Light | 20:13 / 20.12.2016
13767
6 дақиқада ўқилади

"Чегара билмас шифокорлар": 45 йиллик профессионал ва беғараз хизмат

Фото: © Spencer Platt/Getty Images

Жаҳонга машҳур "Чегара билмас шифкорлар" (фр. Medecins Sans Frontieres (MSF) халқаро ташкилоти 1971 йилнинг 20 декабрида, Нигерияда давом этаётган фуқаролик уруши фонида Париж шаҳрида бир гуруҳ шифокорлар ва журналистлар томонидан яратилди. Ўзининг деярли ярим асрлик хизмати давомида MSF бутун дунёдаги муҳтожларга тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда. ТАСС агентлиги шу ҳақида маълумот билан улашди. 

"Чегара билмас шифокорлар" мутахассислари MSF ходимларининг қандай қийинчиликларга дуч келаётгани ва шифокорларнинг қайси хислатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритишди. 

Стрессга тайёр туриш

MSF'да ишлаш мутахассиснинг ҳамма нарсага тайёр туришини кўзда тутади: жой ўзгартириш, ҳар қандай об-ҳаво шароитлари, тинимсиз хизмат кўрсатиш ва бутун дунё кишилари билан осон мулоқотга киришиш. Бу ҳақида ташкилотнинг молиявий координатори Майя Теренина маълумот берди. 

"Мен MSF'га 1991 йилда, ташкилот эндигина Россияга кўчиб ўтганда ишга кирдим. Дўстларим мени кўнгиллилар қаторида хизмат қилишга чақиришди. Мен хизматни Москвада бошладим, кейин эса бошқа мамлакатлардаги лойиҳаларга экспат сифатида йўл олдим".

Майя Теренина

Теренинанинг сўзларига кўра, унда энг катта таассурот қолдирган жой - зилзиладан кейинги Покистон бўлган. У Покистонга 2005 йилда - даҳшатли зилзиладан 10 кун ўтиб борган. 

Майя Теренина жамоадаги муҳит иш шароитига боғлиқ, деб ҳисоблайди.

"Миссия қанчалик қийин бўлса, жамоадаги муносабатлар шунчалик осон кечади. Инсонлар фавқулодда вазиятларда ўзларини энг яхши томондан намоён этишади", - дейди Майя. 

Унинг фикрича, MSF ходимининг энг муҳим уч хислати - шахсий сиёсий ва диний қарашларга тобеъ бўлмаслик, мулоқотга киришиш хусусияти ва стрессга чидамлилик.

Жамоада ишлаш

Дунёнинг 60дан ортиқ мамлакатида MSF'нинг турли соҳалари - тиббиётдан тортиб то муҳандислик ва маъмурий фаолиятгача - 30 мингдан зиёд киши хизмат қилади. Шифокор-жарроҳ Ярослав Свиридов нима учун бу ташкилотга келгани ва иш жойидаги ўзига хос муҳит ҳақида сўзлаб берди.  

"Тўғрисини айтсам, MSF қаторига қўшилмасимдан аввал инсонпарварлик омили мен учун биринчи ўринда бўлмаган. бу пайтга келиб, ҳаётимда ниманидир ўзгартириш истаги пайдо бўлганди. Гуманитар ташкилотда ишлаш мен учун барчасини қайтадан бошлашга имкон берди". 

Ярослав Свиридов

Унинг сўзларига кўра, юқори жисмоний ва руҳий зўриқиш туфайли жарроҳлар ва анестезиологлар миссияси давомийлиги 3 ойдан ошмаслиги керак. Бироқ Ярослав 5 ойлик сафарда ҳам бўлган. 

"Менга ҳаммасидан ҳам ҳарбий ҳаракатлар ва гуманитар фожиалар содир бўлган жойлардаги инсонларнинг азоб-уқубатлари ёмон таъсир қилган", - дейди Свиридов. 

Жарроҳнинг иш куни палаталарни кўздан кечириш ва операциялар ўтказишдан иборат. MSF миссиясида Ярослав асосан "иш-база, база-иш режимида яшаган", бироқ фавқулодда ҳолатлар ҳам бўлган. 

"Фавқулодда ҳолатлар бўлиб туради, албатта. Масалан, Конгода бизнинг жарроҳлик жамоамиз 12 соатда 14 кесерча кесиш амалиётини бажаришига тўғри келган. Покистонда эса террорчилар ҳужумларнинг бирйўла ўнлаб қурбонлари келиб тушарди". 

Ярослав Свиридов

MSF ходимларига хос бўлган хислатлар орасида Свиридов стрессга чидамлилик ва "қандай ҳолат бўлишига қарамай  енгилмаслик" хусусиятини қайд этди. Биринчи ўринга эса у мутлақо бошқа фазилатни қўяди. 

"MSF ходимининг энг асосий хислати — жамоа манфаати учун шахсий манфаатдан воз кеча олиш. Дейлик, сен ўз соҳангнинг моҳир устасисан, бироқ жамоа аъзолари билан яхши муносабат ўрната олмасанг, бу жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис MSF'да асосан жамоа бўлиб ишлайдиганлар узоқ хизмат қилади".

Ярослав Свиридов

Авлодлар танлови

Ниҳоят, MSF'да ишлашнинг келгуси авлод танловига таъсири ва Афғонистон маҳаллий аҳолисининг россияликларга муносабати ҳақида — анестезиолог Виталий Зайковский ҳикоя қилади.

"Мен болаларни яхши кўраман ва бошқаларга ёрдам беришда ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ишончим комилки, бошқаларга ёрдам берсам, бу менинг фарзандларимга яхшилик бўлиб қайтади. Менинг севимли оилам бор, улар мени яхши кўришади ва қўллаб-қувватлашади. Фарзандларим ҳам шифокор касбини танлашди, улар келажакда менинг изимдан боришмоқчи". 

Виталий Зайковский

Ҳозирги вақтда Зайковский Афғонистондаги Лашкаргоҳ шаҳрида ва бу унинг MSF сафидаги биринчи миссияси. Виталийнинг ҳар бир куни жарроҳлик амалиётлари, анестезиологлар тренинги ва ташкилий масалаларни ҳал қилишдан иборат. 

Шифокор-анестезиологни Афғонистондаги фаолияти давомида ажаблантирган нарса - маҳаллий аҳолининг россияликларга дўстона муносабатда бўлганлиги. 

"MSF'даги энг асосий хислатлар — профессионаллик, беғаразлик ва бетарафлик".

Виталий Зайковский

 

Мавзуга оид