Жаҳон | 21:18 / 17.11.2016
8009
3 дақиқада ўқилади

Астрономлар энг думалоқ юлдузни топишди

Фото: © cdn.phys.org

Умумқабул қилинган тасаввурларга қарамасдан, аксарият юлдузлар шарсимон кўринишдан анча фарқланади. Бироқ бу гал телескоплар бу қоидадан истисно бўлувчи юлдузни қайд қилдилар. 

Германиялик олимлар Ердан 5 минг ёруғлик йили узоқлигида жойлашган секин айланувчи юлдузнинг япалоқлигини (сиқилганини) ўлчай олишди. У рекорд даражада кичик чиқди – юлдузнинг қутб радиуси экваториал радиусига бор-йўғи 500 мингдан бир улушга кичик эканлиги аниқланган. Юлдуз астрономлар учун кутилмаганда одамзотга маълум бўлган само жисмларидан энг думалоғи бўлиб чиқди. Бу ҳақдаги мақола Science Advances нашрида чоп этилди.

Фото: © wikimedia.org

Маълумки, марказдан қочувчи куч исталган айланувчи жисмни юқорисидан ва тагидан япалоқлайди. Шунинг учун қутбда Ернинг марказидан унинг сиртигача масофа экватордагидан 21 км га кичик. Шу сабабли шимолий космодромлардан учирилувчи "Протон" ракетаси орбитага экватордан учгандагидан анча камроқ юк олиб чиқади. Қутбларда нафақат Ер, балки Қуёш ва бошқа юлдузлар ҳам япалоқланган. Бошқа тизимларда вазият қандай эканлигини аниқлаш учун немис астрофизиклари астросейсмологик маълумотлардан фойдаланишди. Астросейсмология юлдузлар сирти тебранишларини таҳлил қилади. Ҳар битта бундай тебраниш юлдузнинг ёруғланиши бироз ўзгартиради. 

Олимлар кузатиш учун радиуси 1,5 млн км келадиган ва Қуёшдан икки марта оғирроқ Кеплер 11145123 юлдузини танлашди. Олимлар юлдузнинг қутб ва эквотариал радиусидаги аниқ фарқни билиш учун унинг экваторидаги қуйи кенгликлардаги тебранишларга таъсирчанроқ бўлган ёруғлик тебранишларини танлаб олдилар. Сўнгра улар юқори кенгликлардаги жараёнларга таъсирчанроқ бўлган тебранишлар частотаси билан таққосланди. Қуйи кенгликлардаги тебранишларга кўра юлдузнинг экваториал радиуси, юқори кенгликлардаги тебранишларига кўра эса қутб радиуси аниқланди.

Олимлар 4 йил ичидаги маълумотлардан фойдаланиб, бундай катта масофа учун катта ўлчаш аниқлигига эриша олдилар. Маълум бўлишича, юлдузнинг қутб радиуси унинг экваториал радиусиникидан бор-йўғи 3 км га кичик бўлиб чиқди. Бу юлдуз жуда улкан бўлиб, кўндаланг кесими 3 млн км га тенг, яъни Қуёшдан 2,24 марта катта. Бундай катта ўлчамларга нисбатан 3 км га япалоқланганлик жуда кичик миқдордир. Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, Қуёш бу юлдузга нисбатан каттароқ япалоқликка эга. Унинг қутб радиуси экваториал радиусиникидан 10 км га кичик.

Олимларнинг фикрича, улкан юлдузнинг япалоқлиги кичиклиги унинг секин айланиши билан шартланган. Таъкидланишича, олис юлдуз ўз ўқи атрофида 80 кун ичида бир марта, Қуёш эса 27 кунда бир марта тўлиқ айланади.