1 - 6 ноябрь кунлари Тошкентдаги "Истиқлол" санъат саройида таниқли хонанда Ботир Қодировнинг концерт дастури томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Умуман олганда, концерт кўтаринки руҳда ўтди, ғоялар талайгина. 

Саҳна ўзига хос тарзда, замонавий технологияларни жалб этган ҳолда безатилган. Одатда концерт ташкилотчилари дастурнинг охирида эълон қилинарди, Ботир Қодировнинг концертида эса бунинг акси бўлди, пардалар очилмасдан аввал саҳнага бошловчи Камола Эрматова чиқиб, ташкилотчилар билан таништирди. 

Бундан ташқари, концертда қўшиқчининг шогирдларидан бири Аброр Азизов ўз қўшиқлари билан иштирок этди.  

Ботир Қодиров дастур аввалида, асосан, репертуаридаги янги қўшиқлардан куйлади. Хонанданинг бу йилги концерт дастурида Огаҳий, Лутфий каби ўзбек мумтоз адабиёти вакилларининг ижодига мурожаат қилгани таҳсинга лойиқ, албатта. Концертда мумтоз қўшиқлар билан бирга замонавий  қўшиқлар ҳам янгради. Сўз устаси Зокир Очилдиев Ботир Қодировнинг Хитойда 25 мамлакат иштирокида бўлиб ўтган мусиқий танловда энг олий ўринни эгаллагани ҳақида эълон қилди ва катта экранда ана шу сафарга доир қисқа ролик тақдим этилди. 

Хонанда концертни томошабинлар билан мулоқот тарзида олиб борди. Концерт дастурида хонанда Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидан ташриф буюрган асл мухлисларининг талабларига биноан машҳур "Эй, дўстим", "Кўнгил изҳори" каби бир неча қўшиқларини жонли тарзда ижро этди. Бошқа баъзи хонандалардан фарқли ўлароқ, унинг жонли ижросини фонограммадан ажратиш қийин бўлди, чунки қобилият юқори даражада эканлиги аён.