Жамият | 17:08 / 05.08.2016
12335
8 дақиқада ўқилади

Жиззах  вилояти: рақамларда ютуқлар сарҳисоби

Шу кунларда ўзбек халқи энг азиз, энг улуғ байрам – Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Жиззах вилоятида 2016 йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот 9,5 фоизга ўсди. Саноатда 13,7, қишлоқ хўжалигида 5,6, қурилишда 12,8, чакана савдо айланмасида 14,2 фоиз ўсишга эришилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 30 сентябрдаги “2030 йилгача Жиззах шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва шу асосда ишлаб чиқилган махсус дастурга кўра вилоятда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Шаҳарнинг Мустақиллик кўчаси 50 метргача кенгайтирилиб, пастқам ва кўримсиз бинолар ўрнида 34 кўп қаватли, кўркам уй-жойлар қад ростлади. Алишер Навоий, Буюк Турон, Ш.Рашидов кўчаларида қурилиш ва реконструкция ишлари жадал олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 17 километр автомобиль йўли янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Сўғдиёна” стадиони ўрнида 11 минг 650 томошабинга мўлжалланган замонавий футбол майдони, 2 спорт зали ва сузиш ҳавзаси, ўнга яқин анъанавий спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган махсус заллардан иборат замонавий “Сўғдиёна” футбол – енгил атлетика спорт аренаси қад кўтарди.

Марказий кўчалар бўйидаги эски, бир қаватли уйлар ва нотураржой объектлар ўрнида қурилиши режалаштирилган 57 кўп қаватли замонавий уйнинг 42 тасида қурилиш ишлари якунланди, 15 таси жорий йил охиригача ўз эгаларига топширилади.

Шаҳардаги учта йирик бозорда қайта қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, сотувчи ва харидорлар учун қулай шароит яратилди. Қадимий Кўкбозор ўрнида очиқ акциядорлик жамияти шаклидаги янги “Марказий деҳқон бозори” барпо этилди. Бозорнинг 5 минг 400 квадрат метр савдо майдонига эга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари павильонида 1 минг 152 савдо ўрни ташкил этилди.

Собиқ тузум даврида қурилган, шаҳар экологиясига катта зарар келтирган оҳак заводи шаҳар ташқарисига кўчирилиб, унинг ўрнида яшил ҳудуд, боғ ва гулзорлар ташкил этилди. Ташландиқ ер ўзлаштирилиб, Наврўзбулоқ болалар боғи барпо этилди. Ўтган йили тўрт гектар майдонда Кексалар боғи дам олиш маскани қурилди. Истиқлол болалар боғи, Ҳамид Олимжон хиёбонида кенг кўламли қурилиш-реконструкция ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.

«Ором» фавворалар мажмуаси, Боғишамол, Сангзоркўл дам олиш масканлари, Истиқлол болалар боғи, Форум мажмуаси, Фавворалар хиёбони шаҳарликлар ва меҳмонлар сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган баҳаво, хушманзара жойга айлантирилди.

Умумий майдони 65,8 гектар бўлган “Ёшлар шаҳарчаси”даги Ёшлар сайилгоҳи, Ёшлар боғи, Ёшлар маркази, шунингдек, «Ўрда» ёшлар экологик боғи доим гавжум. Умумхалқ байрами ва сайиллар ўтказиш ҳамда аҳолининг дам олишига мўлжалланган бу замонавий ва соя-салқин масканлар Жиззахнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланди, дейиш мумкин. 

Кейинги икки йилда Жиззах шаҳрида 17 янги хиёбон барпо этилди. “Хотира боғи” хиёбонида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ва бедарак кетган жиззахликларнинг исм-фамилияси битилган “Хотира китоби” мажмуаси қурилди. 

Жиззах политехника институтининг 4 қаватли ўқув биноси ва спорт зали капитал таъмирланди. Бугунги кунда институтнинг 700 ўринга мўлжалланган лаборатория биносида қурилиш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Президентининг “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Жиззах шаҳридан 364 гектар, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидан 150 гектар ер майдони ажратилиб, “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилиши ҳудуд иқтисодий ривожи ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Жиззах” махсус индустриал зонасида хорижий инвестициялар иштирокида жами қиймати 158,2 миллион доллар бўлган 24 йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтгача 63,6 миллион долларлик 21 лойиҳа ишга туширилди.

