Жамият | 12:22 / 25.06.2016
8256
6 дақиқада ўқилади

Катта миқдордаги пулларни ноқонуний йўллар билан ўзлаштирган фирибгарлар қонун олдида жавоб бермоқда

1979 йилда Фарғона вилоятида туғилган А.Ёрматов олий маълумотли, бир оиланинг бошлиғи, уч фарзандинг отаси бўла туриб, ҳаётда тўғри йўлни танлай олмади. Бунинг натижасида бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилиб, суднинг қора курсисига ўтиришга ҳам улгурди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда. 

Аммо бундан ўзига тегишли хулоса чиқариш ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиш ўрнига бойлик орттириш пайига тушди. Бу йўлда эса у ҳар қандай қинғириклар  қилишга тайёр эди. Фирибгарликларини амалга ошириш учун эса ўзи каби темир панжара орти ҳаётини бир неча бор кўришга улгурган таниши - 1965 йилда Навоий вилоятида туғилган Б.Жалилов билан топишиб олди. “Кўр кўрни қоронғида топади”, деганларидек икки “уста фирибгар” анчагина содда инсонларни “чув” туширишди. Шундай  инсонлардан бири Анвар Бобомуҳамедов буларнинг қармоғига илинганини ўзи ҳам билмай қолди.

А.Бобомуҳамедов Олмазор туманида жойлашган уйини сотишга қарор қилди. Шунда унинг таниши А.Ёрматов пайдо бўлиб, унга “ёрдамга келди”. Абдувосиқ Анварга уйини қимматроқ нархда сотиш йўли борлигини айтади. Бу ишни “дўндириш” учун эса таниши – Б.Жалиловни тавсия қилади.

Абдувосиқ Баҳромни юқори лавозимда ишловчи, мансабдор шахснинг ишларини бажариб берувчи киши, деб таништиради. Абдувосиқ Баҳромнинг таърифини обдон келтириб, шундай дейди:

- Анвар, укам, бу дўстимиз жуда ишончли одам. У “Палончи Акахон”имизнинг кўчадаги “кўзи” ҳисобланади. У “акахон” бунга ўзларига ишонгандай ишонади. Бунинг маслаҳатларига қулоқ солсанг, кам бўлмайсан.

- Ҳа, шундайми?! Бизни ишимиз ҳақида ҳам бир оғиз айтиб қўйдингизми? - деди Анвар.

- Албатта-да! Баҳромжон, бу укамга ўзингизнинг қимматли маслаҳатларингиздан беринг-чи.

- Жоним билан. Менимча, Анваржон, сиз аввало банкдан кредит олсангиз маъқулроқ бўларди. Аммо ушбу кредитни олиш учун эса уйингизни нотурар жой қилиб, мен иш юритувчи бўлиб ишлайдиган МЧЖнинг балансига қўйиб, сўнг шу уйни гаровга қўйиш керак, - деб “ақлли” мулоҳаза қилди Баҳром.
- Вой-бўй, иши жуда кўп экан-ку, - деганича Анвар бошини қашлаб қўйди.

- Сиз ҳеч ҳам хавотир олманг. Мен борман-ку! Ҳаммасини “есть” қиламан. Фақат бу ишларни амалга ошириш ва кредит олиш учун юқори лавозимларда ишловчи мансабдор шахсларга 11000 АҚШ долларини “совға” тариқасида бериш лозим. Хўш, таклифимга розимисиз? - Баҳром савол назари билан иккиланиб турган Анварга боқди.

Уларнинг суҳбатига бир оз қўшилмай турган Абдувосиқ, энди ўзининг роль ўйнаш вақти келганини сезиб, орага суқилди:

- Хўп, деяверинг, Баҳром сиз каби яхши одамларнинг ҳожатини кўп бор чиқарган. Хафа бўлмайсиз, ахир ўртада мен турибман-ку.

Нима жавоб қиларини билмай турган Анвар Абдувосиқнинг бу сўзларидан кейин Баҳромнинг таклифига рози бўлганини ҳам сезмай қолди.

2014 йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Миробод туманида жойлашган “Марказий универсал магазин” савдо маркази олдидаги кафеда Анвар, Абдувосиқ ва Баҳромлар учрашдилар. Анвар келишилган 11000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни Баҳромга беради. Баҳром пулни ола туриб:

- Пулнинг ҳаммасини керакли одамларга бераман. Аммо ҳужжатларни расмийлаштириш учун кетадиган тўловлар ҳам бор эди. Шунинг ҳам харажатини берасиз энди.
Анвар Баҳром сўраган 1370000 сўм пулни ҳам беради. Шунда улар биргаликда бир неча ташкилотларга киришади ва Анвар бир қанча ҳужжатларга имзо қўяди.

Анвар Баҳромнинг ёлғон ваъдаларига “лаққа” ишонди. Шунча катта миқдордаги пулларни алдов йўли билан қўлга киритгач, фирибгарлар “йўқ бўлиб кетишди”. Анвар уларга қўнғироқ қила-қила  топа олмади. Ниҳоят бир неча ойдан сўнг Анвар Баҳромни қидириб топди. Ундан берган  пулларини қайтариб беришини талаб қилади. Аммо улар аллақачон бу пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган эдилар.

“Пихини ёрган” фирибгарнинг тузоғига илиниб, катта миқдордаги пулидан айрилиб қолганини тушуниб етган Анвар ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Айбланувчилар А.Ёрматов ва Б.Жалиловлар ўзларининг айбларига қисман иқрор бўлсалар-да, уларнинг айблари ариза, тушунтириш хатлари, юзлаштириш тергов ҳаракати ва жиноят иши бўйича тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ҳам ўз тасдиғини топди. Фирибгарларнинг асл қиёфаси очилди. 

“Емоқнинг қусмоғи бор”, - деганларидек, охир оқибатда Абдувосиқ ва Баҳромларнинг фирибгарликлари ошкор бўлиб, бугунги кунда улар қонун олдида жавоб бермоқдалар.