Эрдўғаннинг ҳарбий тўнтаришга қайтараётган муносабати аксилтўнтаришга ўхшамоқда
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг мамлакатдаги ҳарбий тўнтаришга бўлган муносабати аксилтўнтаришга ўхшаб кетмоқда. Бу ҳақида The Guardian нашрида мақола ёзилган.
Манбанинг ёдга солишича, бир ҳафта илгари юз минглаб одамлар ҳарбий тўнтариш ҳаракатига қаршилик қилиш мақсадида Туркия кўчаларига чиқишганди. Бироқ энди ҳукумат Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг таъсирини вақтинчалик бекор қилганидан ҳамда мамлакатда олти ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан сўнг баъзилар ўйланиб қолди. Зеро, бундай вазият Эрдўғанга парламент билан маслаҳатлашмай давлатни бошқариш имконини беради. Қатағон нафақат либерал демократия принципларининг сақланиши, балки мамлакат барқарорлиги ва иқтисодиёти учун ҳам ҳеч қандай фойда бермайди.
Эрдўғаннинг тарафдорлари у каби фавқулодда ҳолат эълон қилган Францияга ишора қилишмоқда ҳамда бу демократия таҳдиди эмаслигини таъкидлашмоқда. Бироқ, Туркияда рўй бераётган воқеалар Франция президенти Франсуа Олланд йўлга қўйган чора-тадбирлардан анча фарқ қилади. Кенг кўламли тозалаш ишлари доирасида турк ҳукумати турли касбдаги ўн минглаб кишиларни ҳибсга олди ва ишдан четлатди. Мамлакатни олдинда бундан-да кўп қатағонлар кутиб турган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Манбага кўра, Эрдўған фақатгина кучнинг радикал намойиши орқали ҳукуматнинг заиф тизимини мустаҳкамлаши мумкин деб ҳисоблайди. Ички тартибсизликлар натижаси ҳозирданоқ аён - турк лирасининг қадри ҳамда Истанбул биржасининг фонд индекси пасайди, қарз масаласида ҳам вазият ёмонлашди.
НАТО учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Инжирлик авиабазаси фаолияти тўхтатиб қўйилгандан кейин иттифоқдошлар билан муносабатлар қандай тус олиши хали номаълум.
Ҳозирча Эрдўғаннинг ҳаракатлари тушунарсиз, у ҳарбий тўнтаришга уринишдан анчадан бери мўлжаллаб юргани - мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш мақсадида фойдаланадими ёки йўқ, буниси номаълум. Агар шундай бўлган тақдирда, бу унга ўз ҳукмронлигини кучайтириш имконини беради.