Давлат тест маркази абитуриентларга тест синовларни ўтказиш тартиб-қоидаларини эслатиб ўтди.

«Сизлар тест синовларини муваффақиятли топширишингиз учун тест синовларни ўтказиш тартиб-қоидаларини, тест жараёнида ўзингизнинг вазифаларингиз, мажбуриятларингиз ва ҳуқуқларингизни аниқ билишингиз ва тест синовларини ўтказиш тартибига риоя қилишингиз талаб этилади», — дейилади хабарда.

Абитуриентлар тест синовлари ўтказиладиган куни бино ҳудудига соат 8.00 гача, аудиторияга соат 8.30 гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан киритилади. Тест синовлари бошланган (соат 8.30)дан кейин абитуриент аудиторияга киритилмайди.

Соат 8.30 дан 9.00 гача абитуриентлар жавоблар варақасини тўғри тўлдириш тартиби билан танишади ва унинг тегишли жойига ўзлари тўғрисидаги маълумотларни ёзади. Бу вақт тест ўтказиш учун ажратилган вақт меъёрига кирмайди.

Тест бошлангандан кейин ҳеч ким аудиторияга киритилмайди ва тест топшириқлари бўйича абитуриентлар билан савол-жавоб қилинмайди.

Абитуриент жавоблар варақаси рақами билан саволлар китоби рақамининг бир-бирига мослигини ва саволлар китобида фанлар бўйича тест саволларида типографик хато ёки бошқа нуқсонлар йўқлигини текширади. Агар тест саволларида нуқсон бўлганда дарҳол бу ҳақда аудитория раҳбарига хабар беради.

Абитуриент жавоблар варақаси берилгандан кейин абитуриент рухсатномаси ва титул варақасининг тегишли жойларига жавоблар варақаси рақамини кўчириб ёзади. Шундан сўнг, титул варақасида кўрсатилган махсус кодини жавоблар варақасига кўчириб ёзади ва тегишли доирачаларни бўяйди.

Абитуриент жавоблар варақасининг 1-блокига ва саволлар китоби муқовасининг белгиланган жойига ўзи ҳақидаги тегишли маълумотларни ёзиб, имзо қўяди.

Саволлар китобидаги ҳар бир фан 36 та топшириқни ўз ичига олади. «Математика (информатика билан)» фанидан тест саволлари «Математика» фани бўйича 30 та савол, «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича 6 та саволдан иборат бўлади.

Абитуриентга тест топшириқларини бажариш учун қуйидаги вақт меъёрлари белгиланади:

72 саволга — 2 соат;
108 саволга — 3 соат.

Ҳар бир саволга 4 тадан («А», «B», «C», «D») жавоблар варианти берилган бўлиб, абитуриент улардан фақат биттасини саволлар китобчасида белгилаши (саволлар китобида белгиланган жавобларни ўзгартириш мумкин), кейинчалик жавоблар варақасига белгиланган тартибда бўяши керак (жавоблар варақасида белгиланган жавобларни ўзгартириш мумкин эмас).