“Менга нима?”
– “Ур уни!”, – “Йиқит!”, – “Оч биқинига сол!”. ЎзМУ қошидаги академик лицей ҳовлисида кўтарилган шовқин-сурон ўқув хоналаригача эшитилди. Дарс бўлаётганига қарамасдан, йигитлар ўзини ҳовлига отди. “Ҳай” дейишга улгурмаган ўқитувчи “Майли, муштлашганларни ажратишади”, деб қўйди. Бироқ ур-йиқитнинг овози тинавермагач, ҳовлига югурди. Не кўз билан кўрсинки, икки йигит ёқалашиб, бир-бирини аямай уряпти. Уларнинг атрофини ўраб олган “ўртоқлари” эса томошани маза қилиб кузатаётган ё қўлидаги телефон орқали “тарихий” кадрларни тасвирга тушираётган эди.
Бу воқеанинг ўқувчига янгилик тарафи йўқ. Зотан, даҳанаки жанжални суратга олиш айрим ёшлар орасида урфга айланган. Одатда бундай видеороликлар интернетда тез тарқалиб кетади. Яқиндан бошлаб, автоҳалокат ёки бошқа фожеаларнинг ҳам видеолавҳалари интернетда пайдо бўла бошлади. Уларнинг бирида жиззахлик ватандошимиз машина салонида қонга беланиб ётади, “оператор” эса суратга олишда давом этмоқда... Қизиқ, ҳалоқат гувоҳи бўлган кишининг хаёлига биринчи бўлиб келадиган фикр – воқеани суратга олишми? Ёрдам қўлини чўзиш-чи? Кимнингдир фожеасига бу қадар совуққон қараш мумкинми? Умуман олганда, бефарқликнинг чегараси борми?
Ғарбда кишининг кишига бефарқлигига хотиржам қаралади. Шарқона менталитет эса буни хазм қилолмайди. Қулоғида “наушник”, кўзи телефон экранига қадалган ҳолда одамлар орасида автоном яшаш – Шарқона турмуш тарзи ва фалсафасига зиддир. Катта авлод вакиллари кўпинча ёшларнинг жамиятга бегоналашиб кетгани, оддийгина ҳамдардлик ҳисини унутиб қўйгани ҳақида ачиниб гапиришади. Хўш, аслида ҳам шундайми? Бугуннинг ёшлари лоқайдлашиб кетган бўлса, кечанинг одамлари қандай эди?
– Халқимиз азалдан жамоавийликнинг тарафдори бўлган, – дейди 75 ёшли тошкентлик Рахимжон ота Сотволдиев, – Айтайлик, уй-жойини таъмирламоқчи бўладими, тўй-ҳашамга тайёргарлик кўрадими – бу ишларни қўни-қўшни, маҳалла-кўй бир ёқадан бош чиқариб қилган. Кейинчалик бу одат ҳашар деган халқона номни олган. Одамлар дўст-ёри ҳашарга айтиб келганида, буни ортиқча ташвиш эмас, жамоа олдидаги бурчи деб билган. Бугун эса фақат ўз манфаатини қўзлаб яшайдиган одамлар қўпайиб кетгандай. Ваҳоланки, халқимиз орасида бировнинг кўнглиини олиш, кимнингдир мушкулини осон қилиш қадрият саналган.
Хўш, қадриятлар ўзгардими? Одамлар-чи? Бугун кўпчилик ўзининг шахсий сифатлари қаторида “бировнинг ишига аралашмаслик”ни ҳам келтиради. Шунингдек, жамоатчиликнинг фикрига қизиқмаслик ҳам урф бўлган “фазилатлар”дан биридир. Бирор воқеага нисбатан бепарволигини эса “нейтрал муносабат”да эканлиги билан изоҳлашади. Аслида нейтрал бўлиш ва бефарқ бўлиш умуман бошқа-бошқа тушунчалардир. Нейтралитет бу бирор можарода ҳеч қайси тарафнинг ёнини олмаслик демакдир. Бундан фарқли равишда бефарқлик муайян ҳолатларга нисбатан алоҳида муносабат бўлмай, кишининг доимий психологик ўзига хослигидир. Рус ёзувчиси Антон Павлович Чехов бепарволик сўзига ниҳоятда эсда қоларли таъриф берган: “Бепарволик – қалб фалажи, унинг эрта ўлимидир”. Шу маънода, адиб бефарқликни кишининг маънавий ўлимига қиёслаган. Шунингдек, бу қарашни дунё динларининг аксариятида учратиш мумкин. Масалан, насронийларнинг “Инжил” китобида “лоқайд киши” ўрнида “ўлик” сўзи қўлланган. Файласуфлар ана шу қалби ўлик, атрофида юз бераётган воқеларга лоқайд қишилардан эҳтиёт бўлишга чақиришган. Зотан, Шарқда бир ҳикмат бор: “Душманларингдан қўрқма – нари борса улар сени ўлдиришлари мумкин. Дўстларингдан қўрқма – нари борса улар сенга сотқинлик қилишлари мумкин. Бефарқлардан қўрқ – улар ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, бироқ уларнинг сукут ва розилиги билан дунёда сотқинлик ва қотиллик юз беради”.
Моҳларойим ҚАЮМОВА
Мавзуга оид
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024
Имтиҳонлар тугади. Абитуриентларнинг ярми тестдан йиқилди
12:30 / 25.07.2024