Марказий Осиёда ягона бўлган “Auto Pad Systems” қўшма корхонасида йилига 520 минг дона тормоз колодкалари, “Roison Home White Goods” қўшма корхонасида йилига 650 мингта телевизор, музлаткич, электр печи ва кир ювиш машинаси каби электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

Махсус индустриал зона корхоналарида ҳозиргача 1100 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди. Унинг 60 фоиздан ортиғи касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозордан ташқари хорижга ҳам экспорт қилинаётир.

“Жиззах” махсус индустриал зонасидаги 14 корхонада ўтган йили 102 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 6,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Ишлаб чиқариш, транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш мақсадида қарийб 84 миллиард сўм ҳажмидаги капитал маблағлар ўзлаштирилди. 

Ушбу индустриал зонага олиб борувчи 12 километрлик ташқи йўллар реконструкцияси якунланди. 5,7 километр узунликдаги ичимлик суви ва 8 километр газ тармоғи қурилди, энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 2 тақсимловчи пункт ва 4,6 километрлик электр тармоғи қурилиши босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жорий йилда 7 километрлик ички йўллар қурилиши ва реконструкцияси охирига етказилади. 

Жиззах вилояти ҳудудидан 168 километрлик халқаро, 1431 километр маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўллари ҳамда 385,9 километр темир йўл ўтган.

Вилоятда 2007-2015 йилларда 102 километр янги темир йўл қурилди, 18,3 километр темир йўл реконструкция қилинди. 137 километр халқаро, 66 километр давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди. 688 километр ички йўллар таъмирланди. Натижада йўлларнинг юк кўтариш қуввати 10 тоннадан 13 тоннага ошди. 

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳам юксак самаралар бераётир. Сўнгги 10 йилда вилоятимизда 1,7 минг, жумладан, қорамолчилик йўналишида 484, паррандачиликда 533, балиқчиликда 319, асаларичилик йўналишида 623 лойиҳа амалга оширилди.

Чорвачиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар натижасида қорамоллар бош сони 1991 йилга нисбатан 825,1 минг бошга, майда шохли моллар сони 1727,4 минг бошга кўпайди. Германия, Польша ва Украинадан келтирилган 2 минг 235 бош зотдор қорамолдан ўтган йилларда 9 минг 647 бош наслли бузоқ олинди. 

Вилоятда 2007-2015 йилларда 720 гектар интенсив боғ ташкил этилиб, 342 гектарида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинди. Айни пайтда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги 8 йилда 15 гўшт, 37 сут, 23 мева-сабзавот, 2 жун ва 2 терини қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди. 30 замонавий музлаткичли омборхона барпо этилди.

2015 йилда биргина саноат соҳасида 254 миллард сўм маблағ эвазига 213 лойиҳа амалга оширилди. 50 корхона модернизация қилинди. Натижада қўшимча 260 миллиард сўмлик 50 дан ортиқ турдаги цемент, трикотаж маҳсулотлари, қуёш батареялари, аккумулятор моноблоклари, фитинглар, томчилатиб суғориш жиҳозлари, сунъий қопламали тўшамалар каби янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида 4 корхонада 6 турдаги 432 миллард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб,130 минг долларлик валюта иқтисод қилинди.

Саноат, жумладан, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижросини таъминлаш натижасида 2015 йилда лойиҳа қиймати 44,1 миллард сўмлик 40 енгил саноат корхонаси фойдаланишга топширилди.

2016-2019 йилларда вилоятда енгил саноатни ривожлантириш бўйича 526,3 миллард сўмлик 203 лойиҳани амалга ошириш ва 14 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жорий йилда амалга ошириладиган 58 лойиҳа ҳисобидан 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Бир неча йилдан буён бўш турган “Зилола текс” корхонаси ўрнида ташкил этилган “Орзу текстиль СВ” масъулияти чекланган жамиятига 2016-2017 йилларда 11,5 миллион долларлик инвестиция киритиш ҳисобидан трикотаж мато тўқиш ва бўяш, тайёр буюмлар, пайпоқ ва момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Бу 1500 янги иш ўрни яратиш имконини беради.