Light | 23:40 / 07.01.2017
28859
5 дақиқада ўқилади

Инсонлар яшайдиган энг экстремал жойлар

Қадимдан одамлар табиий сув ҳавзалари яқинида қўним топишни афзал билганлар. Шаҳарларнинг қурилиши учун асосан кенг пастликлар ҳамда дарё ва кўллар соҳиллари танланган. Бироқ баъзи халқлар учун бу масалада сув эмас, балки қимматбаҳо захиралар ва ўз хавфсизлиги биринча ўринда турган. Улар ўз уйларини мураккаб иқлим шароитларига эга ва ғанимлар етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда қуришган. Қалин жунглилар, чекка ороллар ва сайёрамиздаги энг иссиқ ва энг совуқ жойлар уларнинг уйларига айланган. Бундай  одамларнинг ҳозирги авлодларида турмуш учун қулайроқ бўлган жойларга кўчиб ўтиш имкони бўлсада, баъзи сабабларга кўра улар ота-боболарининг маконларини ташлаб кетишни истамайдилар ва аждодлари каби, ҳаёт учун жуда экстремал шароитларга кўникиб яшайдилар. 

Қуйида одамлар яшайдиган шундай экстремал шароитларга эга ҳудудлар келтирилган.

Ява ороли, Индонезия

Мерапи вулқони Индонезиянинг 128 та вулқонидан энг фаоли ҳисобланади. Унда кичик отилишлар йилига 2 марта, йириклари эса 7 йилда бир марта юз бериб туради. 2010 йилдаги шундай вулқон отилиши 353 кишининг умрига зомин бўлганди. Вулқон остида тахминан 500 минг индонезиялик яшайди.

Ла-Ринконада, Перу

Ушбу шаҳар Анд тоғларида денгиз сатҳидан 5100 метр баландликда жойлашган. Бу сайёрамиздаги энг баланд жойлашган аҳоли пунктидир. Одамлар бундай экстремал ҳудудга олтин рудаси учун кўчиб ўтганлар. Шаҳарда канализация ва оқова сувлар тизими яхши ривожланмаган, шу билан бирга шаҳар аҳолиси борган сари кўпаймоқда. 2009 йилда шаҳарда 30 мингга яқин киши яшаган.

Мотуо, Хитой

Бу шаҳарни ташқи дунё билан фақатгина 200 метрлик осма кўприк боғлайди. Бошқа барча йўллар ё кўчкилар, ё селлар билан барбод қилинган. Буддавийлар бу ерни ердаги муқаддас жой деб ҳисоблайдилар. Мотуо аҳолиси 10 минг кишини ташкил қилади.

Черапунжи, Ҳиндистон 

Черапунжи сайёрамиздаги энг ёмғир кўп ёғадиган ва намгарчилик юқори бўлган жойлардан биридир. Бу ерда ўртача ёғингарчилик миқдори йилига 12 минг мм ни ташкил қилади. Мўл ёмғирлар туфайли маҳаллий тупроқнинг ҳосилдорлиги пастдир. Шаҳарча аҳолиси 10 мингдан сал кўпроқни ташкил қилади.

Сан-Педро-де-Атакама, Чили

Атакама чўли Ердаги энг қурғоқчил чўл ҳисобланади. Бу ерда йилига ўртача 1 см ёмғир ёғади. Чўлда ўсимликлар жуда кам, баъзи жойларда умуман йўқ. Шароитларнинг оғирлигига қарамасдан, чўл ўртасида 5 минг киши яшайдиган Сан-Педро-де-Атакама шаҳарчаси мавжуд. 


Верхоянск, Россия

Бу шаҳар дунёдаги энг совуқ шаҳардир. Бу ерда ўртача йиллик ҳарорат -18,6°С ни ташкил қилади. 2014 йил маълумотларига кўра, Верхоянскда 1173 киши яшаган.

Иллоккортоормиут, Гренландия 

Ушбу шаҳар сайёрамиздаги энг шимолий шаҳар ҳисобланади. Унга аввал самолётда, кейин эса вертолёт ёки қайиқда етиб бориш мумкин. Бу ерда узоқ вақт қутб айиқлари, ҳўкизқўйлар ва тюленлар ҳукмронлик қилган. 1925 йилда бу ерларда илк одамлар пайдо бўлган. Айни вақтда шаҳар аҳолиси 500 кишини ташкил қилади.  

Тристан-да-Кунья, Буюк Британия 

Пасха ва Питкэрн ороллари каби бу жой Ердаги энг чекка аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади. Атлантика океанининг жанубидаги архипелаг таркибига кирувчи Тристан-да-Кунья оролига ҳам одам оёғи етган. Унда сут эмизувчи жонзотлар йўқ, яшаш учун эса оролнинг шимолий ёки шимоли-ғарбий қисми яроқлидир. 2008 йилда орол аҳолиси 264 кишини ташкил қилган. 

Питкэрн ороли, Буюк Британия   

Тинч океанининг жанубий қисмида жойлашган Питкэрн ороллари умумий майдони 47 квадрат км бўлган 5 та оролдан иборат. Улардан бирида – Питкэрн оролида доимий равишда одамлар яшайди. Оролда яшаган биринчи одамлар "Баунти" кемасида исён кўтарган денгизчилар ва таитилик аёллар бўлган. 2014 йил маълумотларига кўра, 4,6 квадрат км лик бу оролда 56 киши яшаган.

Даллол, Эфиопия

Бу ҳудуд энг юқори ўртача йиллик ҳароратга эга ҳамда сайёрамизнинг энг чекка жойларидан бири ҳисобланади. Бу ерда йўллар йўқ, унга фақат карвон йўллари билан етиб бориш мумкин. Бу ҳудудда аниқ қанча одам яшаши номаълум.

 

Мавзуга оид