“Ўзэлтехсаноат”: Cаноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 117 фоизга ошди
"Ўзэлтехсаноат" акциядорлик компаниясида компания фаолиятининг 2016 йил биринчи ярми якунлари ва 2016 йилга белгиланган иқтисодий параметрларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган бошқарув йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йилнинг 15 январида республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларининг "Ўзэлтехсаноат" АК ва унинг таркибига кирувчи корхоналар томонидан амалга оширилиши танқидий таҳлил қилинди.
Мажлисда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шу йилнинг биринчи ярмида "Ўзэлтехсаноат" АК тизимида иқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатларини сақлаш таъминлангани қайд этилди. Ҳисобот даврида саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 640,8 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 117,9 фоиз ўсишига эришилди. Шунингдек, тармоқ корхоналари томонидан 217,4 млрд. сўмлик халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич 118,3 фоиз ўсишга эришилганлигини қайд этди. Жумладан, электр чангютгичлар ишлаб чиқариш 2,7 баробар ўсди, 50,8 минг дона кирювиш машиналари ишлаб чиқарилгани ҳолда 158,9 фоизга ўсишга эришилди.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 21,5 фоизи экспортга йўналтирилди. Компания тизимида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган 36 та лойиҳа ижроси бўйича биринчи ярим йиллик якунларига кўра ишлаб чиқариш ҳажми 156,3 млрд. сўмни ташкил этди ёки прогноз кўрсаткичлари 121,5 фоизга бажарилди. Тармоқда фаолият кўрсатаётган корхоналар рентабеллигининг ўсиб бориши натижасида худудларда, айниқса, қишлоқ жойларда қўшимча янги иш ўринлари яратилиши таъминланмоқда.
Мажлисда 2016 йил биринчи ярмига белгиланган иқтисодий параметрларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар танқидий кўриб чиқилди ва компания таркибига кирувчи қатор корхоналар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Муҳокамалар давомида тармоқда таркибий қайта ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, шу жумладан, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни босқичма-босқич кўпайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни аниқлаш бўйича устувор вазифаларнинг амалга оширилиши ва натижадорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш борасида белгиланган режаларни бажара олмаётган ва иқтисодий қолоқ корхоналар фаолияти жиддий танқид қилинди ва бундай корхоналар фаолиятида мавжуд имконият ва захиралардан унумли фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.
Мажлисда корхоналар экспорт салоҳиятини ошириш, инвестиция ва худудий дастурларнинг ижросини таъминлаш, “Соғлом она ва бола йили” Давлат Дастури ва янги иш ўринлари яратиш дастури ижросида фаол иштирок этиш, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.