Уйқу тароватини қандай қилиб тўлалигича ҳис қилиш мумкин? Бунинг жавоби тўғри танланган чойшабда яширин, зеро уни қалб ва тана учун танлаш муҳим.

Ҳар бир инсон чойшабнинг ўлчамлари ва рангини ўз эҳтиёжи ҳамда дидидан келиб чиқиб танлайди, бироқ мато ва унинг таркиби – бу анча мураккаб масала. “Сатин” номи матонинг тўлиқ табиий эканлигидан далолат бермайди, чунки фақат унинг таркибигина асл ҳақиқатни кўрсатиб бериши мумкин. Матонинг таркиби одатда фоизда ифодаланади.

Шундай қилиб, чойшаб танлаётганда икки тушунча – “тола” ва “мато”ни  ажрата билиш зарур. Ишлаб чиқарувчилар одатда ёрлиқда матонинг таркибини ҳам,  ипларнинг тўқилиш усулини ҳам кўрсатишлари мумкин. Бу ҳеч нарсадан хабари йўқ харидорни танловда адаштириши мумкин. Чойшабнинг баҳоси тола ҳамда матонинг чидамлилигига боғлиқ.

Табиий толалар

Ипак, зиғир ва пахта – чойшаб учун матолар ишлаб чиқишда асосий табиий толалар.

Пахта

Пахта — чойшаб учун энг яхши ва машҳур матолардан бири. Бир томондан, у қиммат эмас, бошқа томондан – етарлича узоқ муддат хизмат қилади. Пахтанинг асосий хусусиятларидан бири – бу унинг гигроскопиклиги: бундай матоли чойшаб қишда иситади, ёзда эса қиздириб юбормайди. Пахта матолар инсон танасининг нафас олишига имкон беради ҳамда терига салбий таъсир кўрсатмайди. Қимматбаҳо сифатли пахта матодан тикилган чойшаб сизга узоқ вақт давомида хизмат қилади, арзон пахтали матодан яратилган чойшаб эса – бир марта ювганингизнинг ўзидаёқ асл кўринишини йўқотади, ундаги бўёқлар бироз вақт ўтгач хиралашади.

Зиғир

Зиғир матоли чойшаблар энг экологик, гигиеник ва чидамли ҳисобланади. У юмшоқ ва майин бўлиб, ҳавони яхши ўтказади, уйқу вақтида инсон танасининг оптимал иссиқлик режимини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Зиғир матодан яратилган чойшаб тўпламлари 200 мартагача ювишга чидамли. Бундай матоли чойшабнинг ягона камчилиги – унинг тез ғижим бўлишида, бу жиҳат чойшабни дазмол қилиш жараёнини қийинлаштиради.