Қирғизистонда Конституцияни ўзгартиришга доир референдум ва маҳаллий сайловлар ўтказилмоқда
11 декабрь, якшанба куни Қирғизистонда умумхалқ референдум ўтказилмоқда — мамлакат фуқаролари Конституцияга ўзгартириш киритиш учун овоз беришмоқда. РИА "Новости" шу мавзуда сўз юритди.
Референдум жамиятда қизғин баҳсга сабаб бўлди: ўзгаришлар тарафдорларининг маълум қилишича, бу ўзгаришлар парламентаризмни мустаҳкамлашга йўналтирилган, уларнинг рақиблари эса президент Алмазбек Атамбаевнинг атрофидагилар шу тариқа ҳукуматни ўз қўлида сақлаб қолишга уринаётганлигини таъкидлашмоқда.
Референдум билан бир вақтда қатор аҳоли пунктларида маҳаллий кенгашлар сайловлари ҳам бўлиб ўтади.
Яна ўзгаришми?
Жорий Конституция Асосий қонунининг Қирғизистон мустақилликни қўлга киритгандан кейинги (25 йил) саккизинчи вариантидир. Матн 2010 йилнинг апрелидаги давлат тўнтарувидан икки ой ўтиб қайта тузилган. Конституция лойиҳаси Венеция комиссиясининг халқаро экспертизасидан ўтган ва 2010 йилнинг ёзида умумхалқ референдум пайтида сайловчиларнинг 90 фоиздан ортиғи овози билан қабул қилинган.
Матнда мамлакат Асосий қонунини 2020 йилгача ўзгартиришни тақиқловчи пункт мавжуд.
Конституцияга янги ўзгаришларнинг киритилиши Жўқорғу Кенешдаги (парламентдаги) ҳукмрон коалициянинг таназзулига сабаб бўлди. Октябрнинг охирида референдум ташаббускорларидан бири Қирғизистоннинг социал-демократик партияси (ҚСДП) парламент кўпчилиги таркибидан чиқиш ҳақида маълум қилди, бу ҳукуматнинг истеъфосига олиб келди. Янги коалицияга референдумга қарши икки асосий рақиб - "Ата-Мекен" ва "Онгугуу-Прогресс" фракциялари киритилмади.
Бир қатор йирик сиёсатчилар, шу жумладан собиқ президент Роза Отунбаева ва жорий Конституция "отаси" Омурбек Текебаев ўзгаришларга қарши чиқишди.
Нима учун овоз беришмоқда?
Сайловчиларга берилган саволга "ҳа" ёки "йўқ" деб жавоб бериш таклиф этилади. Савол: "Жўқорғу Кенеш томонидан лойиҳаси референдумга қўйилган ҚР Конституциясига ўзгаришлар киритиш ҳақида"ги қонун қабул қилинсинми?"
Муаллифларнинг фикрича, Асосий қонундаги ўзгаришлар тўрт блокдаги муаммолар ечимини топишга қаратилган: ҳукумат тармоқлари орасидаги ўзаро ҳамкорлик тамойилларини аниқлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд тизими ислоҳотлари, қирғиз жамиятида юксак қадриятлар тизимини шакллантириш ва давлат тили (қирғиз тили) ҳамда расмий тилдаги (рус тили) матнлар ўртасидаги номувофиқликни бартараф этиш.
Тўғирлашлар Конституциянинг жами 30 моддасига тегишли бўлади. Хусусан, Асосий қонундан республикани инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро органларнинг қарорларини бажаришга ундовчи норма олиб ташланади. Бундан ташқари, бир жинсли никоҳларни тақиқловчи пункт киритилади. Мамлакат суд тизимига тегишли ўзгаришлар ҳам йирик блокка киради.
Энг аҳамиятга молик ўзгаришлардан бири бош вазир ваколатларини кенгайтириш ҳисобланади. Хусусан, ўзгаришлар вазирлар маҳкамаси раҳбарининг президент фикридан қатъи назар, вазирлар, шунингдек давлат маъмуриятлари раҳбарини (маҳаллий кенгашлар иштирокисиз) тайинлаш ва ишдан бўшатишни кўзда тутади. Бундан ташқари, бош вазир давлат бюджети харажатларини оширишга йўналтирилган ҳар қандай қонун лойиҳасини блоклаш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Конституцияга ўзгаришлар киритишга қарши томоннинг фикрича, Атамбаевнинг атрофидагилар шу йўл билан ҳукуматни ўз қўлларида сақлаб қолишмоқчи. Улар бош вазир ваколатларини кенгайтиришга қаратилган моддалар 2017 йил охиридан, яъни Атамбаевнинг президентлик муддати тугагандан кейин кучга киритилиши режалаштирилганига ишора қилишмоқда.
Конституцияга кўра, Қирғизистон президенти фақат бир марта олти йиллик муддатга сайланиши мумкин, лекин бош вазир лавозимига истаганича даъвогарлик қила олади.
Шунга қарамай, президент бир неча маротаба бош вазир лавозимига даъвогарлик қилмаслигини маълум қилган.
Овоз бериш жараёни
Қирғизистон ҳудудидаги барча сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 8:00дан 20:00гача фаолият кўрсатади.
Овоз бериш жараёнида рўйхатга олинган фуқароларнинг 30 фоиздан ортиғи (855,3 мингдан зиёд киши) қатнашса, референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланади.
Фақат рўйхатга киритилган сайловчилар ва ички паспорт - ID-card'га эга кишилар овоз беришда қатнашиши мумкин. Бошқа ҳужжатлар қабул қилинмайди.
МСК мамлакатдан ташқарида 35 сайлов участкасини очди.
Тарғибот ишлари овоз беришга 24 соат қолганда, яъни 10 декабрь соат 8:00да тўхтатилди. МСК маълумотларига кўра, "жимлик куни" қонунбузарликларсиз ўтган.
Қонунга кўра, МСК референдумнинг расмий хулосаларини овоз берилган кундан бошлаб, 35 кун ичида эълон қилиши керак.
Кузатувчилар
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, аккредитациядан ўтган кузатувчилар орасида - МДҲ миссияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, хорижий мамлакатларнинг Қирғизистондаги элчихоналари вакиллари ва турли мамлакатларнинг МСК делегациялари бўлиши маълум қилинган.
Шуниси диққатга сазоворки, рўйхатда ЕХҲТ кузатувчилар миссияси йўқ. Қирғизистон МСК ва ЕХҲТ томонидан бу қарорга ҳеч қандай изоҳ берилмади. Таъкидлаш жоизки, мамлакатда Марказий Осиёда ягона ЕХҲТ маркази ва ЕХҲТ академияси фаолият юритади.
Сайловлар
Экспертларнинг сўзларига кўра, 11 декабрь яқинлашгани сари сиёсий қизиқиш даражаси референдумдан маҳаллий сайловлар томон силжиди. Сайловлар шу куни республиканинг 405 аҳоли пунктида бўлиб ўтади.
МСК маълумотларига кўра, шаҳар кенгашларининг 595 ўрнига 35 сиёсий партиядан тахминан 7,2 минг номзод даъвогарлик қилмоқда.
Экспертларнинг тахминларига кўра, овоз беришда асосий қонунбузарликларни айнан маҳаллий сайловлардан кутилмоқда. Кузатувчилар ҳозирнинг ўзидаёқ сайловчиларнинг "сотилганлиги" ҳақида маълум қилишмоқда.
Мавзуга оид
23:01 / 06.11.2024
Қатар аҳолиси парламент сайловларидан воз кечишга овоз берди
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024
Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
19:40 / 05.11.2024