Жаҳон | 12:50 / 27.07.2016
26753
4 дақиқада ўқилади

Поезд деразасидан боққан кўзлар ёхуд Душанбе-Москва йўли бўйлаб саёҳат

Тожикистондан Москвага қадар поездда кетиш жуда зерикарли, бунинг устига тўрт кун вақт кетади. Аммо кўпчилик айнан уни танлайди. Ана шу мавзуга бағишланган “Ҳаёт йўли” деб номланган фоторепортаж "Россия для всех" нашри томонидан эълон қилинди


Аслида Тожикистон одамлари Москвага самолётда боришади. Автобуслар деярли юрмайди. Поездда кетиш нархи эса парвоз нархига тўғри келмайди.

Июнь ойида Қизил Хоч ва Қизил Яримой ташкилотларининг қўллаб-қувватлашлари билан “Инсонпарварлик поезди – соғлом муҳожирлар” марафони старт олди. Акция муҳожирлар ҳуқуқларининг бузилаётгани ва уларнинг саломатлигига эътибор қаратиш мақсадида ўтказилди.

Ташкилот ходимлари тўрт кун давомида "Душанбе-Москва" поездида манзиллари сари ошиқаётган йўловчилар билан суҳбатлашди. Суҳбат мавзуси Россияда бўлиш қонун-қоидалари, шунингдек, ОИВ, сил, гепатит сингари хавфли касалликлар профилактикаси ҳақида бўлди.

Тожикистондан Москвага қатновчи поезд Душанбедан бир ҳафтада икки марта, Хўжанддан эса бир ҳафтада бир марта юради. Вагон ва локомативлар собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқарилганлари.

Бир рейсда 700 нафар йўловчини ташиш мумкин. Ҳар йили темир йўл қатнови ташувчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам фойдасиз бўлиб бормоқда.

2014 йилнинг март ойида поезд чипталари нархи қимматлашди ва баҳоси  авиачипталар билан деярли тенглашди. Аммо шунга қарамай кўпчилик тожикистонликлар поездда кетишни афзал кўришади.

"Қимматбаҳо авиачипталар темир йўл хизматига мурожаат қилишга мажбур этади. Сўнгги икки йилда Тожикистонда ишлашга ҳаракат қилдим. Хусусий компаниялардан бирида ишладим, аммо у ердаги маош жуда кам эди. Таксист сифатида ишлашга ҳаракат қилдим. Бироқ барибир бўлмади", — деб ҳикоя қилади беш нафар боланинг отаси Ислом.

У мутахассислиги бўйича тикув фабрикасида техник-уста. Сўнгги 20 йил ичида Россияга қатнайди ва қурилишда ишлайди.

Ўзбекистон чегарасида поезд ўта диққат билан кўздан кечирилади. Ўзбекистон ҳудудида йўловчиларга фотосуратга тушириш тақиқланади. Агар кимда ким шу ишни қилса унинг қурилмаси конфискация ёки йўқ қилинади.

Поезд учинчи кун деганда Қозоғистонга кириб келади. Атирау станциясида йўловчилар миқдори кўпаяди. Айнан шу дамдан Қизил Хоч ходимлари йўловчилар билан мулоқотга фаол киришишади.

"Суҳбатнинг илк аломатларидан йўловчиларнинг қонуний ҳуқуқлари ва касалликларга қарши профилактика ҳақида маълумотлари етарли эмаслиги аён бўлади ", — дейилади акция ҳисоботида. Муаммолардан яна бири тожикистонликларнинг рус тилини унча яхши билмасликларидир. 

Учинчи кун якунида поезд Россия чегарасини кесиб ўтади. Биринчи бекат –Астрахан вилоятининг "Владимировка" станциясидир. Биринчи йўловчилар кейинроқ келадиган "Волгоград-1" бекатида тушиб қолишни бошлашади. Кўпчилик Москвада тушади.

Орадан роппа-роса тўрт кун ўтгач, Тожикистондан йўлга чиққан поезд Россия пойтахтига кириб келади.

Платформада уларни яқинлари кутиб олади. Улар ичида Россия Қизил Хоч ташкилоти ходимлари ҳам бор. 

Ҳаёт оқими шу тарзда давом этади. Тақдирлар ўз умрини яшайди, поезд ғилдираклари эса тақара-туқур этганча манзиллари томон ошиқади.

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади