Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот энг аввало инсон ва унинг манфаати учун хизмат қилмоқда. Ислоҳот ислоҳот учун эмас, балки инсон учун, деган тамойил бугун ҳаётимизда ўз аксини топмоқда.
Буни биз худудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган ва ҳаётга тадбиқ этилаётган дастур ва лойиҳаларда янада яққолроқ кўришимиз мумкин.
Бу борада тижорат банклари томонидан олиб борилаётган ишларга назар ташласак, олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар янада ойдинлашади.
Хусусан, “Агробанк” акциядорлик тижорат банк ҳам иқтисодиётнинг турли йўналишларини ривожлантириш орқали тараққиётга хисса қўшиб келмоқда.
Бунда иқтисодиётни эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник-технологик жиҳатдан янгилаш, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мамлакат тараққиёти ва юрт фаровонлигини юксалтиришнинг энг мақбул йўлидир. Республикамизда иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларга турли имтиёз ва имкониятлар берилаётганининг боиси ҳам шунда.
Бугун нафақат шаҳарларимизда, балки марказдан анча олис бўлган чекка туман, қишлоқ ва овулларда ҳам янги ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилаётгани, шунга мос равишда тадбиркорлик субъектлари сони кўпайиб, ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда.
Кейинги йилларда ишлаб чиқариш субъектларини модернизация қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида жойлардаги саноат тармоқларида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилмоқда.
Хусусан, йил бошидан шу кунга қадар турли тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 915 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида жойларда янги тадбиркорлар иш фаолиятини бошлаш билан бир қаторда, қўшимча иш ўринлари яратилди.
– Истиқлол йилларида халқимиз турмуш фаровонлиги яхшиланиб, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, — дейди “MUMTOZ BARAKA INVEST” оилавий корхонаси раҳбари Манзура Омонова. — Бу эса мен каби ишбилармон-тадбиркорлар учун фаолиятимизни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. Ҳозирда ҳар қайси юртдошимиз истиқболли ва мукаммал бизнес лойиҳалар асосида ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўймоқчи бўлсалар банклар томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мен ҳам ўз фаолиятимни бошлашимда кўпчилик тажрибали тадбиркорлар билан бамаслаҳат иш тутдим. Улар “Агробанк” АТБ билан ҳамкорликда ишлашни маслаҳат бердилар. Айни шу жараёнда “Агробанк”нинг Бувайда филиали яқин кўмакчим бўлди. Ушбу банкдан 60 миллион сўм кредит олдим. Мазкур кредит ҳисобига сифатли қурилиш маҳсулотлари олиб, туманида аҳолига замонавий умумий овқатланиш масканини бунёд этдик.











