Фарзандингиз мактабга тайёрми
Янги ўқув йили бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Ота-оналар фарзандлари учун керакли ўқув қуролларини харид қилишга киришиб кетишган.
Бошланғич синф ўқувчиси билан юқори синф ўқувчисига олинадиган нарсалар бироз фарқ қилади. Қуйида эътиборингизга барча ўқувчиларга бирдек зарур харидлар рўйхатини ҳавола қиламиз.
Мактаб формаси
Ҳар бир мактабнинг ўзига хос формаси бўлади: бир мактабда оқ кофта ва қора юбка (ўғил болаларга - оқ кўйлак қора шим) кийилса, бошқасида махсус бичимдаги бир хил рангли кийим талаб қилинади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўғил болага 2 кўйлак ва 2 шим олиб қўйган маъқул, чунки ўқув йили давомида ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин.
Қиз болага эса оқ рангли 2 кофта ва 2 юбка (ёки сарафан) тахт қилган яхши.
Пойафзал
Фарзандларингиз куннинг ярмини мактабда ўтказади, шу боис уларнинг оёқларидаги пойафзал қулай ва сифатли бўлишига аҳамият беринг.
Ўқувчиларга кичик маслаҳат: ўқув йили бошлангунича имкон қадар янги пойафзалда юриб туринг, акс ҳолда мактаб бошланганидан кейин бошқа пойафзал қидириб қолишингиз мумкин.
Спорт кийими
Ўзингизга маълум, мактабда жисмоний тарбия фанида кийиладиган кийимга ҳам алоҳида диққат қилинади. Шу боис табиий матолардан тикилган оқ футболка (ҳеч қандай ёзув ва расмларсиз), тўқ рангли шортилар бунинг учун айни муддао. Спорт пойафзали ҳам эсдан чиқмасин!
Пайпоқ
Қиз болаларга кундалик кийиш учун 2-3 хил, ўғил болаларга эса имкон қадар кўпроқ пайпоқ "ғамлаб қўйиш" лозим. Ҳа, дарвоқе, жисмоний тарбия учун алоҳида пайпоқ кийишни унутманг.
Қиз болаларнинг оналари колготка харид қилишни ёддан чиқармасликлари керак. Ҳар кунга кийишга 2-3 хил рангли колготка ва байрамларда кийиш учун бир жуфт оқ колготка сотиб олсангиз, салқин тушганда шошиб қолмайсиз.
Юқори синфларда таҳсил олувчи қизларга танага яқин рангдаги ва қора рангли колготкалар тўғри келади.
Портфель ёки сумка
Бугунги кунда бошланғич синф ўқувчилари учун ортопедик портфеллар тавсия қилинмоқда. Уларнинг танага тегиб турадиган томони махсус тузилишга эга бўлади.
Юқори синф ўқувчилари сумкаларни хуш кўришади. Асосийси, уларга барча ўқув қуроллари сиғадиган бўлсин, зеро юқори синфларда дарсликлар кўп бўлади.
Майда канцтоварлар тўплами
Стандарт тўплам қуйидагилардан иборат: қаламдон, ручкалар (кўк, яшил), оддий қалам, ўчирғич, чизғич, қалам очгич.
Агар фарзандингиз бошланғич синфда таълим олса, у ҳолда стандарт тўпламга қўшимча равишда рангли қаламлар, бўёқлар ва пластилин харид қилишингиз лозим. Юқори синф ўқувчиларига эса циркуль, транспортир керак бўлиши шубҳасиз.
Дафтарлар
Бир чизиқ ва катак дафтарлар сотиб олиш шарт. Ҳар бир таълим босқичи талабидан келиб чиқиб, неча саҳифали дафтарлар керак бўлишини аниқланг.
Кундалик дафтар
Бугунги кунда кундалик дафтарларнинг тури кўп. Кундалик дафтар харид қилишда мактаб қоидалари ва ўқувчининг хоҳишидан келиб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Баъзи мактабларда турли хил расмлар тасвири туширилган кундалик дафтар тутиш қатъиян ман қилинган, чунки бундай расмлар боланинг диққатини бўлиши мумкин. Бошқа бир мактабларда эса ўқитувчи синфдаги барча ўқувчиларнинг кундалик дафтарлари бир хилда бўлишини талаб қилади.
Муқовалар
Китоб ва дафтарлар учун муқова сотиб олишни унутманг. Ҳозирги пайтда мактаб бозорларида ҳар бир босқич китобларига алоҳида муқовалар тўплами таклиф қилинмоқда. Ана шу тўпламдан бир эмас, иккитасини харид қилинг, чунки йилнинги ярмида муқоваларнинг кўриниши турли сабаблар билан яроқсиз ҳолатга келиб қолиши мумкин.
Кичик маслаҳат: мактаб бозорига боришдан аввал фарзандингизнинг синф раҳбари билан маслаҳатлашинг ва қўшимча маълумот олинг.