Тўғри келган нарсани суриштирмай, ўзиники қилиб олиш, ундан фойдаланиш ҳайвонга хосдир. Инсон ҳалол ҳаромни ажратиши билан ҳайвондан фарқ қилади. Мусулмон киши ҳаромдан ҳазар қилишда ўта масъулиятли бўлиши керак. Акс ҳолда, уни дунёда ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибат кутади.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Одамларга бир замон келадики, унда киши молни қандай қўлга киритганига, ҳалолдан ё ҳаромдан топганига эътибор қилмайди”, дедилар”.
 
Одамлар ҳақиқий Исломдан узоқлашиши натижасида ҳалол билан ҳаромни ажратиш гўёки иккинчи даражага тушгандек. Мол-дунё тўплаш, яхши ҳаётга осон эришиш учун айрим кишилар ҳаромдан, жиноятдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлиб қолишди. Ҳатто ҳалол яшашга уринган кишиларнинг устидан кулиш, уларни камситиш оддий ҳолга айланди. Оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларини, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан олиб келиб фарзандларига едирадиган ота-оналар ҳам бор.

Ноҳақ, ҳаром йўллар билан касб қилиш оммавийлашиб кетса, хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар баъзи кишилар ўйлаб топган оддий гаплар эмас. Аллоҳ таоло: “Мол(мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара, 188), деб марҳамат қилади. Яъни, бир-бирингизнинг молингизга, ҳақингизга хиёнат қилманг. Имом Қуртубий оятдаги “ботил (йўл) билан емаслик”ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, ҳаром касб қилиб мол, бойлик топиш ва бошқа шу кабилар киради, деганлар. Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Аллоҳ таоло кишини ноҳақ, ёлғон қасам билан биродарининг молини ўзиники қилиб олишдан қайтарди. Бировнинг ҳақини ейиш икки хил бўлади: зулм орқали – тортиб олиш, хиёнат, ўғрилик; ҳазил ва ўйин орқали – қимор ва бошқа шунга ўхшаш бекорчи эрмаклар”.

Ҳаром ейиш, яъни, Аллоҳ ман қилган нарсаларнинг истеъмоли дунёнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганлар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст боши чанг бўлади, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Раббим, Ё Раббим...” дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!” (Имом Муслим).
Ҳазрат Анас (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Расулуллоҳ, мени дуоси ижобат бўладиган қилиб қўйинг”, дебдилар. У кишига жавобан Пайғамбармиз (алайҳиссалом) “Луқмангизни ҳалол қилинг”, деган эканлар.

Дуо қабул бўлиши учун луқманинг ҳалол бўлиши шартлиги ушбу ҳадислардан англашилиб турибди. Унда ҳаром ейишнинг дунё ва охират учун энг биринчи ёмон оқибати дуонинг қабул этилмаслиги бўлиб чиқади. Дуонинг қабул бўлмаслигида эса ибодат ва бошқа яхши амалларнинг ҳам қабул бўлмаслигига олиб бориш хавфи бор. Аллоҳ сақласин!