумий баҳолари бироз кўтарилганини қайд этишди.  

2. Нью-Йорк, АҚШ

2015 - 2016 йилларда Нью-Йорк истиқболли шаҳарлар рўйхатида 4-ўриндан 2-ўринга силжиб,  2 поғонага кўтарилишга муваффақ бўлди. Бундай натижага шаҳар ичида бизнес-фаолликнинг ўсиши туфайли эришилди. 

1. Сан-Франциско, АҚШ

«AT Kearney» 6 йилдан бери бундай рейтингни тақдим этади ва ҳар йили рўйхатнинг энг юқори  пиллапоясида Сан-Франциско ўзгаришсиз қолади. Бу охирги йилларда шаҳарнинг энг ҳақиқий инновациялар марказига айлангани билан изоҳланади.