Жамият | 12:33 / 08.07.2016
8192
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон санъат саройларида ўтказилаётган “жонли концерт”лар кўрсаткичи 30 фоизга етди

Бугунги кунда эстрада санъати соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида, Концерт-томоша тадбирлари сифатини янада ошириш, фонограммасиз концерт тадбирларини ташкиллаштириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2015 йил 9 декабрь куни Қарор имзоланди.
Мазкур қарор билан:

- Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом;

- Концерт-томоша тадбирини ташкил этиш учун бир марталик рухсатнома бериш тартиби ҳақида Низом тасдиқланди.

Шунингдек, яккахон ижрочиларнинг малака (профессионал) сифатларини мунтазам ва холисона баҳолаш мақсадида ҳар йили (улар лицензия олган кундан бошлаб) ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи, яккахон ижрочиларнинг ижодий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни ўрганиши ва уларни жонли ижрода эшитиш тизими жорий этилиб, жонли ижро асосида маҳорат синовларидан ўта олмаган санъаткорлар 3 ойдан сўнг қайта имтиҳон топшириши белгиланди.
Мазкур Қарор асосида концерт-томоша тадбирларига бир марталик рухсатнома бериш юзасидан Эксперт комиссияси тузилиб унинг таркибига Республика манъавият тарғибот маркази, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон санъат арбоби каби малакали режиссёр, балетмейстер каби мутахассислар киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг буйруғига асосан, махсус концерт дастурларида фонограммадан фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш бўйича комиссия ва ишчи гуруҳи тузилган. “Жонли ижро” дея эълон қилинган концерт дастурлари таҳлил қилиб борилади. Фонограмма элементлари қайд этилган тақдирда, истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши ҳамда истеъмолчига нотўғри маълумот бергани сабабли ташкилотчиларга амалдаги қонунчиликка асосан тегишли чоралар кўрилади. 

2015 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, концерт-томоша тадбирларига бир марталик рухсатнома бериш Эксперт комиссияси томонидан санъаткорларга концерт дас¬туридан ўрин олган қўшиқларнинг камида 60 фоизидан ортиғини жонли ижро этиш лозимлиги ҳақида тавсиялар берилмоқда. 

Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, 2009 йилдан 2014 йилга қадар санъаткорлар томонидан ҳавола этилган концерт дастурларида 1 ёки 2 дона “жонли ижро”даги қўшиқлар ижро этиларди. Бугунги кунга келиб, юртимиздаги санъат саройларида ўтказилаётган концерт дастурларининг 30 фоизи “жонли ижро” ҳамда 70 фоизидан ортиғи “фонограмма”  орқали ижро этилмоқда.