Дудуқланишдан азият чеккан Ҳолливуд юлдузлари
Бугун, 22 октябрь, Халқаро дудуқлар куни нишонланмоқда. Ҳолливуднинг кўплаб юлдузлари ҳам ўз вақтида оддий одамлар сингари дудуқланишдан азият чекишган. Шуниси қизиқки, уларнинг баъзилари саҳнада бу одатларини йўқотишнинг уддасидан чиқишади. "Актуальные новости" ("Долзарб янгиликлар") нашрида дудуқланишдан азият чеккан Ҳолливуд юлдузлари ҳақида мақола чоп этилди.
Роуэн Аткинсон
Британиялик машҳур актёр болалигидан дудуқланишдан азият чеккан. Бу ғайриоддий имо-ишоралари билан бирга унга ўзига хос ноқулайлик туғдирарди, шу боис Аткинсон мактабда бошқаларга "ғалатироқ" кўринарди. Табиийки, бу хусусиятлар нотўғри қабул қилинарди ва уни кўпинча аҳмоқ ҳисоблашарди. Қисман, айнан шу нарса унга шон-шуҳрат чўққисига чиқишга ёрдам берди.
Актёр Роуэн Аткинсон "Жаноб Бин" образини ўзи яратган. Лойиҳанинг асосий ғояси - аҳмоқлик эмас, соддаликни намойиш қилувчи ўзига хос персонажни кўрсатиб беришдан иборат бўлган. Актёрнинг тажрибаси ижобий натижа бериб, унга омад олиб келади. Роуэн Аткинсон нафақат Буюк Британия, балки бутун дунёнинг бош комиги сифатида эътироф этила бошланди.
Актёрнинг тан олишича, "Мотор!" буйруғи берилгандан сўнг у дудуқланишдан тўхтайди. Ҳажвий актёр ҳалигача нутқдаги камчиликларидан азоб чекади, бироқ бундан ташвишга тушмайди, зеро унинг бундай ўзига хос хусусияти катта марраларни забт этишига сабабчи бўлди.
Мэрлин Монро
Ҳолливуднинг биринчи рақамли гўзали ҳисобланган Мэрлин Монро дунёни забт этганида унинг дудуқланиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. Биринчи съёмка пайтидаёқ унинг бу муаммоси бўлган, шу боис деярли барча жумлаларни қайта ёзишга тўғри келган. Бироқ режиссёрлар қизнинг барчани мафтун қила олишига ишонишган.
Актриса бу борада мутахассисга мурожаат қилган, у нафақат камчиликни бартараф этишга, балки ноёб нутқ услубини яратишда ҳам ёрдам берган. Дудуқланиш чекиниши учун мутахассис унга оғизни каттароқ очиш ва бироз "сирли" (чуқур нафас олиб) гапиришни тавсия қилган. Монро бунинг уддасидан чиққан ва тез орада ҳаттоки қўшиқ куйлашга ҳам муваффақ бўлган.
1962 йилда, актрисанинг ўлимидан олдин унинг бу одати яна пайдо бўлади. Мэрлин Монро буни асаб зўриқиши билан изоҳлайди.
Брюс Уиллс
Ҳолливуднинг "қаттиқ ёнғоғи" Брюс Уиллс ўзининг дудуқланиши деб кинода суратга тушишдан маҳрум бўлишига бир баҳя қолгани кимнинг хаёлига келиши мумкин?! Маълум бўлишича, актёр болалигидан дудуқланиши туфайли жиддий азият чеккан, лекин вақтида ўзини қўлга олиб, ота-онасининг қўллаб-қувватлаши остида тўғри образ яратишга ҳаракат қилган. 8-синфда ўқиётган кезларида у саҳнада умуман дудуқланмаслигига эътибор берган.
Саҳнада ажойиб кўринишига қарамай, Уиллс дастлаб университетга кирди ва қунт билан ўқиди. Бироз вақт ўтгач эса кинога бўлган қизиқиши устун чиқиб, Ҳолливуд сари йўл олди. Бир қатор ғалабалар ва мағлубиятлардан кейин ҳаётда - дудуқ, саҳнада эса - оддий одам бўлган Брюс Уиллс дунёвий машҳурликка эришди.
