8 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қабул қилинган қарорга мутахассислар фикр билдиришда давом этмоқда. ЎзА Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидовнинг фикрларини келтирган.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Ниғматулла Йўлдошев, 8 сентябрь куни ўтказилган қўшма йиғилишида сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини ўзининг зиммасига юкламасликларини сўради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди.
Н.Т.Йўлдошев ўз мурожаатида асосан прокуратура ва адлия органларида ишлаганини, давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг бошқа идораларидаги раҳбарлик лавозимларидаги етарли тажрибага эга эмаслиги, бир ярим йиллик Сенат раислиги давомида орттирган кўникмалари ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш учун етарли эмаслигини тан олди.
Сенат Раиси Н.Т.Йўлдошев ўзининг бу таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганини қайд этди.
Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини, барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатининг мазкур муҳим қарори мамлакатимиз конституцияси ва қонунлари талабларига тўла мос келса-да, айрим хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрларида гўёки Президентнинг вазифа ва ваколатларининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклатилиши қонунга хилофлиги ҳақидаги гап-сўзлар “болалай” бошлади.
Шу муносабат билан мен ҳуқуқшунос сифатида ўз мулоҳазаларимни билдириб ўтсам.
Конституциямизнинг 96-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.







