Uber қандай қилиб дунёнинг энг қиммат стартапига айланди
Етти йил аввал Сан-Францискода смартфон ёрдамида машина буюртма қилиш имконини берувчи UberCab номли стартап ўз фаолиятини бошлади. Ўшандан бери Uber компанияси сервислари бутун ер шари бўйлаб кенгайиб кетди. Компания бугунги кунда 58 мамлакатда хизмат кўрсатади ва унинг баҳоси 60 миллиард доллардан ортиқ баҳоланади. Бу осон кечмади, албатта. Стартапнинг баҳоси ўсган бўлса-да, рақобат ва тақиқлар билан курашиш осон кечмади.
Бугунги кунда ҳам Uber компаниясининг йўлида аввалгидек тўсиқлар пайдо бўлмоқда - бунда анъанавий такси хизматлари ва ҳаттоки ўз ходимларининг "ҳиссалари" катта.
Uber бугунги мавқеига эришгунга қадар қандай йўлларни босиб ўтди? Унинг бош директори Трэвис Каланик қандай кунларни бошидан ўтказди? 1998 йилнинг июнь ойи. Scour стартапи инвестицияларнинг биринчи траншини Disney корпорацияси собиқ президенти Майкл Овиц ва Yucaipa Companies хусусий инвестиция фирмаси вакили Рон Бёрклдан қабул қилди. Ушбу лойиҳада иштирок этиш учун Каланик Лос-Анжелесдаги Калифорния университетидаги ўқишини ҳам ташлаб кетган.
2000 йилнинг октябрь ойи. Scour бир неча кўнгилочар компанияларнинг тахминан 250 миллиард долларлик даъво объектига айланди ва инқироз ҳақида эълон қилди.
2007 йилнинг апрель ойи. Каланик 2001 йилда ўзи асос солган RedSwoosh компаниясини 23 миллион долларга сотди ва миллионерга айланди.
2008 йилнинг декабрь ойи. LeWeb технология конференциясида Каланик кейинчалик Uber'га айланган ғоя ҳақида эшитиб қолади. У телефон ёрдамида қимматбаҳо автомобиллар ижара нархини қандай тушириш борасида бош қотиради.
2009 йилнинг март ойи. Қимматбаҳо қора автомобилларни буюртма қилиш сервиси - Uber (у пайт UberCab) компаниясига асос солинди. Компаниянинг биринчи версиясини Гэрретт Кэмп, Оскар Салазар ва Конрад Уиланлар яратишган, Каланик эса "мегаконсультант" ролида қатнашган. Унинг сўзларига кўра, ўша пайт компанияда уни "бош инкубатор" деб аташган.
2010 йилнинг январь ойи. Каланик Twitter'да шундай деб ёзади: "Геолокацияга асосланган янги лойиҳани бошқариш учун бизнесни ривожлантириш бўйича маҳоратли мутахассис излаяпмиз. Ҳозирча маҳсулот чиқарилмаган, катта капитал, нуфузли кишилар жалб қилинган - мўлжалингизда кимдир борми?". Ушбу эълон асосида келган Райан Грейвс кейинчалик компаниянинг бош директорига айланади.
2010 йилнинг июнь ойи. Uber Сан-Францискода йўлга қўйилади. У пайтлар компания хизмати такси хизматидан 1,5 баробар қиммат бўлган, лекин машинани биргина тугмани босиб ёки СМС орқали чақириш мумкин эди. Шу боис сервис тез орада танилиб кетди.
2010 йилнинг октябрь ойи. Uber Каланикнинг дўсти Крис Саккига тегишли First Round Capital компанияси ва Napster ҳаммуассиси Шон Фэннингдан 1,25 миллион ҳажмда инвестициялар олиб, молиялаштиришнинг биринчи раундини ёпади.
2010 йилнинг декабрь ойи. Бош директор лавозимини эгаллаган Райан Грейвс ўз ўрнини Каланикка бўшатиб беради. Кейинчалик Грейвс яна компанияни бошқаради.
2011 йилнинг февраль ойи. Uber компанияси молиялаштиришнинг А серияли раундини 11 миллион доллар ҳажмда ёпади. Компания 60 миллион долларга баҳоланади. Раундни Benchmark фонди олиб боради, унинг ҳамкори Билл Ҳёрли эса Uber'нинг директорлар кенгашига қўшилади.
