1995 йилнинг 26 март куни кучга кирган Шенген Битими 1985 йилда Люксембургнинг Шенген шаҳрида 5 та давлат томонидан имзоланган эди. Ўшанда еттита мамлакат - Бельгия, Франция, Германия, Люксембург, Нидерландия, Португалия ва Испания ўртасида паспорт назорати бекор қилинган эди. 1997 йилда Шенген худудига Италия ва Австрия, 2000 йилда Греция, 2001 йилда эса Скандинавия паспорт Иттифоқига аъзо Дания, Финляндия, Швеция ҳамда Европа Иттифоқининг аъзолари бўлмаган Исландия ва Норвегия қўшилди.
2007 йилда яна 9 мамлакат — Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Мальта, Польша, Словакия ва Словения Шенген ҳудудининг аъзолари бўлди. Бу давлатларнинг ҳаммаси уч йил аввал Европа Иттифоқига кирган эди. Швейцария Шенген ҳудудига 2008 йилнинг 12 декабрь куни, Лихтенштейн эса 2011 йилнинг 19 декабрида кирди. Айни дамда Шенген ҳудуди 400 миллион аҳоли истиқомат қилади, унинг майдони 4 миллион 312 минг 99 квадрат километрни ташкил қилади. Ўтган 20 йил давомида Шенген ҳудудига 30 та давлат кирган бўлиб, амалда 26 та давлатда чегара назорати бекор қилинган. Бу Европада ҳужжатсиз юрса бўлади, дегани эмас. Ҳар бир мамлакатда божхоначилар, полиция ходимлари ва чегарачилар сиздан шахсингизни тасдиқловчи ва мазкур мамлакатда юриш учун рухсат берувчи ҳужжат талаб қилишлари мумкин.

Буюк Британия ва Ирландия Шенген Битимини имзолаган бўлишига қарамай, паспорт назоратини кучда қолдирган. Шу сабабли ҳам бу икки мамлакатга борувчилар, албатта, виза олишлари керак бўлади. Ҳозирча Европадаги Болгария, Руминия ва Кипр Шенген ҳудудига кирмайди. Айни дамда ҳудудга Болгария ва Руминия киришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу икки мамлакатнинг Шенген ҳудудига киришига Франция, Нидерландия ва Германия қаршилик кўрсатмоқда. Тахлилчилар ҳозирча Болгария ва Руминиянинг Шенген ҳудудига кириш йўлида бирор бир силжишлар кўзга ташланмаётганини айтишмоқда. Бунга бу давлатларнинг коррупцияга қарши самарали кураш олиб бормаётгани сабаб сифатида кўрилмоқда. Шимолий Кипр билан боғлиқ муаммо туфайли Кипрнинг Шенген ҳудудига кириши номаълум муддатларга кечиктирилди.
Болгария, Руминия, Хорватия ва Кипр ўртасида “Мини-Шенген” битими амал қилади. Яъни, бу мамлакатлардан бирига виза олсангиз бўлди, қолган уч давлатга бемалол бориш имкониятига эга бўласиз.
Шенген ҳудудига Европа Иттифоқининг аъзоси бўлмаган Исландия, Норвегия, Швейцария ва Лихтенштейн, шунингдек, Европадаги учта мини-давлат Монако, Сан-Марино ва Ватикан ҳам аъзо бўлиб кирган. Андорра билан ҳам ички чегара назорати йўқ. Шенген қоидасига кўра, аъзо мамлакатлар чегараларида назорат бекор қилинган.








