Сурхондарёдан мактуб: “Одамлар чироқсиз яшашга маҳкумми?”
Жамиятда учраб турувчи муаммолар, аввало, давлат тараққиётига тўсқинлик қилади. Агар у табиий бўлса, майлига, аммо мавжуд имкониятлардан самарали фойдалана билмаслик ёки раҳбарларнинг ўз мансабига совуққонлик билан ёндашишлари, сансоларлик, бюрократизм аломатлари сингари иллатлар сабаб пайдо бўлган бўлса, бунга, албатта, кимдир айбдор бўлади.
Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида учраб тураётган айрим муаммолар, хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви, электр таъминоти ва табиий газ билан таъминлаш сингари вазифалар керак ва зарур вақтида амалга оширилмаяпти. Бунга кимнидир айбдор қилиш бизнинг юмушимиз эмас, зеро халқ вакилларининг ўзи бунга ўз баҳоларини беришмоқда.
Сайтимизга йўлланган мактуб ана шу мавзуда сўз юритишимизга сабаб бўлди. Эътиборингизга мазкур хатни асл ҳолича тақдим этамиз, хулоса чиқариш эса сиздан.
“Ассалому алайкум, ҳурматли kun.uz таҳририяти. Мен Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларидан бўлмиш Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани, Дўстлик маҳалласида яшайман. Бу хатни ёзишимдан мақсад Қумқўрғон тумани, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси электр таъминотисиз қанчалик қийналишаётганини айтиб ўтмоқчиман.
Асос шуки, бирор юмуш билан банкка борсангиз, электр токи йўқлиги сабаб одамларнинг, тадбиркорларнинг иши орқага сурилади, соатлаб кутишга тўғри келади. Нафақат мен балки бутун Қумқўрғон халқи шу нарсадан азият чекади. Наҳотки бутун шаҳарни электр токисиз қолдириш инсофдан бўлса? Маҳалла оқсоқоллари ва бошқа мутасадди ташкилот вакилларининг бу ҳолат билан иши йўқ. Чунки бу манзарага ўрганиб қолишган. Шаҳримиз йўллари даҳшатли даражада зимистон.
Тошкентдан бирор текшириш келса, фақат шаҳарнинг янги қисмига ёки шаҳар ҳокимияти томонга боради. Шаҳардаги аҳвол билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Маҳаллий аҳоли бу муаммоларни ҳал қилиш учун югуравериб чарчади. Электр таъминоти бўйича тегишли идорага қўнғироқ қилинса, “биз энергияни тежаяпмиз”, дейишади. Халқни қоронғуда қолдириб, азоблаб тежашдан нима наф? Энди бир очиқ гапни айтсам, менинг бу илтимосимни шаҳар ҳокими эшитмайди ҳам. Чунки у “улуғ инсон”нинг вақти йўқ. Халқнинг дардини эшитмайди. Ахир қаерда бўлса ҳам раҳбар зоти ўз халқи учун фаровон ҳаёт қуриши керак эмасми? Қачонгача бизнинг туманимиз, балки Сурхондарёнинг чекка туманлари нурсизликдан азият чекади? Сурхондарё халқи билан ҳеч кимнинг иши йўқми?
Бу гаплар ўз кучини кўрсатмас, аммо Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида яшовчи одамлар ҳеч бўлмаса Қумқўрғондаги ҳолатни билиб оладилар. Ишонаманки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да бу муаммоларнинг барчаси барҳам топади”.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни Навоий вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов Сурхондарё вилоятига янги ҳоким этиб тайинланган эди.
Мавзуга оид
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
16:35 / 26.11.2024
Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024