50 нафар обрўли республикачи Трампни қўллаб-қувватлашдан бош тортди
АҚШ Республикачилар партиясининг миллий хавфсизлик соҳасига алоқадор энг машҳур 50 нафар вакили уларнинг партиясидан президентликка номзоди илгари сурилган миллиардер Дональд Трамп, давлат раҳбари бўлиш учун зарур бўлган хусусият ва тажрибага эга эмаслиги таъкидланган мактубга имзо чекишди. Уларнинг фикрича, у президент бўлса, мамлакат хавфсизлиги ва фаровонлиги хавф остида қолади.
Имзо қўйганлар орасида, МРБ ва Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ директори Майкл Ҳайден, собиқ давлат котиби ўринбосарлари Жон Негропонте ва Роберт Зеллик, миллий хавфсизлик масалалари бўйича икки нафар собиқ котиб Том Риж ва Майкл Чертофф, вице-президент Дик Чейнининг миллий хавфсизлик масаласи бўйича собиқ маслаҳатчиси Эрик Эдельман ва бошқалар бор.
Республикачи сиёсатчи ва давлат арбобларининг фикрича, Трамп «мамлакат тарихидаги энг ўйланмай сайланган президент бўлади». Уларнинг таъкидларича, у АҚШнинг маънавий обрўсига зарар келтириши мумкин. Трампнинг баёнотлари эса, унинг «Конституцияга ишонишини ва ҳуқуқий билими савиясини шубҳа остига қўяди».
Республикачиларга кўра, Трамп «ҳаётий муҳим миллий манфаатлар, мураккаб дипломатик муаммолар, шартсиз иттифоқлар ва демократик қадриятлар»ни «тушунмаслигини бир неча бор намойиш этган». Уларнинг айтишича, булар ҳам майли, ачинарлиси миллиардер «ўзини ўнглаш, таълим олишга умуман қизиқиш кўрсатмайди».
«Бизлардан ҳеч ким Дональд Трампга овоз бермайди», — деб таъкидланган мактубда. Шу билан бирга, мурожаат муаллифларининг қайд этишларича, кўплаб америкаликлар демократлар номзоди Ҳиллари Клинтонга ҳам шубҳа билан қарашмоқда.
Трамп ҳам ўз навбатида, партиядош рақибларининг мурожаатига жавоб қайтарган. Унинг уқдиришича, мактуб муаллифлари, дастлаб нима учун дунё «тартибсизликка бу қадар шўнғиди?», деган саволга жавоб қидириб кўришлари керак. Миллиардер, Ироққа бостириб кириш борасида «ҳалокатли қарор қабул қилганлик» айбини уларнинг зиммасига юклади. Бу эса, терроризмнинг авж олишига бош омиллардан бири бўлган. У, шунингдек, Бенғозида америкалик дипломатларга радикалларнинг ҳужумини ҳам ёдга олган. Бунинг оқибатида, АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс ҳалок бўлган, — ўшанда АҚШ давлат котиби вазифасини Трампнинг ҳозирги сиёсий рақиби Клинтон хоним бажараётган эди.
Республикачи номзод, шунингдек, ўзининг асосий танқид қилинаётган фикрларидан бири борасида ҳам тўхталган. У, НАТОдаги иттифоқчилари борасида яна бир бор ўз қарашини билдириб, «бошқа мамлакатлар ҳам ўзларининг мудофааси учун адолатли ҳақ тўлаши лозим»лигини уқдирган.
The New York Times нашрининг эътирофига кўра, партия олий табақаси орасида бундай «ошкора ва агрессив» кайфиятдаги даҳанаки жанг ноёб ҳодисадир. Нашрнинг хотирлашича, март ойи ўрталарида, республикачилар партиясининг ўрта табақа вакиллари Трампга қарши шу мазмундаги мактубни эълон қилган эди. Бироқ, 8-август куни эълон қилинган мурожаатга, шу пайтга қадар аламини ичига ютиб юрган собиқ юқори лавозимли мулозимлар ҳам имзо чекишган.