Light | 15:00 / 08.07.2016
26989
4 дақиқада ўқилади

Тўпқопи сирли сарой

Қадимий  ва сирли Истанбул шаҳрининг диққатга сазовор жойларидан бири, “Муҳташам 100 йил” фильмининг асосий қаҳрамони Султон Сулаймон қароргоҳи бўлмиш “Тўпқопи саройи”дир (ўзбекчада “Тўпли дарвоза саройи”).

Таҳлилчилар “Тўпқопи саройи”ни худди Истанбул каби жуда ҳам сирли эканини таъкидлашади. Саройга бу ном султон ҳар гал саройдан чиққанда ва кирганда тўп отилгани боис берилган.

Тўпқопи саройи Султон Аҳмад ва уч марта қайта тикланган Аё София масжидлари билан деярли ёнма-ён жойлашган. Саройнинг гуллаб-яшнаган даврида бу ерда 4-5 мингга яқин киши истиқомат қилгани айтилади.

Бироқ саройда қандайдир тадбир ўтказиладиган бўлса, у ўзида 10 мингга яқин кишини сиғдира олган. Султон ошхонасида бир вақтнинг ўзида мингга яқин ошпаз ишлаган. Бир йилда саройга 30 мингта жўжа, 23 мингта қўй, 14 мингта бузоқ олиб келинган. Айни дамда ошхона хитой, япон ва турк чиннилари ҳамда Венеция шишалари музейига айлантирилган. Сарой жавоҳирлари Маҳмуд Фотиҳ қароргоҳида намойиш этилади.

1459 йилда Султон Маҳмуд Фотиҳ томонидан қурилиши бошланган Тўпқопи саройи 1924 йилдан бошлаб музейга айлантирилган. Айни дамда умумий майдони 700 минг квадрат метр бўлган саройга кириш ҳақи 10 доллар бўлиб, йил давомида зиёратгоҳдан сайёҳатчилар аримайди.

Саройнинг айрим ҳудудларига кириш учун алоҳида чипта сотиб олиш керак бўлади. Бугунги кунда Тўпқопи музейи коллекциясида сақланаётган шарқ чинни идишлари бўйича Пекин ва Дрезден саройларидан сўнг учинчи ўринда туради. Бу ерда 10 минг 700та буюм сақланади. Жаҳоннинг энг машҳур музейларидан бири ҳисобланмиш Тўпқопи сарой-музейида маданият ёдгорликлари – қадимий қўлёзмалар, хитой ва япон чиннилари, қурол-яроғлар, султонларнинг кийим-бошлари кўз қорачиғидек сақланмоқда. Тўпқопи музейи ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Истанбулга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ Тўпқопи саройини бир марта томоша қилмасдан кетмайди.

Тўпқопи нафақат ҳашамати билан, балки ўша замон сирларини ўзида сақлагани билан ҳам тарихга кирган. Бунга Олтин панжара деб аталмиш бино мисол бўла олади. Бу ерда асосан тахт ворислари истиқомат қилган. Меросхўр шаҳзодалар бир-бирлари билан асло учрашмаган. Улар 18 ёшга қадар саройда тарбияланиб, кейинчалик мамлакатнинг турли вилоятларига юборилган. Шаҳзодаларнинг кўпчилиги сарой фитнасининг қурбонига айланган. Уларнинг ўлими билан боғлиқ тафсилотлар саройдан ташқарига чиқмаган, сирлилигича қолган.

Салкам 400 йил давомида (1465-1853 йилларда) турк султонларининг қароргоҳи бўлган Тўпқопи саройида шу йиллар мобайнида 25 нафар ҳукмдор мамлакатни бошқарган. Тарихчиларнинг сўзларига қараганда, ҳар бир султон даврида саройда ёнғин чиққани боис, мунтазам таъмирлаб келинган. Шу сабабли ҳам бири—биридан деворлар билан ажратилган тўртта ҳовлидан иборат Тўпқопи саройининг ҳозирги кўринишида ҳар бир султоннинг ҳиссаси бор дейиш мумкин.

Истанбулнинг тарихий марказидаги Тўпқопи саройи 17 асрга келиб ўз аҳамиятини йўқота борган. Бунга 1854 йилда Босфор соҳилларида европалик меъморлар иштирокида 285та хона, 46та зал ва галерея, 6та ҳаммоми  бўлмиш “Дўлма боғча” номини олган сарой қурилиши сабаб бўлган.

Шарофиддин Тўлаганов таржима қилди