2011 йилнинг май ойи. Uber хизмати Нью-Йоркда йўлга қўйилади - бугунги кунда бу компаниядаги энг катта ва мураккаб бозорлардан бири. 2015 йилнинг апрель ойидан 2016 йилнинг апрелигача Uber бу ерда кунига ўртача 170 минг марта йўловчи ташиш ишларини олиб борган.
2011 йилнинг декабрь ойи. Uber халқаро экспансияни бошлайди. Бу борада танлов Парижда тўхтайди. Бундан ташқари, 32 миллион сумма билан В серияли молиялаштириш раунди ёпилади. Унда Menlo Ventures фонди, Amazon раҳбари Жефф Безос ва Goldman Sachs банки иштирок этади.
2012 йилнинг июль ойи. Uber дастлаб махфий бўлган лойиҳаси - Uber X арзон сервиси ҳақида маълум қилади. Хизмат энди иш бошлаганида Toyota Prius ва Cadillac Escalade каби ноёб машиналарга буюртма қабул қилувчи оригинал сервисдан 35 фоизга арзон бўлган. Каланикнинг сўзларига кўра, "Uber — ҳаёт тарзи ва ташиш хизматлари бирикмаси".
2012 йилнинг август ойи. Сан-Францискода Uber'нинг асосий рақиби Lyft ишга туширилади. Шаҳарда нарх-наво уруши кузатилади.
2013 йилнинг август ойи. Uber Ҳиндистон ва Африкага етиб келади ҳамда Google Ventures'дан 258 миллион доллар олиб, С серияли молиялаштириш раундини ёпади. Компания 3,76 миллиард долларга баҳоланади.
2014 йилнинг апрель ойи. Uber компанияси Манхэттан ҳудудида велосипед етказиб берувчи UberRUSH хизматини йўлга қўяди.
2014 йилнинг июль ойи. Uber Хитойга келади ва охир-оқибат бу мамлакат компания учун энг аҳамиятли бозорга айланади - компания хизматларини тақдим этувчи энг йирик 10 шаҳардан 5 таси Хитой ҳудудига тўғри келади.
2014 йилнинг август ойи. Uber компанияси ҳамроҳ билан саёҳат қилиш ва пулини бўлишиб тўлаш имконини берувчи UberPOOL сервисини ишга туширади.
2014 йилнинг декабрь ойи. Uber Хитойнинг Baidu қидирув гигантидан 600 миллион долларга эга бўлади. Энди хитой сервисининг мобил қидируви ва харитаси Uber билан интеграция қилинади.
2015 йилнинг январь ойи. Uber Ҳонконгда ҳаракатланиш ва юк етказишнинг барча талабларини қондирувчи UberCARGO сервисини йўлга қўяди. Унинг шиори - "товарлар учун VIP-саёҳат".
2015 йилнинг март ойи. Uber компанияси deCarta картографик стартапини сотиб олиш жараёнини бошлайди - эҳтимол, бу Google Maps'га тобеликни камайтириш мақсадида амалга оширилади. Бу компаниянинг биринчи қўлга киритган стартапи бўлди.
2015 йилнинг апрель ойи. Компания бир неча дақиқа ичида таом етказиб берувчи UberEATS'ни йўлга қўяди. Сервис тўрт шаҳарда ўз ишини бошлайди: Лос-Анджелес, Барселона, Чикаго ва Нью-Йорк. Бугунги кунга келиб, бу хизмат АҚШнинг 23 шаҳрида фаолият кўрсатади.
2015 йилнинг май ойи. Uber ўзининг робот-техника марказига Карнеги-Меллон университетидан 40 нафардан ортиқ ходимни ўзига оғдириб олади - бу ерда ҳайдовчисиз автомобиль яратилади.
2015 йилнинг июнь ойи. Бутун Франция бўйлаб норозиликлар авжига чиқади: такси ҳайдовчилари ва уларнинг тарафдорлари йўл ҳаракатини тўхтатиб қўйишади, шиналарни ёқишади ва Uber ҳайдовчиси деб ҳисоблаган кишиларига ҳужум қилишади.
