Ўзбекистон | 15:29 / 06.10.2016
24527
3 дақиқада ўқилади

Сергели туманида 500 та кўп қаватли уй барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди

Фото: «Uybor.uz»

Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Унда Сергели туманининг ишлаб чиқариш салоҳияти, олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, инвестиция имкониятлари, ҳудудда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, янги иш ўринлари яратиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш масалалари хусусида сўз юритилди.

Сергели тумани ҳокими Ф.Мақсудхўжаев йирик дастурлардан бири – Сергели туманида 2017—2022 йилларда 500 кўп қаватли уйнинг бунёд этилиши билан боғлиқ лойиҳа ишлаб чиқилганига алоҳида тўхталди. Бу улкан лойиҳанинг амалга оширилиши қарийб 30 минг оиланинг янги уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш имконини яратади.

Туманда янги транспорт-коммуникация тармоқлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш ишларини жадаллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Туманда бешта йирик саноат, 144 қўшма, 300 дан зиёд кичик корхона фаолият кўрсатмоқда. Иқтисодиётни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, хорижий сармояларни жалб этиш борасидаги изчил чора-тадбирлар натижасида туманда саноат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, экспорт кўрсаткичи динамикаси муттасил ортиб бормоқда.

Жорий йилда йирик корхоналар томонидан 9 миллиард сўмликдан зиёд саноат, 5 миллиард сўмликдан ортиқ истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида маҳаллалардаги кўп қаватли турар жой бинолари жорий ва капитал таъмирланди. Мавжуд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига бугунги кунга қадар тижорат банклари томонидан қарийб 3 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилган.

Туманда аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017 йилда 7 минг 400 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бунда янги ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни модернизациялаш ва қувватларини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига кенг имкониятлар яратиш, касаначиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳудуддаги 7 касб-ҳунар коллежи молия, иқтисодиёт, тиббиёт, енгил саноат, педагогика ва бошқа йўналишларга ихтисослашган бўлиб, жорий ўқув йилида ушбу ўқув масканларини битирган 1 минг 871 йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Коллежларда ўқувчиларнинг давомати, ўзлаштиришини доимий таҳлил этиб боришда хотин-қизлар қўмитаси, педагоглар, маҳалла фаолларининг ҳамкорлиги кенг йўлга қўйилган.

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Мавзуга оид