Мустақиллик йилларида мамлакатимизда  амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибидаги асосан пахта хомашёси етказиб берадиган, аҳолисининг ҳаёт даражаси энг қолоқ республикадан кўп қиррали иқтисодиётга эга бўлган замонавий давлатга айланди. Халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётган мамлакатимиз банк-молия секторидаги барқарорлик кўрсаткичлари ҳам пухта ўйланган иқтисодий сиёсатнинг самараларидан биридир.  Ўтган 25 йиллик тараққиёт таҳлили шуни кўрсатадики, иқтисодий  ислоҳотларни чуқурлаштириш, корхоналар  рақобатбардошлигини ошириш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятидаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантиришда банк тизимининг ҳиссаси муттасил равишда ортиб бормоқда. 

Акциядорлик-тижорат “Қишлоқ қурилиш банки” Ўзбекистон банк-молия секторида ўз ўрнига эга етакчи тижорат банкларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда банк тизимида 42 филиал, 48 минибанк ва 186 шаҳобча фаолият юритмоқда ва уларда 692 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахс мақомидаги мижозларга хизматлар кўрсатилмоқда. 

2016 йилнинг 1 август ҳолатига банкнинг соф активлари 5 122,9 млрд. сўмга ва жами капитали 464,3 млрд. сўмга етди ҳамда банкнинг кредит портфели 4 404,6 млрд. сўмни ташкил қилди.  

2016 йил 17 август куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида банкнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини  молиявий қўллаб-қувватлашдаги иштироки ва бу йўналишда эришилаётган натижалар бўйича маълумотлар берилди. 

Қайд этилишича, банк  аҳоли фаровонлигини  ва  бандлигини таъминлашда  муҳим  ўрин тутаётган хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда ва бу мақсадларда ажратилаётган кредитлар қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, кичик бизнес субъектларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, 2009-2016 йиллар давомида кичик бизнес субъектларига 2 402 708 млн. сўм, шу жумладан,озиқ-овқат истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга 427 139 млн. сўм, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга 536 706 млн. сўм, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга 304 604 млн. сўмлик маблағ ажратилган. 

2010-2016 йиллар давомида имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан ажратилган кредитлар 23 203 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга 109 683 млн. сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш учун 716 988 млн. сўм йўналтирилди.