Жамият | 19:12 / 05.07.2016
2933
5 дақиқада ўқилади

“Google” авлоди

Кундалик ҳаётингизда ҳисоб-китоб билан тўқнашганингизда дарров калькуляторни қўлга олишга шошиласиз. Ваҳоланки, буни онгингизда ҳам ҳисоблай оласиз. Нега унда қурилмага мурожаат этасиз? Ё техника имкониятларидан фойдаланишга кўникиб, оддий ҳисоблаш амалларини ҳам бажара олмайдиган бўлиб қолдикми? 

“Бугун ҳафтанинг нечинчи куни?” – суҳбатдошингизнинг саволига жавобни топиш учун телефон экранидаги санага бир қараб оласиз. Аслида бугун қайси кун эканини унутган бўлсангиз-да, бироз фикр юритиб ёддан айтиб беришингиз ҳам мумкин-ку? Йўқ, қўл остингиздаги қурилмаларга автоматик тарзда мурожаат қилишга ўрганиб қолгансиз. Ваҳоланки, бундан 100-200 йил илгари бундай “шпаргалкалар” бўлмаган ҳам. Бошқа томондан қараганда, сана, ҳафта кунини атрофимиздагилардан сўрашимизнинг ўзи кулгили. Наҳот хотирамизга шу қадар элементар ахборотларни ҳам сиғдира олмасак? Демак, технологиялар инсоннинг фикрлаш қобилиятини тортиб олаётган экан-да?

Дунёга машҳур Аррlе брендининг асосчиси Стив Жоббс бугунги авлодга “Google” амакининг фарзандлари” деб таъриф берган эди. Авваллари толиби илмларга билмаганни сўраб ўрганиш  уқтириларди. Ҳозир, ҳам сўраймиз. Фақат кимдан?  Муддаойингизни буйруқлар қаторига киритасиз ва тайёр жавобни оласиз. “Гугллаш”  - мана бугунги кунда кўплаб саволларингизнинг ечими.  Китоб титиш, луғат, энциклопедия варақлаш эса кўпчиликка эскиликдай туюлади. Ахир бир неча сония сарфлаб тайёргина жавобни олиш осонроқ-да! Лекин, техника тараққиёти бу билан тўхтаб қолгани йўқ. “Google” топилмаларини ўқишга ҳам эринадиган фойдаланувчилар учун маълумотларни исталган тил, овоз, темпда ўқиб берувчи махсус “Тalk” хизмати ҳам йўлга қўйилди. Фалсафа қонунларида айтилганидек, имконият талаб бўлгандагина юзага келади. Қарангки, тайёр маълумотни ўқиб чиқишга ҳам эринадиган бўлиб қолибмиз...

Қачонлардир одамлар йўлни юлдузларга қараб топишган, қуёш чиқишига қараб қутблар аниқланган. Ҳозирги кунда эса одамлар ана шундай тадқиқ, кузатув, таҳлил, талқин ёрдамида хулоса чиқариш қобилиятини бой бермоқда. Эътибор берсангиз, сўнгги пайтларда автомобилни навигаторлар орқали бошқаришга эҳтиёж ортмоқда. Ваҳоланки, аксарият фойдаланувчилар ўзи яшайдиган шаҳар ҳудудини яхши билишади. 
Об-ҳаво ўзгаришини қачонлардир одамлар турли жониворларнинг ўзини тутиши, шамол йўналиши ва шунга ўхшаш бошқа белгиларга қараб олдиндан аниқлай олишган, деҳқончиликни шунга қараб чамалашган. Сиз-чи? Нима учун атрофингизни кузатиш, салгина синчков бўлишдан шу қадар йироқлашиб кетдингиз? Ҳа, албатта, ахир 1-2 ойлик об-ҳавони хатосиз кўрсатиб берадиган интернет дастурлари бўлганидан кейин, кузатишга не ҳожат?  

Технологиялар катта қулайликлар ва имкониятларни юзага келтиргани бор гап. Аммо одамлар техникадан фойдаланишга шу қадар ўрганиб қолдики, оддий ҳақиқатни таҳлил қилиш, фикр юритиш орқали аниқлашга эринадиган бўлди. Технологиялар туфайли инсон фикрлаш эҳтиёжини сезмай қолди. Компьютер, интернет, навигатор, планшет – буларнинг барчасини инсоннинг фикрлаш қобилиятига дахл қилаётир. Биргина “Word” матн муҳаррирининг ўзи сизнинг қанчадан-қанча интеллектуал имкониятларингиздан фойдаланишга йўл қўймайди. Чунки ёзганларингизни шу заҳоти грамматика қоидалари асосида тўғрилаб кетади. Дастурнинг бу имконияти туфайли кўпчилик саводхонлик ҳақида қайғурмай қўйди ҳам. Ахир қандай ёзманг, робот ҳамма камчиликларингизни тўғирлаб, хатосиз қилиб чиқариб бераверади. Бироқ, компьютер шунчаки робот, машина-ку, у сўз латофатини ҳис қила олармиди?  

Технология мислсиз тараққиёт босқичига кўтарилишга кўтарилдию, аммо одамларни ақллироқ, билимлироқ қилди деб бўлмайди. Эътибор берсангиз, техника қурилмаларининг янги русумлари ихтиро қилиниши билан улардан фойдаланиш борган сари осонлашиб, оддийлашиб кетмоқда. Қурилма амални бажараверади, лекин фойдаланувчи  робот буни қандай амалга оширганини билмай қолади. 

Ҳар куни компьютерда ишлайсиз, лекин ушбу қурилманинг фундаментал ишлаш принципларини айтиб бера оласизми? Мобил телефоннинг сўнгги русумларини биринчи бўлиб сотиб олишга ўрганиб қолган танишларингиздан алоқа воситаларининг нима учун “уяли” деб юритилиши ҳақида сўраб кўринг-а, жўяли жавоб ололмайсиз. 

Олимларнинг фикрига қараганда, машина интеллект даражаси бўйича инсон билан деярли тенглашди. Лекин инсоннинг ўзи-чи? Машинадан ортда қолиб кетмаяптими?

Моҳларойим ҚАЮМОВА

Мавзуга оид