2015 йилнинг июнь ойи. Калифорния меҳнат комиссияси Uber ҳайдовчиси - мустақил эмас, ёлланма ишчи эканлиги ҳақида қарор қабул қилди. Бундай қарор компаниянинг бизнес-моделига нисбатан шубҳа уйғотади. Қарор Сан-Францискода яшовчи ҳайдовчи Барбара Энн Бервикнинг Uber'га қарши арзига жавобан қабул қилинган.
2015 йилнинг сентябрь ойи. Хитой бўлими мамлакат бозори учун курашга 1,2 миллиард доллар ҳажмда молиялаштиришни жалб қилади.
2015 йилнинг октябрь ойи. Uber расман UberRUSH дастурини йўлга қўяди - у 2014 йилнинг апрелидан тест режимида хизмат кўрсатган.
2016 йилнинг январь ойи. Uber халқаро экспансияни молиялаштириш учун яна 2 миллиард доллар хусусий капитални жалб қилади.
2016 йилнинг февраль ойи. Uber россиялик миллиардер Михаил Фридмандан 200 миллион доллар миқдорда инвестиция олади.
2016 йилнинг февраль ойи. Uber сервис рекламасига доир шикоят натижаларига кўра, 25 нафар йўловчисига 28,5 миллион доллар тўлашга розилик беради. Битим шартларига кўра, компанияга бундан буён "соҳадаги энг яхши" ёки "ўз йўналишида энг яхши" ибораларини қўллаш тақиқланади.
2016 йилнинг май ойи. Uber ва унинг рақиби Lyft Остин шаҳри (Техас) аҳолиси ҳайдовчиларнинг бармоқ изларини тўплаш учун овоз берганидан кейин у ердан кетади.
2016 йилнинг май ойи. Uber ва Toyota "Ҳамкорлик меморандуми"ни имзолашади.
2016 йилнинг июнь ойи. Uber Саудия Арабистони Инвестиция фондидан энг йирик индивидуал инвестиция - 3,5 миллиард долларни жалб қилади. Фонднинг бошқарувчи директори Ёсир ал-Румайян компаниянинг директорлар кенгаши аъзосига айланади.
2016 йилнинг июнь ойи. Каланик Uber'нинг бутун дунё бўйлаб юзлаб шаҳарларда даромад келтираётганини, бироқ бу пуллар хитойлик рақиб - Didi'га қарши урушга қайта инвестиция қилинаётганини маълум қилади. Унинг сўзларига кўра, бу кураш компания учун бир йилга миллиард долларга тушади.
2016 йилнинг июль ойи. Uber яна 1,15 миллиард доллар қўлга киритади - бу сафар заём кўринишида. Компания паст фоизли ставкалардан фойдаланади ва "глобал экспансия ва операцион фаолиятни, шунингдек илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун" кредит олади.
2016 йилнинг июль ойи. Uber Венгрияда муаммога дуч келади. Қонунчилик иш фаолиятини якунлашга мажбур қилади ва компания бу ердан кетишига тўғри келади. Бунга таксичиларнинг кўп ойлик норозилик намойишлари сабаб бўлади.
2016 йилнинг июль ойи. Ойнинг ўртасида компания буюртмалари сонининг 2 миллиардга етганини маълум қилади.
2016 йилнинг июль ойи. Федерал суд Uber'ни компанияга қарши иш очган шахс ҳақида мустақил маълумот олиш учун хусусий детектив компаниясига мурожаат қилганликда айблайди.
2016 йилнинг июль ойи. Хитой ҳукумати кўчада такси "тутиш" имконини легализациялаштиради. Бу эса Uber ва Didi'га катта муаммо туғдиради. Didi Хитойнинг 400дан ортиқ шаҳрида, Uber эса 100га яқин шаҳрида хизмат кўрсатади.
2016 йилнинг июль ойи. Хитой бозоридаги кураш ниҳоясига етади - Didi ва Uber 35 миллиард долларлик бирлашув ҳақида келишиб олишади.
Uber дунёдаги энг қиммат стартаплигича қолмоқда. У Осиё ва Жанубий Американи қамраб олиш, ҳайдовчисиз транспорт технологиясини ривожлантириш ва миллиардлаб молиялаштиришни жалб қилишда давом этмоқда. Компания биржага чиққанича йўқ - Каланикнинг сўзларига кўра, у бу ишни имкон қадар ортга суришни режалаштирмоқда, - бироқ Didi билан келишув бунга узоқ қолмаганини билдириши мумкин.