Жулия Робертс
Узоқ йиллар Ҳолливуднинг энг қимматбаҳо актрисаси саналган Жулия Робертс ўз ҳаётида кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган. Дудуқланиш унга наслдан ўтган, лекин бошқа актёрлар каби ундаги дудуқланиш одати ҳам саҳнада йўқоларди. Ҳаёт эса унинг даволанишига имкон бермаган: ота-онаси ажрашганидан кейин актриса 4 ёшлигида онаси кинотанқидчига турмушга чиққан, у тез-тез оила аъзоларини калтаклар эди. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ Робертс чиройли ташқи қиёфасига қарамай, умумий овқатланиш ошхонасида ишлай бошлаган.
Моделлик соҳасидаги муваффақиятидан кейин 20 ёшида Жулия Ҳолливуд ходимларининг кўзига тушади ва ўшандан буён режиссёрлар уни чин маънода саҳнадан қўйиб юборишни исташмайди. Жулия Робертс дудуқланиш одатидан воз кечиш учун жуда кўп ҳаракат қилган ва бунинг уддасидан чиққан.
Жерар Депардье
Робертсдан фарқли ўлароқ, Депардьенинг дудуқланиши наслий бўлмаган. Ёш йигит оилавий муаммолар туфайли нутқ бузилишига дучор бўлган: у немис оккупацияси даврида яшаган, отаси спиртли ичимликлар ичган, оила ночор яшаган, болалар эса тез-тез калтакланган. Бошланғич мактабда ёш Жерар деярли ҳеч ким билан суҳбатлашмаган, чунки нутқидаги камчиликдан жуда уялган.
Кейинчалик у ёмонларга қўшилиб қолади. Депардье мактабни ташлаб қўяди ва ҳаттоки ўғирлик ҳам қилади. Буларнинг барчасига чек қўйиш мақсадида у дўстининг таклифи билан Парижга йўл олади ва унинг бу танлови тўғри бўлиб чиқади.
У ерда бўлғуси юлдуз актёрлик курсига ўқишга киради. Дудуқланишига қарамай, шўх йигит ўқитувчиларга жуда ёқиб қолади ва улардан бири ҳаттоки Жерарнинг кейинги босқичда ўқиши учун тўловни амалга оширади. Маълум муддат ўтгач, Жерар нафақат дудуқликни енгади, балки ёшликдаги барча камчиликларидан халос бўлиб, "янги Жерар Депардье"ни яратишга муваффақ бўлади.
Сэмюэл Л. Жексон
Актёр Сэмюэл Л. Жексон болалигидан дудуқланишдан азият чеккан. Бунинг боиси оиласига бориб тақалган: отаси у туғилиши биланоқ оиласини ташлаб кетган, онаси эса руҳий касалликлар шифохонасига тушган. Жексоннинг тарбияси билан унинг театр мактабида таълим берувчи холаси шуғулланган.
Самюэлнинг тан олишича, бундай юксак марраларни забт этиш унинг хаёлига ҳам келмаган. Мактабда кўпчилик унинг устидан кулган, у барча муаммоларидан қутулиш ҳақида кўп ўйлаган. Дудуқланмайдиган қаҳрамонлар ролини ижро этиб, актёр ўз камчилигидан халос бўлиш ва нутқини тўғирлашнинг уддасидан чиққан.
Николь Кидман
Бугун Николь Кидманга қараб, унинг қачонлардир дудуқланганини тасаввур қилиш қийин, лекин Ҳолливуд юлдузининг ўзи болалигида сезиларли даражада дудуқланганини тан олади. Бунинг натижасида у узоқ вақт давомида жуда кўплаб камчиликлари билан курашишига тўғри келади.
Қизнинг ноодатий чиройи ҳамма камчиликларини "ювиб кетди". Унинг атрофида ўзига бўлган ишонч ҳиссини мустаҳкамловчи мухлислари ва дўстлари кўпая бошлади. 1989 йилги дебютидан сўнг эса Николь Кидман Ҳолливуд юлдузи Том Крузнинг эътиборига тушади ва актёр бу соҳада унга катта ёрдам беради. Актрисанинг тан олишича, бугунги кунда у дудуқланиш одатидан халос бўлган, камтарликдан эса ҳалигача халос бўлолмаган.